Ўзбекистон - Кения учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида олимпиячиларимиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров саволларга жавоб берди.
- Ўйин бўйича гапирсак, ўйин жуда катта қизиқиш билан ёндошдик. Жуда кучли, бақувват ўйинчиларга эга бўлган жамоага мағлуб бўлдик. Аввалом бор биз майдонга мухлисларни хурсанд қилиш учун тушгандик. Кўп ҳужум қилган бўлсакда, яратилган кўплаб вазиятлардан фойдалан олмадик. Ҳимоядаги палапартишлик сабабли иккита гол ўтказиб юбордик.
Бу таркиб ҳар қалай, янги шаклланаётган таркиб, очиғини айтиш керак ҳал қилувчи ўйинчиларимиз йўқлиги билинди. Аммо бу баҳона бўлолмайди. Болалар бор кучларини бериб ўйнаганларига қарамай, ўйин сифати ўйлаганимиздек чиқмади. Бунга маълум сабаблар бор, аввало рақиб. Кения қарши ҳужумда яхши ўйнади, Африка жамоларига хос бўлмаган пухта шаклланган жамоа экан, кўрдингиз. Мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман. Бу биз учун сабоқ бўлди. Бу мағлубиятдан фойдали хулосалар чиқарамиз.
- Футболчиларимиз рақибга етарли баҳо бермади, деган фикрга қандай қарайсиз?
- Йўқ, бу фикрга қўшилмайман, бизда Африка жамоасига қарши қандай ўйнаш тасаввури бор эди. Кениянинг яхши шаклланган жамоа эканини билар эдик.
Стадиондаги муҳит ажойиб бўлди. Ютқазган бўлсакда, мухлислар қизиқарли ўйинга гувоҳ бўлишди. Африка жамоаси биз учун янгилик, ўрганиб қолган қандайдир араб жамоалари эмас, Африка жамоа билан ўйин ташкиллаштириб бергани учун Ўзбекистон футбол ассоциациясига раҳмат. Бу ўйинлар биз учун жуда фойдали бўлди.