Айни дамда Европа Чемпионлар лигаси қизиқ паллага кирди. Нимчорак финал ўйинлари орасида эса “Челси” — “Барселона” тўқнашуви ўзига хос аҳамият касб этади. Чунки бу рақиблар олдин ҳам кўп бора тўқнашишган. Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
1999-2000 йилги мавсум, ЕЧЛ, чорак финал
«Челси» - «Барселона» - 3:1
«Барселона» - «Челси» - 5:1 (қўшимча таймлар)
Мазкур тўқнашувлардаги биринчи ўйин жуда ажойиб кечганди. “Аристократлар” кутилмаганда ғалаба қозонишганди. Ўшанда Золанинг жарима зарбасидан урган голи ҳамда Туре Андре Флунинг 30 ва 38-дақиқаларда киритган тўплари “Челси”нинг йирик ҳисобда олдинга чиқиб олишини таъминлаганди. Бироқ танаффусдан кейин Фигу ҳисобни қисқартирди ва “Барселона”нинг имкониятларини сақлаб қолди.
“Камп Ноу”да эса ҳаммаси мезбонлар учун яхши бошланганди. Ривалдо Фигунинг голлари каталонияликларнинг кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал қилгандек эди, бироқ яна ўша Флу гол урди ва “Барселона”нинг вазиятини оғирлаштириб қўйди. Бироқ ўйин якунланиш арафасида мезбонлар гол киритиб, иккита ўйин натижасига кўра дуранг бўлишига эришишди. Натижада ҳакам қўшимча бўлимлар белгилади. Қўшимча бўлимларда эса Ривалдо ва Клюйвертларнинг голлари барча масалани узил-кесил ҳал қилди, “Барселона” ярим финалга чиқди.
ЕЧЛ 2004-2005, 1/8 финал
«Барселона» - «Челси» - 2:1
«Челси» - «Барселона» - 4:2
Ушбу мавсумда ЕЧЛ финал босқичининг дастлабки туридаёқ “Челси” ва “Барселона” ўзаро тўқнаш келишганди. Моуриньо учун бу ўзига хос ўйин эди, чунки у ўтган асрнинг 90-йилларида “Барселона”да Бобби Робсоннинг таржимони бўлиб ишлаган ва бу клуб ҳақида кўп нарсани биларди.
Унинг жамоаси биринчи ўйинда мағлуб бўлди. Гарчи дастлаб “Барселона” ҳимоячиси Беллетти ўз дарвозасига гол киритиб қўйган бўлса-да, кейинчалик Лопес ва Это’Онинг голлари Каталония клубига ғалаба келтирди.
«Стэмфорд Бриж»даги жавоб учрашувида эса “аристократлар” умуман бошқача ўйин кўрсатишди. Матчнинг 8-19 дақиқалалари орасида мезбонлар учта тўп киритишди. Бу Моуриньо жамоасини кейинги босқичга олиб чиқарди, бироқ Роналдиньонинг дубли вазиятни кескин ўзгартириб юборди. Энди “Барселона” чорак финал остонасида турарди. Лекин якунда, барибир, Моуриньонинг омади кулди, ўйин якунида Жон Терри бурчакдан йўлланган зарбани голга айлантирди ва “Челси”ни кейинги босқичга олиб чиқди.
ЕЧЛ,2005/2006, 1/8 финал
«Челси» - «Барселона» - 1:2
«Барселона» - «Челси» - 1:1
Бу галги дуэллар «Стэмфорд Бриж»да бошланди ва кутилганидек, автоголларсиз ўтмади. Дастлаб “Челси” стандарт вазиятдан ҳисобни очган бўлса, “Барселона” Жон Террининг автоголи эвазига ҳисобни тенглаштирди. Самуэль Это’Онинг голи эса якунда “Барселона”га ғалаба келтирди.
“Камп Ноу”даги жавоб баҳсида эса дуранг қайд этилди. Шу мавсумда “Барселона” финалга чиқди ва финалда “Арсенал”ни мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.
ЕЧЛ,2006/2007, гуруҳ босқичи
«Челси» - «Барселона» - 1:0
«Барселона» - «Челси» - 2:2
Бу сафар бу икки клуб гуруҳ босқичида ўзаро рақиб бўлишди. Дастлаб Лондонда кечган баҳсда “Челси” ғалаба қозонган бўлса, Каталонияда жанговар дуранг қайд этилди. Табиийки, гуруҳдан иккала жамоа кейинги босқичга йўл олди.
ЕЧЛ,2008/2009, ярим финал
«Барселона» - «Челси» - 0:0
«Челси» - «Барселона» - 1:1
Мазкур тўқнашув “Барселона” — “Челси” ўйинлари орасидаги энг кам гол урилгани ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ўйинда норвегиялик бош ҳакам бош қаҳрамонга айланди. Каталониядаги дастлабки матч нурсиз дуранг билан якунига етади. Жавоб ўйинида эса Лондонда “Челси” ғалаба қозонаётганди, бироқ Андрес Иньестанинг голи ҳаммасини чиппакка чиқарди. Қизиғи, бош ҳакам бутун ўйин давомида “Барселона” футболчилари томонидан амалга оширилган қўполликларга эътибор қаратмайди. Якунда эса Каталония клуби финалга чиқади ва финалда “Манчестер Юнайтед”ни мағлуб этиб, ЕЧЛ бош совринини қўлга киритади.
ЕЧЛ,2011/2012, ярим финал
«Челси» - «Барселона» - 1:0
«Барселона» - «Челси» - 2:2
Орадан уч йил ўтгач, “Барселона” ва “Челси” яна ЕЧЛ плей-офф босқичида тўқнаш келишди. Бу вақтда “Челси” Виллаш-Боашни истеъфога чиқарган, ўрнига эса Роберто Ди Маттео келганди. Ди Маттео бошчилигида “аристократлар” “Наполи”, “Бенфика”ни доғда қолдиришди. Кейинги рақиб эса “Барселона” эди.
«Стэмфорд Бриж»даги дастлабки ўйинда Дрогбанинг зарбаси “Челси”га ғалаба келтиради. Жавоб ўйинида эса Каталония клуби ҳаммасини жуда ажойиб бошлайди — Бускетс ва Иньестанинг голлари “Барселона”ни 2:0 ҳисобида олдинга олиб чиқади. Аммо дастлаб биринчи бўлимнинг охирларида “Челси” ҳисобни қисқартиради ва рақибини мушкул ҳолатга солиб қўяди. Чунки бу ҳолатда айнан Лондон клуби кейинги босқичга чиқарди. Шу боис “Барселона” бор кучи билан олдинга ташланади, бироқ иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Фернандо Торреснинг голи барчасини амалда ҳал қилади. “Челси” финалга йўл олади ва якунда финалда “Бавария”ни мағлуб этиб, ЕЧЛ кубоги соҳибига айланади.