Акмалхон Эшонхонов, “Qalampir.uz” интернет нашри журналисти
Сайтимиз орқали эълон қилинаётган хабарлар, мақолалар юзасидан жамоамизда жуда кўп баҳслашамиз. Баъзан бир мақолани ёзиш устида кунлаб, ҳафталаб ишлаймиз.
Кеча ҳам оддий иш куни эди. Наманган вилояти ҳокими Францияда ўтказилган халқаро турнирда иштирок этиб, ғолиб бўлиб қайтган Шукурбек Раҳимовни тақдирлагани, тадбир ўтказиб, ундан фахрланиб, яқинларига миннатдорлик билдиргани ҳақидаги хабарни ўқувчиларга улашдик.
Орадан бир неча дақиқа ўтмай, хонага раҳбаримиз кириб келди. Шукурбек Раҳимов ҳақидаги хабарни ўқидию бундан бир неча йил аввал айни дамда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раиси ўринбосари бўлиб фаолият юритаётган шоир Минҳожиддин Мирзонинг айтганларини гапириб берди.
“Кўча-кўйда турли реклама баннерларига кўзимиз тушади. Улар орасида йил номлари, шиорлар ёзилган, ёшлар сурати жойлаштирилганлари ҳам бор. Кўпинча шиорлар, йил номлари ўзгарса ҳам рекламаларда ишлатиладиган ёшларнинг суратлари ўзгармайди. Ахир иқтидорли, истеъдодли ёшларимиз камми? Айтайлик, бирор маҳаллада катта ютуққа эришган, тенгдошларидан қайсидир ҳислати билан ажралиб турган фаол ёшларимизнинг суратларидан ўзи яшайдиган туманлардаги рекламаларда фойдаланилса, бу бошқа ёшларни ҳам ортидан эргаштиришга хизмат қиларди. Ўша маҳалладагилар ҳалиги боланинг суратини туман марказида кўрса, албатта, уйига бориб, фарзандига айтади, ўрнак қилиб кўрсатади. Қарабсизки, яна бошқа оилада шундай иқтидор эгаси камол топади. Ҳақиқий рақобат юзага келади”, деган экан Минҳожиддин Мирзо.
Шунда ўйлаб қолдим, ҳақиқатан ҳам, катта давралардаги муваффақият, кичик эътирофлардан бошланади. Биз оз бўлса-да мамлакат номини дунёга танитишга ўз ҳиссасини қўшаётган, илм-фан, маданият ва санъат, спорт оламида бирор ютуққа эришиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлиб қайтаётган ёшларимизга қанчалик тўғри ҳурмат ва эҳтиром кўрсатяпмиз? Ҳурмат деганда, фақат моддий рағбатни тушуниш ноўрин. Аслида бир энлик қоғозга “Маҳалла фахри” деб ёзиб, маҳалладошлар қаршисида қўлига тутқазиш, ота-онасига ташаккур айтишнинг ўзи энг катта совға. Бу йилларга таътийди. Уни сотиб бўлмайди, унутиб ҳам.
Шукурбек Раҳимов ўзи туғилиб ўсган Наманганда ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров боксчини табриклаб, унга телевизор ва махсус диплом топширди.
Ҳар ҳолда меҳнати бутун вилоят ахлига овоза қилинди. Бу ёш спортчи учун катта туртки, энди у маҳалладошлари, туманидагиларнинг ишончини ҳам оқлаши керак.
Лекин масаланинг асосий томони бу эмас: чунки Францияга Шукурбек Раҳимов қатори яна етти нафар боксчи ҳам борган эди. Улар орасида фақат Шукурбек Раҳимов вилоятида муносиб кутиб олинди, халққа яқинроқ таништирилди. “Намангандан чиққан-да, бу бола” деб мақтаб ҳам қўйилди.
Биласизми, қолган боксчиларнинг натижалари ҳам Раҳимовникидан кам эмасди. Улар наманганлик боксчи сингари Франциядан олтин медаль билан қайтди. Фақат Мадиёр Саидраҳимов кумуш, Улуғбек Мубинов бронза медалга лойиқ кўрилди. Қолган беш нафар боксчи – Абдулҳай Шораҳматов, Алиёр Норалиев, Фазлиддин Мелибоев, Одилжон Аслонов, Сардор Ёрмуҳаммедов ўз вазн тоифасида мутлақ ғолиб чиққан ва бунинг учун уларга умуман бегона бўлган францияликлар томонидан олтин медаль берилган.
Биз айтаётган “А” тоифадаги Халқаро мусобақа 15 апрель куни якунига етган ва 8 нафар ўзбек боксчилари 18 апрель куни ортга қайтди.
Мана, орадан бир ҳафта ўтибдики, ҳозирча Наманган ҳокими Хайрулла Бозоров спортчиларни тақдирлаш борасида жонбозлик кўрсатди. Бироқ қолган шаҳар ва туман ҳокимлари қурилиш, бузиш ишларидан бош кўтарганича йўқ. Уларга шундан кўпроқ фойда бўлса керак. Маҳалла раислари-ку маҳалласидан шундай спортчи чиқиб, мукофотланиб қайтганини билмаса ҳам керак... Ёшлар иттифоқи-чи?
Билмаганларга билдириб қўйишни лозим топдик:
Олтин медаль соҳиблари – Абдулҳай Шораҳматов Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Алиёр Норалиев Тошкент вилояти Чирчиқ тумани, Фазлиддин Мелибоев Фарғона вилояти Қўқон тумани, Одилжон Аслонов Бухоро шаҳри, Сардор Ёрмуҳамедов Бухоро шаҳридан. Кумуш медаль соҳиби Улуғбек Мубинов Бухоро шаҳридан, бронза медали соҳиби Мадиёр Саидраҳимов эса Тошкент вилоятидан. Ҳокимлар, маҳалла раисларимиз топиб боришлари осон бўлсин деб, уй манзиллари ва телефон рақамларини ҳам ёзиб қўйиш кўнглимиздан ўтди-ю йигитларнинг шахсий маълумотларини тарқатишни лозим топмадик.
Бу йигитлар 6222 километр йўл босиб, Францияга ҳордиқ чиқаргани бормади. Улар эндигина 18-19 ёшда. Мақтовга ўч, рағбатдан кўнгли тоғдек кўтариладиган ва бошқаларни ҳам ортидан эргаштира оладиган ёшда. Ватанга муҳаббати янада ортадиган даври уларнинг. Биз бунга шароит яратяпмизми?
Бориб-бориб масала бир саволга тақалади: биз яна қанча истеъдодли ўғил ва қизларимизга эътибор бермасликда давом этамиз? Кўриб ўзимизни кўрмасликка олишнинг давоми борми? Қачон ён-атрофимизда улғаяётган истидорларни пайқаймиз, қадрли ҳокимлар?!
Фалончини уйлантириб қўйдик, пистончига уй қуриб бердик, деб кўкрак керасиз! Лекин юрт шаънини ҳимоя қилиб қайтаётган спортчингизни маҳалласида эъзозлаб кутиб олишни билмайсиз, ўрганмайсиз! Иккита карнай, битта ноғора осмоннинг пулими?
Бу орада Тошкент шаҳрини бошқариб келаётган ҳоким Раҳмонбек Усмонов янги лавозимда иш бошлади. Унинг ўрнини Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгаллади. Балки Раҳмонбек Усмонов ва туман ҳокимлари кўрсатмаган ташаббусни Жаҳонгир Ортиқхўжаев кўрсатар...