Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 0-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол - Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа - Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Адолат ва кайфият. «Реал» ярим финалга ҳақли эдими?

Баҳо:
+ | -1

Сарлавҳа «одам чақириш»учун танланди, аслида адолат тарозиси эмасман. Мен шунчаки, кечаги ўйин кайфияти ва нега сўнгги дақиқадаги пенальти ва қизил бу қадар резонанс келтириб чиқаргани ҳақида ёзмоқчиман. Аслида, бундай кайфиятни фақат «Ювентус» ва «Барселона» мухлислари келтириб чиқармагани, аксарият нейтрал мухлислар ҳам туринликларга ачинганликлари бор гап, тўғрими?

«Реал» мухлисларининг жиғибийрон бўлишларини ҳам тушунаман. Пенальти берилди, Роналду гол урди, нега Буффонга ачиниш керак? Буффон фаолияти давомида 84 пенальтидан 15 тасини қайтарган (18 фоиз) экан. Шчесни эса, 47 пенальтидан 12 тасини. 26 фоиз. Яъни Буффоннинг майдонда қолиши «Ювентус»га устунлик берармиди? Аниқмас. Агар бу статистикага Роналдунинг пенальти тепиш бўйича ажойиб кўрсаткичларини қўшсак, гол бўлиш эҳтимоли янаям ошади. Хўш, Туриндаги ўйинда барчасини қийинлаштириб юборган «Ювентус»нинг ўзи-ку? Нега икки ўйинни қўшганда кўпроқ гол урган «Реал»нинг кейинги босқичга чиқиши ноҳақлик бўлиши керак?

Йўқ, бу ерда гап адолат ёки ноҳақликда эмас. Кайфиятда. Ҳар қандай томоша аввало кайфият улашишини эътиборга олсак, ушбу томоша ҳақидаги дастлабки фикрлар айнан ўша кайфиятдан келиб чиқишини тан олишимиз керак. Ишонаверинг, бир неча йил ўтиб, ўшанда «Реал» ноҳақ ғалаба қозонганди, деб ҳеч ким айтмайди. Ҳаммаси ўтиб кетади.

Биринчи масала, сўнгги дақиқада пенальти бериш тўғрими? Қизиқ савол. Мантиқчилар агар қоида бузилса, ўйиннинг қайси дақиқаси бўлишидан қатъи назар қоида бир хил амалда бўлиши кераклигини айтадилар. Дастлабки дақиқаларда қизил карточка бермаслик, сўнгги дақиқада пенальти бермаслик «одати» улар учун ғалати туюлади. Аммо бу ерда бошқа жиҳат бор.

Ҳакамлар илк дақиқаларда карточка бермасликка интилишади, чунки дастлабки дақиқалардаги кескин жазо ўйин тизгинига таъсир кўрсатиши, футболчилар худди шундай бошқа вазиятларда ҳам ҳакамдан узвийлик талаб қилиши ва натижада ўйин бутунлай ўзгариб кетиши мумкин. ЖЧ-2006 да Португалия – Нидерландия ўйинини бошқарган россиялик ҳакам барча карточкаларни тўғри берган бўлса-да, ўйиннинг ҳарорати натижасида 4 футболчи қизил карточка олган, майдонда огоҳлантирилмаган футболчи қолмаганди. Тирик инсонларни бошқарадиган ҳакам ҳам тирик бўлиши керак, робот эмас.

Энди пенальти ҳақида. Тўғри, ҳар қандай дақиқада бузилган қоида бир хил жазоланиши шарт. Аммо бу ерда гап ҳакамнинг ўша вазиятдаги ишончи ҳақида бормоқда. Агар «сўнгги дақиқа» 5 дақиқагача чўзилишини эътиборга олсак, статистикада бу паллада белгиланган пенальтилар бошқа «5 дақиқалик»лар ичида кам экан. Сабаби, аксарият ҳолларда сўнгги дақиқада белгиланган пенальти ўйин тақдирини ҳал қилади. Чунки, рақибда вазиятни ўнглаш учун имконият қолмайди. Айнан шу туфайли, ҳакамлар сўнгги дақиқалардаги пенальтини фақат юз фоиз амин бўлишсагина берадилар. Бироз шубҳа пайдо бўлса, бу қарордан қайтадилар – ахир, пенальти йўқлигини исботлаш борлигини исботлашдан ҳар доим осон бўлиб келган. Шу томондан қараганда, кеча Майкл Оливер қатъият кўрсатди деб айтиш мумкин.

Хўш, унда нега бу қадар резонанс? Менимча, бунга сабаб пенальтининг ҳақ ёки ноҳақлиги эмас, ўйин кайфиятига мос келмаганидир. Яъни ушбу кайфиятни келтириб чиқарган омил Бенатия ва Васкеснинг тўқнашуви эмас, «Реал»нинг ўша пенальтигача кўрсатган ўйинидир.

Тасаввур қилинг, агар худди шу тўқнашув мезбонлар жарима майдонида, Игуаин ва Варан ўртасида рўй бериб, Кейлор Навас қизил карточка олганида нима бўларди? Ҳеч нарса. Ишонаверинг, ҳамма «Ювентус» бу ғалабага ҳақли эканини айтар, ҳатто «Реал» мухлислари ҳам аввало ўз футболчиларида айб эканини тан олиб, «Ювентус»ни олқишлаган бўлишарди.

Мана шу томондан, кечаги пенальтини бир йил олдин «ПСЖ»га қарши ўйинда Суареснинг пенальтиси билан қиёсламаслик керак. Аслини олганда, кечаги пенальти ўша Суареснинг пенальтиси олдида ўн баробар «тоза» эди. Лекин ўшанда ҳеч ким «ПСЖ»га ачинмаган, асосий айбдор барибир французлар экани айтилганди. Чунки ўша ўйин кайфияти «Барселона»нинг гол уришга бўлган ҳаракати-ю, «ПСЖ»нинг пассивлиги ўша пенальтини ўйин кайфиятига мослаб юборганди.

«Ювентус»нинг кечаги 3 гол уриши «Реал»нинг Туриндаги голларидан қийинроқ эди. «Реал»нинг голлари вазиятдан, ўйин сценарийсидан келиб чиққан, камроқ бўлганида ҳам қониқарли бўлади. Лекин фақат 3 гол уриш шарт бўлган ўйинда, Мадридга шундай режа билан келиш ва буни деярли уддалаш дунёдаги ҳеч қайси клуб учун осон эмас. Бунинг учун туринликларга қойил қолиш керак. Бу эртакнинг бошқача тугагани кечаги кайфиятни пайдо қилгани табиий ҳолат.

Айтмоқчи бўлганим шу. Қоида бузилади, бузилмайдими, ғалаба ҳақлими, ноҳақми, бошқа масала. Агар ўйиндан кейин савол қолдирмасликни, олқиш олишни истасангиз, кечаги «Реал» каби ўйнаманг. 

Манба: www.tribuna.uz
Киритилди: 10:39, 13.04.2018.
Ўқилди: 18375 марта.
Фикрлар: 28 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.