Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ғалабамиз ҳам футболимиз каби улғаймоқда

Баҳо:
+ | -

Қор қўйнида лола. Бодом қишда гуллади. Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси...

Булар - халқимизнинг ардоқли фарзандлари Абдулҳамид Чўлпон, Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов қаламига мансуб ғайритабиий воқеаликка муносабатни ифодаловчи сарлавҳалар.

Демоқчимизки, фидойи халқимиз азал-азалдан ғайритабиий воқеликка кўниккан ва ноодатий машаққатларни ҳамиша мардонавор енгган. Ўтган шанба куни қор қўйнида бошланган футболни кўриб, таниқли ижодкор Темур Тўрабоев «Ё парвардигор!

Энди нима бўлади?!» деб юборди беихтиёр. Финал томошаси сабаб, пойтахт сафарини қолдирган ёзувчимизни тинчлантирдик: «Бизникилар айнан қийинчиликлар қаршисида ғайритабиий ва қудратли кучга айланишади.

Бундай вазиятларда бирлашиш қонимизда бор. Жамоамиз руҳан ғалабага тайёр. Қиш фаслидан қониқмаётган халқимиз каби футболчиларимиз ҳам қордан завқланишади».

Гарчи футболда шунчаки, завқ эвазига ғалаба қозониб бўлмаслигини билсакда, бошқа мухлислар қатори бизни ҳам майдондаги мураккаблик беҳад руҳлантирди.

Ёш футболчиларимизни эса кучли қор қўрқитмади, танага игнадек санчиладиган совуқ дийдиратмади. Эрта баҳорда тоғлардаги қорлар бағрида қуёшни олқишлаб очиладиган лолалар янглиғ футболчиларимиз чин юртида ҳукм сурган ноқулай об-ҳаводан оромланишди.

Улар Австралия, Ироқ, Қатар каби авангард термаларни енгган ва «Тошдек қаттиқ чақилмас бодом», деб таърифланган Вьетнам жамоасини тантанавор тарзда таслим қилишди.

Мухлислар бутун ўйин давомида бир-бирларига таажжуб ила боқишди. Ҳамкасбларимиз ҳаммани ҳайратлантириб, учрашувни хотиржам кайфиятда шарҳлашди. ЎФА ҳам ҳеч бир иккиланмай, «Ўзбекистон» спорт мажмуасида байрамона томошани ташкиллади.

«Рустам Ашурматов - бизнинг Серхио Рамос!» деди биринчи голдан сўнг ҳаяжон билан «Барселона» мухлиси Ғуломжон Ҳамидов еврофутболни унутиб. «МЮ» ашаддий мухлиси Дониёрбекнинг ўйин қизиган чоғ қўнғироқ қилганидан заррача ранжимадик. У «Достон Турсунов - мен учун қоя мисол Кьеллини?!» дея ҳайқирди «қизил иблислар»ни нари суриб.

Узоқ Сайхунободдан Аҳмаджон ака SMS йўллади: «Олтин жамоа!» Ўрта ва кекса авлод вакиллари Уйғуннинг лирик қаҳрамони Назир отани эслашди ва «Қор ёғса, бизга нима, тош ёғмаяпти-ку!» дейишди футболчиларимизни дуо қилиб.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган ғалаба ҳуштаги янгради ва яқиндагина юз берган фожеадан изтироб чекаётган кўнгиллар сел бўлди. Ижтимоий тармоқлар шеърга тўлди. Шоир Тўра Мирзо шундан ёзди:

Чин тарафдан мужда келди чин,

Ёришгандай бўлди тун ичим,

Ёвқур, ёвқур ёш футболчилар,

Қайтарди тарк этган севинчим.

 

Ботиржон Эргашев эса кўпчиликнинг кўнглидаги мулоҳазани шеърга кўчирди:

Юракдан тарқади така-тукалар,

Ҳадикни кабобдай сихлаб қўйдингиз,

Борингизга шукр, яшанг укалар,

Эгилган қаддимиз тиклаб қўйдингиз.

Нима бўлди ўзи? Нега финал баҳсини барча ҳадик-хавотирсиз байрамона нишонлашга шайланди?

