22 апрель куни Рио-2016 Олимпиадаси совриндорлари, ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Муроджон Аҳмадалиевлар профессионал боксдаги иккинчи жангларини ўтказди. Ҳар икки жанг Бруклиндаги Kings Theatre аренасида бўлиб ўтди.
Бухоролик боксчи Шаҳрам Ғиёсов профессионал рингдаги иккинчи жангини венгриялик Габор Горбикга қарши ўтказди. Жанг олти раунд давом этди. Шаҳрам очколар ҳисобига рақибини мағлуб этди. Шу тариқа, у профессионал боксдаги иккинчига ғалабасини тантана қилди.
Муроджон Аҳмадалиев иккинчи жангида аргентиналик Карлос Гастон Суаресга қарши рингга чиқди. Жангнинг 6-раундида Аҳмадалиевнинг рақиби нокаутга учради. Шу тариқа, Аҳмадалиев ҳам иккинчи жангини муддатидан аввал нокаут билан якунлади.
Маълумот ўрнида, Шаҳрам Ғиёсовнинг рақиби Габор Горбик бунгача 34 та жанг ўтказган ва шуларнинг 24 тасида ғалаба қозонган. 14 нокаут. 10 та жангда мағлубиятга учраган. 4 нокаут. Шаҳрам профессионал боксдаги дебютини 10 март куни нишонлаган ва ўшанда рақибини бир неча сония ичида нокаутга учратганди.
Аҳмадалиевнинг рақиби Карлос Гастон Суарес бунгача 14 та жанг ўтказган ва уларнинг 11 тасида (5 та нокаут) ғалаба қозонган. 3 жангда (1 та нокаут) мағлубиятга учраган. Муроджон Шаҳрам каби 10 март куни профессионал рингда дебют қилган ва биринчи раунддаёқ нокаут эвазига ғалаба қозонганди.