Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Суперлигани қадрлаш мажбурияти

Баҳо:
+ | -

Мамлакатимиз футбол муҳити миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати финал босқичига боролмаслиги туб сабабини узоқ йиллар олий лига савияси билан боғлади.

Ўтган давр мобайнида ички чемпионат кучайса, бош жамоамиз натижалари ўз-ўзидан яхшиланиши қайта-қайта таъкидланаверди.

Мана шу таклиф ва талаблар ижобати сифатида янги мавсумдан эътиборан, ниҳоят, Суперлига ўйинларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бошқача тизимдаги элитанинг дастлабки турини мухлислар катта қизиқиш билан қаршилашди. Жамоалар эса турлича кайфиятда майдонга тушди...

Фикримизча, «Қизилқум» ўз майдонида, «Сўғдиёна» эса сафарда етакчиларга қарши учрашувни қатъий ишонч билан бошлай олмади. Ҳар икки клуб вакиллари гарчи илк дақиқаларда зўр иштиёқ билан тўп сурган бўлишсада, юқори ишонч алангаси тезда сўниб қолди.

Гўёки, улар ўзларини «Барселона» ёки «Реал»га қарши тургандек тутишди. Ҳарқалай, бизда шундай умумий таассурот уйғонди. Очиғи, шу тахлит осонгина таслим бўлиш кайфияти Суперлига табиати ва талабларига мутлақо зид. Ички чемпионатимизнинг янги кўринишдаги элитаси ўткинчи ўйинлар ва ҳавойи мақсадлар учун ташкилланмаган.

Гап фақат «Қизилқум» - «Локомотив» ва «Пахтакор» -«Сўғдиёна» баҳслари натижасида эмас. Исталган жамоа ўз майдонида ёки сафарда рақибга имкониятни бой бериши мумкин. Зеро, ҳеч қайси жамоа мағлубиятдан иҳоталанмаган. Масалан, «Наполи»нинг ўз майдонида «Рома»дан 2:4 ҳисобида енгилишини кўпчилик кутмаганди.

Чунончи, чемпионлик йўлида курашаётган Маурисио Сарри шогирдлари «А» сериясининг навбатдаги турида ўз тарихини янгилашга интилаётган «Интер» майдонига сафар уюштиришади. Совриндорлар сафидан жой олиш ва ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш - «Интер»-нинг бош мақсади. Демак, Милан сафари «Наполи» учун осон бўлмаслиги олдиндан маълум.

Шундай вазиятда Неаполь дружинасининг  «Рома»дан устун келиб, очколари захирасини бойитиб олиши кутилганди. Натижа эса тахминларга мутлақо зид бўлиб чиқди. Аммо бу ҳол неаполликлар баҳсни осонгина бой беришганидан далолат эмас, албатта. Майдонда қизғин кураш кечди.

Дейлик, «Наполи» айниқса, сўнгги дақиқаларда «Рома»ни ҳимояга қамаш асносида ҳисобни қисқартирди. Мағлубиятга учраётган «Қизилқум» ва «Сўғдиёна» ўйинида эса рақобат туйғуси, курашувчанлик кайфияти кузатилмади.

Тўғри, Суперлигада насиба топиш осон эмаслигини ҳар бир жамоа тўлиқ англамайди. Ҳали шундай кунлар келадики, масъулиятсизлик ва кескин рақобатдан қочиш туфайли Суперлигани тарк этган жамоалар йиллар давомида элит гуруҳга қайтиш илинжида қийналади, Про-лигада ўйнаш билан чекланади.

Негаки, қайсидир жамоа бугун Суперлиганинг ҳар бир баҳси қадрли эканлигини чуқур ҳис қилолмаётган бўлса, бошқаси Про-лигада иштирок этиб, аслида элитага муносиблигини исботламоқ ниятида. Хусусан, Ўзбекистон кубоги илк босқичида Про-лига етакчилари томонидан Суперлига вакилларига аёвсиз қаршилик тақдим этилишига ишончимиз комил.

Шунда Суперлиганинг ҳали кўзи уйқуда бўлган клублари балки уйғонар. Ҳарқалай, илк мавсумдаёқ Суперлига иштирокчисига айланиш - ҳамма орзумандларга берилмаган имкон ва бу юксак ишончни қадрламоқ даркор.