Мана, ҳозир ёдимизга тушмоқда, Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида вакилларимиз АҚШ термаси устидан ғалаба қозонишгач, бугун таваллудининг қутлуғ 80 йиллиги тантанали нишонланаётган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ушбу хабар «Халқ сўзи» газетасининг 1-саҳифасида эълон қилиниши лозимлигини тайинлагани мухлисларни тўлқинлантирганди.

Турнир ярим финалидан кейин Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин мамлакатимиз раҳбарини ажойиб ютуқ билан табриклади. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай эътироф ва эҳтиромдан мухлислар қалбидаги шодлик-фахр дарёси тўлиб-тошди.

Тактика ва маҳорат ўз йўлига. Бу икки жиҳатсиз футбол ўйналмайди, ўйнаб бўлмайди. Ана, «Ливерпуль» ҳарчанд уринмасин, «Вест Бромвич»нинг иродаси боис, Англия кубогини тарк этди.

Ирода ва қатъият сабаб, аутсайдер СПАЛ кураша-кураша кучли «Интер»дан, ғалабага зориққан жамоадан бир очко тортиб олишга эришди. Лучано Спаллеттининг тактикаси ва маҳорати иш бермади навбатдаги учрашувда ҳам.

Хитойдаги турнир финалида ҳам тактика ва маҳоратдан устун, таърифларга сиғмас бир бошқача ўйин бўлиши аввалдан кутилаётганди. Жанубий Корея президентининг юксак эътирофи баробарида финал арафасида ЎФФ номи ва раҳбари ўзгарди. ЎФА президенти Ачилбай Раматовнинг сўзлари футболимиздаги ислоҳотлар янада шиддатли тус олишини англатди.

Футболчиларимиз финал баҳсини мана шундай фавқулодда эътироф ва ўзгаришлар хабаридан қувватланиб, бошлашди. Йўқ, улар аслида янгиланаётган, ҳар жабҳада кучга тўлиб бораётган Ўзбекистон бўлиб майдон тушишди.

Вьетнам терма жамоаси нақадар иродали ва тиришқоқ бўлмасин, кўтаринки кайфият, улуғ масъулият ва ғалабага муносиблик иштиёқи қолган барча жиҳатлардан устун чиқди. Россия спорт жамоатчилиги айни кунларда Мюнхенда бўлиб ўтган ёзги Олимпиадада АҚШ баскетболи устидан қозонилган тарихий ғалаба таъсирида юрибди.

Ўша финал учрашувидаги журъат ва қатъият ҳақидаги фильмни қайта-қайта томоша қилишдан зирикмаяпти. 2018 йил 27 январдаги финал баҳси ҳам футболимиз тарихига феномен ҳодиса сифатида ёзилажак. Қайси ўйин майдон тўла қорда бошланган? Қайси баҳсда танаффус шу қадар узоқ чўзилган?

Футболчиларимиз қачон чорак ва ярим финалда Япония ҳамда Ж.Корея термаларини умумий 8:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олишган? Терма жамоамиз мураббийларидан ким ғалаба қозониш учун умидбахш таваккалга қўл урган? Юқоридаги саволлар бугун янгилаётган ва янгиланишдан яшнаётган футболимиз билан юзма-юз.

Бу саволларга жавоблар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг футболчиларимизга йўллаган табригида ўз аксини топди, назаримизда. ОФК президентининг қутлови эса футболимиз мартабаси халқаро миқёсда яна бир бор юқорига кўтарилганини тасдиқлади. Ижтимоий тармоқлардаги мақтов ва қутловлар бу расмий эътирофни тасдиқлаб, қайта-қайта муҳр босмоқда.

Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, хаёлан «Пахтакор» ва «Насаф» футболчиларига юзланамиз. Ҳар икки жамоа зиммасида Осиё чемпионати ундирган шукуҳ ғунчасини авайлаш, ОЧЛ гуруҳ босқичида «Локомотив»ни ёлғизлатмаслик миссия турибди. Масъулияти оғир миссия, тўғрими? Лекин бу юкни кўтаролмайдиганлар баҳсга бел боғламайдилар...

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:00, 31.01.2018.
Ўқилди: 3392 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.