Унаштирув маросимида Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг рафиқаси Омина Эрдўғон ҳам қатнашишди. Меҳмонлар орасида Арда ва Аслихоннинг яқинлари, дўстлари бор эди. Бу ҳақда туркиялик футболчи «Instagram»даги саҳифасида маълум қилди.
Арда ва Аслихоннинг муносабатлари икки ярим йиллик тарихга эга. Ниҳоят улар бир оила бўлишди. Аммо ёшлар дабдабали тўй қилишни исташмади. Бунга Туркия миллий терма жамоаси футболчиси Суриянинг Африн шаҳри ҳудудида 2018 йилнинг 20 январидан буён давом этаётган «Зайтун новдаси» ҳарбий операциясидан азият чекаётганлар ҳаққи ҳурмати боис шундай қарорга келишганини айтиб ўтди.
Арда Турон «Барселона»га 2015 йилда 34 миллион евро эвазига трансфер қилинганди. Аммо каталонияликлар учун дебют учрашувини олти ой кутишга мажбур бўлди. Янги ёшларни таркибга жалб қилишда ноқонунийликларга аралашгани сабабли клуб ФИФАнинг тақиқловига дучор бўлган эди.
30 ёшли футболчи каталон клуби сафида 55 учрашувда майдонга тушди. Трансфер нархи ва маошини қўшиб ҳисоблаганда, клуб футболчига ҳар бир ўйини учун 1 миллион евро тўлаган.
Жорий мавсумда кўк-анорранглилар либосида бирор дақиқа ҳам ўйнамаган туркиялик футболчи «Барселона»дан «Истанбул» сафига келиб қўшилди. Ҳозиргача миллий чемпионатда 5 ўйин ўтказиб, битта гол муаллифи бўлди.