Ўйлаймизки, «Қизилқум» ва «Сўғдиёна» кейинги турларда рақибларининг кучи ва савиясидан қатъий назар, фақат ва фақат кучли рақобат туйғуси билан майдонга тушади. Футболчилар шундай шижоат намойиш этишсинки, ҳаттоки, мағлубиятга учрашган тақдирда ҳам, ўйинлари мухлислар ва мутахассисларга таскин берсин.

Зеро, Суперлига ўткинчи учрашувлари билан мухлисларни зериктирган олий лига вориси эмас, балки АПЛдан ранг олишга орзуманд, моҳияти мутлақо янгича мусобақадир.

 Эътироф этиш керак, «Локомотив» дастлабки турда Суперлига етакчиси мақомини ўрнига қўйди. «Қизилқум»ни енгиш жамоага у қадар қийинчилик туғдирмади. Фаворит жамоанинг ўз номига муносиб ўйнаши - футболимиз  бахти. Энди айни етакчилик мақоми ОЧЛ баҳсларида ҳам ўз исботини топишини исташмоқда мухлислар.

«Дуҳайл» кучли рақиб эканлиги барчага аён ҳақиқат. Бироқ «Ал-Ваҳда» шу кучли рақиб билан деярли тенгма-тенг ўйнади, «Локо» эса уни енгилгина енгган Суперлига етакчиси. Демак, «темирйўлчилар»нинг бугунги бош вазифалари - «Дуҳайл» додини бериш асносида Эрондаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлаш.

Бошқа йўл йўқ «Локо» олдида. Жамоа аъзолари «Дуҳайл» итоаткора очко тортиқ қиладиган «Қизилқум» эмаслигини, мухлислар ғалаба кутишаётганини ёдларида тутишсин. Қайсики, жамоа Суперлигада етакчилик қилишга даъвогарми, бўлди, унинг зиммасига халқаро майдонда футболимиз шаънини муносиб ҳимоялаш масъулияти юкланаверади.

Бошқача ифода этсак, Суперлига етакчиси бўлишни чидаганга чиқарган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Локо»нинг Қатарга сафари муваффақиятли чиқишидан умидвормиз. Жамоа мураббийлари балки шу сафар Сардор Рашидовга тўлиқ ишонч билдиришар.

Захирадан майдонга тушавериш эҳтимол, унинг ўзига ҳам ғалати туюлаётгандир. Захирада ўтириш -  бош жамоамиз асосий футболчисига сира ярашмайди. Қолаверса, бу ҳол уни таркибга қўшиб олган «Локо» мураббийларига ҳам асло тўғри келмаса керак.

Умуман олганда, наинки Сардор Рашидов, балки хорижга йўл олган Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов каби футболчиларнинг тақдирлари ҳам мухлисларни ташвишлантирмоқда. Легионерлик мақоми уларнинг маҳорати ошиши учун хизмат қилса-ку майли, бу жараённи ҳамма олқишлайди.

Аммо футболимиз юлдузларининг аста-секин сўниб боришларига жим боқиб туриш мушкул. Табиатда шундай ўсимликлар борки, улар дуч келган тупроқда кўкармайди. Бошқача айтганда, жой танлайди. Унутмайликки, ёш футболчиларимиз табиатида шундай инжиқлик мавжуд.

Истеъдодли йигитни кашф этиш, камол топтириш машаққатларга лиммо-лим муддат эканлигини аввалги мақолаларимизда таъкидлагандик. Шундай экан, уларнинг хорижга юборишда етти марта ўйлаб, кейин бир тўхтамга келиш даркор.

Акс ҳолда, пиширилган ошдан кимлардир манфаат топаверишади, футболимиз эса истеъдодларини йўқотаверади. Иқтидор - миллий бойлик. Бошқа бойликлар қатори уни ҳам асраб-авайлаш - барчамизнинг бурчимиз.

Сўзимиз якунида яна бир мулоҳаза. Айрим учрашувлар худди еврофутболдаги каби соат 20:00да бошланишини мухлислар турлича баҳолашмоқда. 30-40 ёшли футбол ихлосманди ишдан сўнг дам олиш имкони туғилганидан хурсанд.

Ота-онасидан стадионга бориш учун рухсат ололмаган ёш болакай эса бундан хафа. Кечки соат 22:00да тугайдиган ўйинга фарзандини юбормаган ота-онадан ранжиш ноўрин, бизнингча. Оилавий футбол томоша қилиш эса барчага ҳам ёқавермайди. Хуллас, бу масалага оқилона ечим топиш - мутасаддиларга ҳавола.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.  
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:06, 07.03.2018.
Ўқилди: 2507 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.