«Апрель сўнгида қароримни клубга айтаман. Кейин сизлар билиб оласиз. Ё кетаман ёки қоламан.»
Иньестанинг бу сўзлари каталонияликларнинг қалбларига урилган ханжардек бўлди. Бу бўрттириш эмас. «Челси» устидан эришилган ғалаба ҳам уларга татимагандек туйилди, ҳатто. Ҳар доимги табрик сўзларини эшитишга одатланган мухлислар бир муддат жим бўлиб қолишди.
Иньеста бир неча ой олдин «Барселона» билан бир умрлик шартнома имзолаган эди. Унда бир банд бор: У ўзи хоҳлаган пайти кетиши мумкин. Ҳеч ким бу банднинг бунчалик тез ишга тушишини кутмагани аниқ. У апрел сўнгида тақдирини ҳал қилади.
Каталонияда унинг учун барча имкониятлар яратилган. У бундан яхшироқ ҳолатни ҳеч қаерда топа олмайди. Иньеста футболчи эришиши мумкин бўлган барча ютуққа айнан «Ноу Камп»да эришди. Ҳозир ҳам у Европанинг топ клубларида ўз фаолиятини давом эттириш ниятида эмас.
Иньеста чекка бир қишлоқда дунёга келган. 12 ёшида у ерни тарк этган. Жаҳон юлдузи бўлиб етишгач, қишлоғини танитишга кўмаклашган. Ҳозирда эса у Каталонияни ўз уйи деб билади: «Мен бу ерда жуда кўп вақтдан бери яшаяпман. Оилам ҳам шу ерда. Мен Каталонияликман» Иньеста каталонча бемалол сўзлаша олади. У бу ерни жуда ҳам севади.
Нега кетмоқчи? Иниестанинг «Барселона»дан кетиши бу унинг учун катта ўзгариш. Бутун ҳаёти жамоа билан боғлиқ. Аммо у ўзини олдингидек кучли ҳис қилмаяпти. Баъзи учрашувларда майдонга туша олмаяпти. Ўз формасида ўйнай олиши учун кўпроқ дам олишга мажбур бўлмоқда. Шунга қарамай, Иньеста «Барселона»нинг бу йилги натижаларида ҳам асосий ишни қилаётган шахсга айланмоқда. У кетиш қарорига келса бунга сабаб, унинг охирги «олтин шартнома»сини имзолаш ва ўз клуби учун молиявий катта ёрдам бериш нияти бўлиши мумкин.
«Атлетик» билан ўйинда майдонни тарк этаётган «супер юлдуз»ни мухлислар туриб олқишлашди ва «Қолгин, биз сени севамиз» деб куйлашди. Турли бошқа вариантлар бўлишига қарамай, майдон марказида унинг ўрни ҳалигача ўзгача.
«Барселона» унинг ўрнига Коутиньони туширади. Бошқа йўлларни ва турли ўйин услубларини ўйлаб топиши аниқ. Аммо…