Ўзбекистон чемпионатининг 5-турига старт берилди. Бухорода бўлиб ўтган "Бухоро" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўйин кескин курашларга бой кечди.
Айниқса, биринчи бўлим хавфли вазиятларга бой кечди. Шота Арвеладзе шогирдлари ўз маҳоратлари эвазига рақибга нисбатан устунликка эга бўлган бўлсалар, мезбонлар иштиёқ эвазига ғалаба учун тўп тепишди. Учрашувдаги голга тортадиган илк хавфли вазиятни меҳмонлар яратишди. Баҳснинг 8-дақиқасида Яхшибоев ўнг қанотдан ажойиб узатма билан тўпни Гонселвешнинг бошига "қўндирди". Исмоил яқин масофадан зарба берди. Тўп эса Асилбек Омоновнинг қўли-боши аралаш шундоққина устун ёнидан ўтиб кетди. Португалиялик футболчи ва Арвеладзе бошларини чангаллаб қолишди.
Шундан кейин пахтакорчилар голга тортадиган вазиятлар яратишда давом этишди. "Бухоро" футболчилари 2та вазиятда дарвоза нақ чизиғи устидан тўпни қайтаришга муваффақ бўлишди. Учрашувнинг 30-дақиқасида бухороликлар ҳисобни очишлари мумкин эди. Саломов аниқ пас орқали жарима майдончасида очилган Насимовни тўп билан таъминлади. Баҳодир аниқ зарба беришнинг уддасидан чиқа олмади.
Ўйиннинг 37-дақиқасида ҳакам "Бухоро" дарвозаси томон пенальти белгилади. Аммо Исмоил Гонсалсешнинг зарбасидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Биринчи бўлим тугашига 2 дақиқа қолганида Бақоев шогирдлари ўнг қанотдан самарали ҳужум ташкил қилишди. Амонов ўнг қанотдан жарима майдончасига кириб келиб, орқароққа узатма берди. Саламат Қуттибоев эса аниқ зарба билан ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда ўйин суръати ўзгарди. Майдон эгалари бутун жамоа бўлиб ҳимояланди. Натижада тошкентликлар рақиб мудофаасини ёриб ўтишга қийналишди. Арвеладзе амалга оширган ўзгаришлар ҳам наф келтирмади.
Шу тариқа, "Бухоро" ўз очколарини 9тага етказиб, вақтинчалик бўлса-да жадвалнинг 3-поғонасига кўтарилиб олди. "Пахтакор" ҳисобида ҳам шунча очко мавжуд.
Ўзбекистон суперлигаси, 5-тур
"БУХОРО" - "ПАХТАКОР" - 1:0 (1:0)
Гол: Саламат Қуттибоев (42)
"Бухоро": Омонов, Амонов, Қуттибоев, Саломов (с), Шихов, Насимов, Филипосян, Муллажонов, Ҳасанов, Исмоилов, Русецкий
Захира: Турсунбоев, Б.Омонов, Клисура, Жўраев, Олимов, Эркинов, Бердимуродов, Қаҳрамонов, Иброҳимов
"Пахтакор": Суюнов, Козак, Симич (с), Аъзамов, Шораҳмедов, Гриффитс, Аҳмедов, Яхшибоев, Машарипов, Безерра, Гонсалвеш
Захира: Лобанов, Раҳматуллаев, Искандеров, Абдураҳимов, Ҳакимов, Тожиев, Иброҳимов, Андреев, Сайфиев