«Титаник» киносини кўргансиз. Унда катта саёҳатлар учун махсус кема тайёрлашиб, уни «Титаник» деб номлашади. Бу кема учун катта-катта маблағ сарфлашади, унинг ишончли эканига ишонганлар эса «Титаник»да саёҳат қилиш учун ошиқади. Якунда эса «Титаник» айсбергга тўқнашиб, сувга чўкиб кетади. Чунки қанчалик мустаҳкам бўлмасин, қанчалик кўп маблағ сарфланмасин, барибир, кема кемалигини қилади, айсберг айсберглигини.
«ТИТАНИК» МАНТИҒИ ЎЗГАРМАЙДИ
Бугунги кун дунё футболида «Титаник»ка қиёслаш мумкин бўлган битта клуб бор — «ПСЖ». Нега дейсизми? Чунки Париж клуби раҳбарияти клуб билан катта режаларни мақсад қилди ва бу йўлда жуда кўп маблағ сарфлади. Носир Ал-Хелаифи жаноблари керак бўлса, миллиардларини ҳам аямади. «ПСЖ» сарфлаётган пуллар кўпчиликнинг ақлини олиб қўйди. Клуб таклиф қилаётган маошлар эса манаман деган футболчиларнинг эс-ҳушини ўғрилади. «Биз Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлмоқчимиз, бунинг учун барча имкониятларимиз етарли» — бу клубнинг шиорига айланиб улгурганди. Ташқаридан қараганда ҳаммаси бинойидек эди, «ПСЖ» қудратли жамоа, исталган футболчини сотиб олишга қурби етади. Бунга биринчилардан бўлиб Дани Алвес ишонди. «Ювентус»дан «Манчестер Сити»га ўтиши кутилаётган бир пайтда Алвес сира кутилмаганда «ПСЖ»га ўтиб кетди. Алвес ҳатто собиқ устози Гвардиолани ҳам «шаҳарликлар» сафига ўтишига оғзаки ишонтириб қўйганди. Бироқ йўлидан юқоридаги шиор ҳамда жарақ-жарақ пуллар билан чиққан «ПСЖ» унинг режаларини бир зумда ўзгартириб юборди.
Париж клубининг кейинги ўлжаси эса Ди Мария бўлди. Аргентиналик футболчи каттагина маош ва қоп-қоп ваъдалар туфайли Францияга кўчиб ўтди. Энг ачинарли тақдирлардан бири эса Юлиан Дракслерники бўлди. Айни кучайиб, топ клублар эътиборига тушаётган ёш иқтидор ҳеч кутилмаганда «ПСЖ»ни танлади. Ваҳоланки, унинг олдида жуда кўп вариантлар бор эди, хусусан, «Реал». Бироқ яна ўша шиор ва баландпарвоз ваъдалар Дракслернинг хаёлини ўғирлади. Оқибатда нима бўлди, ёш иқтидор захира ўриндиғига михланди ва буюк келажакни бир зумда йўққа чиқарди.
«ПСЖ»ни «Титаник»ка айлантирган қадам бу Неймарнинг хариди бўлди. 222 млн еврога бразилиялик футболчини сотиб олиб, дунё футболидаги энг қиммат харидни амалга оширган «ПСЖ», шубҳасиз, молиявий жиҳатдан энг қудратли клуб эканлигини кўз-кўз қилди. Шу билан бирга 180 млн еврога Килиан Мбаппе ҳам харид қилинган ва шов-шув кўтарилганди. Неймарда «Барселона» билан ҳаммаси яхши эди, Европа чемпионлар лигаси ғолиби бўлди, Ла Лига чемпионлигини тантана қилди ва ҳали бундай совринларни кўпи олдинда эди. Бироқ франциялик футболчи ҳар томонни талотўп қилаётган «Титаник»ка чиққиси келди. У билан бирга Мбаппе ҳам шундай қарорга келди, у бу йўлда кўплаб клубларнинг, хусусан, «Реал»нинг таклифини ҳам рад этди.
Бироқ «Титаник» мантиғи ўзгармади. «ПСЖ» Франция чемпионатидаги майда тўсиқларни енгиб ўтганига ҳамда Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида яхши натижалар қайд этаётганига, қолаверса, Неймарга ишонган мухлислар «Реал» билан тўқнаш келган «ПСЖ»нинг бу тўсиқдан ўта олишига ишонишганди. Бир қарашда шундай ҳам эди. Бироқ Париж клуби «Реал»га ютқазди, айсберг айсберглигини қилди.
