Тошкентда ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинининг сўнгги кунида “Қизилқум” футболчилари Тожикистон чемпиони, Душанбе шаҳрининг “Истиқлол” жамоасига қарши майдонга тушишди.
Учрашув тенг курашлар остида бошланган бўлсада, кейинчалик ташаббус навоийликлар томонида бўлди. Неманья Йованович, Дониёр Усмонов, Эркин Бойдуллаев томонидан йўлланган зарбаларни меҳмонларнинг легионер посбони Стошич муваффақиятли бартараф этиб турди. Бир вазиятда Григалашвилининг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди.
Иккинчи бўлимда ҳам навоийликлар ташаббусни ўз қўлларида сақлаб туришди. Аммо тожикистонлик футболчиларнинг кам сонли ҳужумларидан бири гол билан якунланди. Сергей Зеньконинг кучли зарбаси “Қизилқум” ҳимоячиларидан бирига тегиб йўналиши бироз ўзгартирди ва дарвозанинг узоқ бурчагига бориб тушди.
Шундан кейин ҳам “Қизилқум” футболчилари ҳужумкорлини сусайтиришмади. 75-дақиқада Эркин Бойдуллаевнинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси рақиб ҳимоячиларидан бирига тегиб, “рикошет” ҳолатида дарвоза тўридан жой олди – 1:1.
Бўлим охирларида навоийликлар сардори жамоасига ғалаба тақдим этиши ҳам мумкин эди. Дарвозабон билан деярли бирга бир вазиятга чиқиб борган тажрибали ярим ҳимоячи тўпни ўзиданда қулайроқда турган шеригига оширишга уринди ва тўп дарвоза устуни олдидан ўтиб кетди. Натижада томонлар учрашувни дуранг билан якунлашди.
Назорат учрашуви. 23.03.2018.
“Қизилқум”- “Истиқлол” (Душанбе) 1:1.
Тошкент. ЖАР стадиони.
Бош ҳакам: Аҳрол Рисқуллаев.
Голлар: Эркин Бойдуллаев (75) – Николай Зинько (67).
“Қизилқум”: Евгений Черемисин, Муҳсин Убайдуллаев, Файзулла Қамбаров, Гиорги Квесиешвили, Шерали Жўраев, Эркин Бойдуллаев, Самандар Шодмонов (Нодирхон Камолов, 46), Миржалол Қосимов, Дониёр Усмонов (Акмал Рустамов, 46, Элгужа Григалашвили, Неманья Йованович (Андрей Сидоров, 80).
“Истиқлол”: Стошич, Барановский, Асроров, Жалилов, Жўрабоев, Назаров, М. Ҳасан, Тихоновецкий, Фатхуллоев, Восиев, Зенько.
“Қизилқум” клуби Матбуот хизмати.