Айни пайтда Қарши шаҳрида қор ёғиши давом этмоқда. Бу ҳолат футбол ишқибозларини бироз хавотирга ҳам солиши турган гап.
“Марказий” стадионимиз ходимлари бу об-ҳавога тайёрмиди? Шунга аниқлик киритиш мақсадида, “Марказий” стадионимизнинг директори Бахритдин ака Эгамбердиевни суҳбатга тортдик.
-Бугун Қаршида ноқулай обҳаво бўлиши, яъни қор ёғиши бизга аввалдан маълум эди. Фаолиятимиз юзасидан синоптикларнинг маълумотидан доимо хабардор бўлиб турамиз. Албатта, “Марказий” стадионимизда қиш фаслидаёқ катта футбол учрашуви бўлаётгани қувонарли ҳол. Аммо бундай ноқулай об-ҳаво биз учун бироз ташвишли ҳам. Аммо стадионни ўйинга тайёрлаш бу –бизнинг вазифамиз ва бурчимиз. Бундай об-ҳаво мухлисларнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам кайфиятига салбий таъсир қилмаслигига ҳаракат қиламиз. Ноқулай об-ҳавони биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Футбол майдонини ва стадион ўриндиқларни қордан тозалашга барча техникаларимиз ҳамда ишчиларимиз шай ҳолатда туришибди. Эртага 130 нафарга яқин ишчи-ходимларимиз стадионни қордан тозалашга жалб этилади. Айни пайтда стадионимиз футбол майдони махсус қоплама билан ёпилган. Бу қоплама майдонни қордан асрайди. Эртага футболчиларнинг яшил майдонда бемалол ҳаракат қилишларини таъминлаймиз. Мақсадимиз, эртага бўладиган футбол учрашувини байрамдек ўтказиш. Бундай об-ҳаводан футбол ишқибозлари ҳеч қандай хавотирланмасликларини сўрайман. Ҳозир юртимизда қиш фасли. Мухлисларнинг эса иккиланмасдан стадионимизга ташриф буюраверишларини сўраган бўлар эдим.
Учрашувга чипталар сотуви давом этмоқда. Мабода кимдир чипта харид қилишга улгурмаган бўлса, марҳамат чипта харид қилаверишсин. Бундай учрашувни бевосита стадионга келиб томоша қилишга нима етсин.
“Марказий” стадионимизга марҳамат қилинг. Мақсадимиз, эртага бўладиган футбол учрашувини байрамга айлантириш.