Ўз ўрнида «ПСЖ»га ўтган кўплаб футболчилар пушаймон эканлигини яширмаяпти. Албатта, Алвес кетишни истаган «Ювентус» «Тоттенхэм» тўсиғидан ўтиб, чорак финалга чиқди, у ўтишни хоҳламаган жамоа — «Манчестер Сити» ҳам чорак финалга йўл олди. Қолаверса, «Ювентус» Италияда, «Манчестер Сити» эса Англияда тенгсиз. Мбаппе ўтишни истамаган «Реал» эса айнан «ПСЖ»ни мағлуб этди. Неймар воз кечган «Барселона» эса айни дамда ажойиб мавсумни ўтказмоқда.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлашни истардик. Неймар «ПСЖ»га ўтганини «Мессининг соясида қолиб, «Олтин тўп»ни қўлга кирита олмаётганлиги» билан изоҳлаганди. Шундай бўлса-да, у «Барселона» сафида ўйнаб юрганида «Олтин тўп» учун номзод бўлган энг кучли учта футболчидан бири сифатида эътироф этилиб келинаётганди. Неймар «ПСЖ»га ана шу ҳолатга барҳам бериш учун ўтганди. Неймар чиндан ҳам бу ҳолатга чек қўйди, фақат аксига. Яъни у энди «Олтин тўп»ни қўлга киритиш тугул, энг кучли учта футболчи рўйхатидан ҳам жой ола билмайди. Эҳтимол, қачондир «ПСЖ» ҳам «Реал» ёки «Барселона» даражасига чиқар, аммо бу пайтда «ПСЖ» учун ўз клубларидан воз кечган футболчиларнинг қай даражада бўлиши маълум эмас, чунки «ПСЖ» операцияси яқин икки-уч йилда иш бермаслиги аниқ.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Носир Ал-Хелаифининг боши қотгани аниқ: «Нима қилиш керак?» Ривожланиш учун миллиардлаб маблағларни сарф қилаётган бу инсон буюк клубга айланиш учун вақт, тажриба кераклигини ё тушунмаяпти, ёки тушунишни истамаяпти. Чунки Европа Чемпионлар лигаси — катта мусобақа, катта турнир. Бу ерда ғолиб чиқиш учун узоқ йиллар давомида футболнинг таъмини тотиб юрган клубларнинг қаршилигини енгиш керак бўлади. Бунга пул, тезлик, шиддаткорлик, юқори маҳорат билан эришиб бўлмайди. Бунга тажриба керак. Тажриба ўйин давомида футболчиларни алдаб юриш, дриблинг қилиш, тинимсиз зарбалар бериш ва ўйин давомида устунлик қилиш эмас, тажриба керакли пайтда алдаш, керакли пайтда дриблинг қилиш, керакли пайтда зарба беришни билишдир.
Бу фикримизни «Тоттенхэм» ва «Ювентус» ўртасидаги ўйин исботлайди. Жавоб баҳсида «шпорлар» катта устунликка эга бўлишди, ўйин давомида зарбалар беришди, бироқ «Ювентус» қачон нима қилиш кераклигини яхши билгани учун қандайдир уч сония ичида иккита гол уриб, ғалабани илиб кетди. Бу тажриба, дейилади. Хелаифи эса ана шу ҳақиқатни тан олишни истамаяпти. Айни дамда у Унаи Эмерининг ўрнига мураббий изламоқда. Аммо шахсан мен яқин бир-икки йил ичида бирор-бир мураббий «ПСЖ»ни «Реал» ёки «Барселона»ни ортда қолдира оладиган даражага чиқара олишига ишонмайман. Бунинг учун вақт керак. Шу боис «ПСЖ» раҳбарияти маблағни ўйлаб сарфлаши ва сабр қилиши лозим. Эҳтимол, улар Гвардиолага ўхшаган мураббийни таклиф қилишмоқчидир, чунки Пеп «Манчестер Сити» билан Англия премьер лигасида ажойиб натижа кўрсатмоқда, бироқ Европа чемпионлар лигасида узоққа боролмаслиги тайин. Чунки мазкур турнирнинг даражаси бошқа, «Манчестер Сити» айни дамда «Барселона» ёки «Реал» тўсиғидан ўта оладиган даражага чиқмаган.
«ПСЖ» учун айни дамда иккита йўл бор — биринчиси, тажриба тўплаш ва секин-аста мақсадга эришиш, иккинчиси эса клубни бутунлай янгилаш — дарвозабондан тортиб мураббийгача. Аммо иккинчи йўлнинг натижа бериши аниқ эмас. Ахир тез қурилган бинонинг тез қулаш эҳтимоли ҳам юқори бўлади.
Низомжон ИСЛОМОВ