Эҳтимол, «Барселона»нинг энг яхши таркиби Пеп Гвардиола даврида бўлгандир?!
Ўшанда клубнинг етакчи футболчилари маҳаллий академия тарбияланувчилари эди. Хави, Иньеста, Бускетс, Пике, Педро, Пуйоль ва Мессилар клубга болалик пайтларида келибгина қолмай, муваффақиятли фаолиятга замин ярата олишди.
Сўнгги йилларда эса «Барса» мухлислари ротация масаласига ўзгача ёндашувнинг гувоҳига айланишмоқда. Хавининг ўрнига хорватиялик ярим ҳимоячи Иван Ракитич келди, клубга бразилиялик Неймар ва уругвайлик Луис Суареснинг келиб қўшилиши эса Педронинг асосий таркибдан сиқиб чиқарилишига сабаб бўлди.
Ўтган йилнинг ёзида буюк Андрес Иньестанинг ўрнига ким келиши ҳақида кўплаб гап-сўзлар урчиди, ахир 33 ёшли даҳонинг ўйинга таъсири йил сайин камайиб бораётгани маълум-ку.
Таклиф этиладиганлар рўйхатига тушганлар орасида Филиппе Коутиньо («Ливерпуль») ҳамда Марко Верратти («ПСЖ»)лар бор эди. Улардан бири қишки трансферлар ойнасида Каталонияга кўчиб ўтди.
Мазкур ҳолатда Тьяго Алькантара масала ечимида муҳим ўрин тутиши ҳам мумкин эди, лекин Ла масия тарбияланувчиси 2013 йилдаёқ «Бавария»га пуллаб юборилганди.
Ўта бой тарихга эга «Барселона»нинг бундай муаммоларни ҳал қилишда энг аввало, асосий эътиборини «Барселона Б»даги ёш иқтидор эгалари ёки Хувенилга қаратиши эҳтимол тўғри бўлар. Бироқ мухлислар кутишни исташмаётган ҳозирги пайтда клуб таваккалга қўл уролмасди.
Шунга қарамай, Эрнесто Вальверде жамоаси остонасида турган ёшлар орасида Карлес Аленьядек футболчи борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим.
Аввалги йили ўринбосарлар таркибидаги ажойиб ҳаракатлари билан барчани қойил қолдирган 19 ёшли йигит асосий жамоада ҳам бир неча бор майдонга тушишга улгурди.
Карлес Аленья ким ўзи?
Карлес Аленья 7 ёшлигида кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, «Барселона» тизимига келиб қўшилди. У Ла масия таркибида ўсиб борди ва 2015 йили - 17 ёшида «Барселона Б»да ўйнади.
Ярим ҳимоянинг ҳар икки қанотида ўзини яхши томондан кўрсата билган Аленья 18 марта бошланғич таркибда майдонга тушди, 2 бор рақиблар дарвозасини маҳв этди.
Плеймейкер шунингдек, Испаниянинг турли ёшдаги термаларига жалб қилинди ва ҳатто U-19 миллий термани сардор сифатида майдонга бошлаб чиқди.
Июнь ойи охирларида имзоланган 3 йиллик шартномага қадар Аленьянинг Англияга кўчиб ўтиши тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди. «Манчестер Юнайтед», «Тоттэнхэм», «Эвертон» ва «Ньюкасл» унга қизиқиш билдиргандилар.
Аленья 3 марта «Барселона»нинг асосий жамоаси сафига захирадан майдонга туширилди ва ҳозирча ягона бўлиб турган голини Қирол кубоги доирасида ўтказилган баҳсда «Эркулес» дарвозасига урди.
Ўйин услуби
«Марадона» тахаллусини олганига қарамай, Аленьянинг ўзи кўпроқ Иньестага ўхшаб ҳаракатланишини айтади. Фанатлар томонидан бундай аталишига сабаб - ташқи кўриниши ва жисмоний томондан аргентиналик афсонага ўхшайди.