Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ҳисобот топширди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров март ойида ўтказилган ўқув-машғулот йиғинлари бўйича Мураббийлар кенгаши ва “Терма жамоалар” бошқармасига ҳисобот топширди.

Шу йилнинг 14 августидан 1 сентябригача Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси март ойида Андижон ва Фарғонада 1 ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Йиғин давомида жамоа Кения ёшлар терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.

Йиғин давомида мураббийлар 4 та асосий вазифа устида иш олиб боришди.

Биринчиси, Осиё ўйинларига борадиган футболчилар рўйхатини шакллантириш учун номзодларнинг функционал тайёргарлигини синовдан ўтказиш бўлди. Иккинчиси, ҳимоя ва ҳужумдаги ўйинни ташкил қилишда ўзаро ўйин ва ҳаракатларни такомиллаштириш бўлиб, бу борада махсус дастур ва режа асосида иш олиб борилди. Учинчи вазифа, футболчиларнинг юқори тезликдаги техник ва тактик ҳаракатларни гуруҳ ва жамоа бўлиб ижро этиш даражасини оширишдан иборат бўлиб, бунинг учун юқори интенсив ўйин ва прессингдаги ўйиннинг жойида эканлигига эътибор қаратилди. Тўртинчи вазифа эса, юқори натижаларни қўлга киритадиган иноқ ва бирлашган жамоани тузиш бўлди.

Йиғинга Ўзбекистон суперлигасидаги 11 та жамоадан 24 нафар, Россия премьер лигасидан эса бир вакил чақирилди. Бу вақтда миллий терма жамоа Марокашда йиғин ўтказаётганлиги муносабати билан жамоанинг 6 нафар аъзоси – Рустам Ашурматов, Одилбек Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов, Жасур Яхшибоев, Ботирали Эргашев, Акром Комиловлар йиғинда қатнаша олмади. Уларнинг ўрнига заҳирадан 9 нафар янги футболчи таклиф этилди: дарвозабон – Умиджон Эргашев (Насаф), ҳимоячи Аваз Маматхўжаев (Қўқон 1912), ярим ҳимоячилар – Шароф Муҳиддинов (Насаф), Муҳаммаданас Ҳасанов (Қўқон 1912), Остон Урунов (Навбаҳор), Азиз Турғунбоев (Навбаҳор), Ислом Кенжабоев (Насаф), Азиз Аманов (Локомотив) ва Нурулло Тўхтасинов (Сўғдиёна) лар заҳирадан чақирилиб, халқаро ўйин амалиётига эга бўлдилар. “Насаф” аъзоси Дониёр Нарзуллаев ва “Пахтакор” футболчиси Достон Иброҳимовлар жароҳатлари сабаб йиғинни ўтказиб юборишга мажбур бўлдилар.

Март ойидаги йиғин давомида 8 та жисмоний, 6 та назарий машғулот ўтказиб, жамоа 2 та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Кенияга қарши биринчи учрашув 23 март куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. Ўйин кескин курашларга бой бўлди, аммо Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси ҳимоядаги ўйинни яхши ташкил қила олмагани, ҳужумларни ташкил этиш ва самарали тугатишда бошланғич ҳаракатларнинг сустлиги, қолаверса, рақиб жамоанинг ўйинга яхши тайёргарлик кўргани сабабли чиройли ўйин кўрсата олмади. Натижада эса Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1-2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Иккинчи ўйингача бўлган давр оралиғида жисмоний ва назарий машғулотларда биринчи ўйинлардаги хатолар устида ишланди. Машқларда, айниқса, ҳимоя ва ҳужумда умумжамоавий ҳаракатларнинг такомиллашувига эътибор кучайтирилди. Бундан ташқари, стандарт вазиятлар бўйича ҳам алоҳида дастур асосида машқлар олиб борилди.

Иккинчи ўйин 26 март куни Фарғонада бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси таркибида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бу сафар ўйин Ўзбекистон жамоаси аъзоларининг ташаббуси остида кечди. Ҳимоя ва ҳужумда ўйинни ташкил қилиш, тўпнинг назоратини бой бермаслик, юқори даражадаги комбинацион ҳаракатларни мужассамлаштирган ҳужумкор ўйин намойиш этишнинг уддасидан чиқилди. Ўйинда кўплаб ҳужумлар уюштирилди, аммо улардан фойдаланиш даражаси кам бўлди. Якунда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1-0 ҳисобидаги ғалаба билан йиғинни якунлади.

Ўйиндан кейин жамоа мураббийлар штаби ЎФА “Терма жамоалар” бошқармаси билан биргаликда иккала ўйинни таҳлил қилди. Кенияга қарши ўртоқлик учрашувлари ва водийдаги ўқув машғулот йиғинлари юқори савияда ташкил қилиниб, Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоасининг халқаро майдондаги тажрибасининг янада ошишига хизмат қилди. Айниқса, Осиё ўйинлари арафасида африкалик жисмонан бақувват футболчиларга қарши ўйинларнинг ўтказилиши тайёргарликнинг бориши учун керакли жиҳатлар устида ишлар олиб борилиши кераклигини кўрсатди. Қолаверса, мураббийлар футболчиларнинг функционал ҳолати, маҳорати ва психологик барқарорлиги бўйича қўшимча маълумот ва ахборотга эга бўлди.

Кейинги йиғинлар олдидан жамоа олдига ҳимояланиш асносида стандарт вазиятларни бартараф этиш, тезкор ва қарши ҳужумлардаги беқарорликни йўқотиш ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ҳамда ҳимояда тартибли ўйин намойиш этиш каби жиҳатларга эътибор қаратилиши белгилаб олинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси Осиё ўйинларига тайёргарлик стратегиясига эга бўлиб, шу йилнинг бошидан бери ана шу стратегия асосида тайёрланган дастур асосида Индонезиядаги катта мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Дастур 3 босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси мусобақага одатий тайёргарлик асосида йиғинлар ўтказилади ва бу ҳол апрелнинг охиригача давом этади. Иккинчи босқичда эса, йиғинлар интенсив даражага кўтарилади ва футболчиларга бериладиган машқ ва нагрузкалар нисбатан кўпаяди. Интенсив давр май ва июнь ойларини ўз ичига қамраб олади. Июль ва август ойларида эса терма жамоа нон-стоп босқичига чиқади ва бу даврда бор эътибор фақат ва фақат Осиё ўйинларига қаратилади.

Осиё ўйинларининг футбол турнири 14 августдан 1 сентябрга қадар Жакартанинг 4 стадионида бўлиб ўтади. Мусобақа регламентига кўра, жамоадаги футболчилар 1995 йил 1 январда ёки ундан кейин туғилган бўлиши керак. Фақатгина 3 нафар футболчининг ёш лимитидан чиқилишига рухсат берилади. Якуний қайднома учун тақдим этиладиган футболчилар рўйхати 18 кишидан кам, 20 кишидан кўп бўлмаслиги талаб этилади. Айни пайтда футболчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда ва у июн ойига қадар давом этади. Қуръа ташлаш маросими эса, дастлабли маълумотларга кўра 27 июлга режалаштирилган.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 16:33, 05.04.2018.
Ўқилди: 3467 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.