Хабар бериб ўтганимиздек, Миллий олимпия қўмитаси Президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун Тошкентдаги Республика олимпия захиралари колежига бориб, шароитлар билан яқиндан танишган, коллеж раҳбариятига керакли тавсия ва кўрсатмалар берганди.
Навбатдаги манзил Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси бўлди. Маълумки, 5 кун аввал ассоциациянинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилиб, унда Лазиз Ҳасанов ташкилотга президент этиб сайланган эди. Умид Аҳмаджонов ассоциация қароргоҳига ташрифи давомида янги раҳбарият ишларни қандай йўлга қўйиб олгани билан қизиқди.
Пойтахимиздаги энг кўркам ва иҳчам спорт иншоотларидан бири – “Универсал” спорт мажмуаси ҳам айнан ушбу ассоциацияга қарайди. Сўнгги вақтларда мазкур иншоот спортнинг бир неча турлари бўйича нафақат маҳаллий, балки халқаро мусобақаларга ҳам мезбонлик қилиб келмоқда. Спорт саройи ва машғулот залини кўздан кечирар экан МОҚ раҳбари, бу ерда мухлислар учун шароитларни яхшилаш, оилавий секторлар ташкил этиш бўйича ассоциация раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди.
“Биз шу пайтга қадар мамлакатимиз стадионларида оилавий секторлар ташкил қилдик. Ишқибозлар футбол учрашувларини бевосита стадиондан кузатишга ўз оилалари, фарзандлари билан ташриф буюрмоқдалар. Бу эса ўз навбатида спортни аҳоли орасида янада оммалаштиришда, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга.
Энди секин аста усти ёпиқ спорт иншоотларида ҳам ана шундай секторлар ташкил этсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Албатта бунинг учун ишқибозлар орасида муҳлислик маданиятини ҳам тарғиб қилишимиз керак бўлади”-деди Умид Аҳмаджонов.
Шунингдек, МОҚ раҳбари спорт мажмуаси фаолиятини самарали ташкил этиш учун, унинг бир кун ҳам бўш турмаслиги, мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинлари бу ерда йил давомида ўтказиб борилишига алоҳида урғу берди.
Ташриф давомида МОҚ Президенти спорт мажмуасига ёндош ҳудудда жойлашган меҳмонхонани ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказадиган спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.