Айни пайтда фаолиятини Америка Қўшма Штатларида давом эттираётган профессионал боксчимиз Санжарбек Раҳмонов Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди. Боксчимизни МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов қабул қилди.
Суҳбат давомида Умид Аҳмаджонов Санжар Раҳмоновнинг режалари билан қизиқди. Бундан буён Миллий олимпия қўмитаси спортчи учун керакли барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
"Футболда шундай тизим бор. Ўзбекистонлик спортчи хориж клубида ўйнашига қарамай, терма жамоа миқёсидаги ўйинларда бизга ёрдам бериши мумкин. Истаймизки, боксчиларимиз промоутерлар билан шартнома тузишидан олдин нуфузли халқаро турнирларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш бандини ҳам киритсалар. Бундай ҳолатда уларда ҳам амалиёт бўлади, қолаверса Ўзбекистон бокс терма жамоасида рақобат кучаяди. Бугунги кунда AIBA қоидаларга ўзгартириш киритган. Унга кўра, профессионал боксчилар Олимпия ва Осиё ўйинларида ўз терма жамоаларига ёрдам беришлари мумкин. Фақат, бунинг учун боксчилар промоутерлар билан тузиладиган шартномада ушбу бандни киритишлари лозим бўлади", - деди Миллий олимпия қўмитаси раҳбари.
Ўз навбатида боксчимиз ҳам самимий қабул учун МОҚ раҳбарига миннатдорчилик билдирди. Жаҳон ареналарида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришга ваъда берди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати фурсатдан фойдаланиб боксчи билан интервью уюштирди. Яқин кунларда ушбу эксклюзив интервьюни эътиборингизга тақдим этамиз.
Маълумот учун, Санжарбек Раҳмонов айни пайтда афсонавий боксчи Флойд Мейвезерга қарашли промоутерлик компаниясида фаолият олиб бормоқда. У профессионал рингда 11та жанг ўтказган ва шуларнинг 10тасида ғалаба қозонган. Битта жангда эса дуранг қайд этган. У жангларнинг 5тасида нокаут эвазига рақибларини мағлуб этганини алоҳида қайд этиб ўтишимиз лозим.