Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Чиройли голларга чиройли хулқ ёхуд олижаноб йигит - Дрис Мертенс ҳақида

Баҳо:
+ | -

Бельгия терма жамоасининг ЖЧ-2018 ҳисобидан урган илк голи муаллифи ҳаётда олижанобликни биринчи ўринга қўяди. У доимо атрофидагиларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр, шунингдек, ҳазил-мутойибани ҳам хуш кўради.

bombardir.ru сайти ижодкорлари «Наполи» вакили томонидан Панама термаси дарвозасига урилган чиройли голдан ўзгача илҳомланиб, унинг эътибор ва эътирофга муносиб хатти-ҳаракатларига назар солишди.

Қутқарилган ит шарафига гол

Дрис Мертенс клуб футболида урган голларидан бирини антиқа усулда нишонлади - бурчак байроқчаси атрофида «вовуллаб», инсоннинг тўрт оёқли дўсти - ит қиёфасини кўрсатди. Табиийки, мухлислар аввалига ҳеч нарсани тушунмай, ҳайрон қолишди, кейин бу ҳаракат моҳиятидан хабар топиб, футболчига тасаннолар айтишди.

Маълум бўлишича, бельгиялик ҳужумчи Неаполда итларни боқишга мўлжалланган муассаса молиявий қийинчиликлар туфайли ёпилиши ҳақидаги хабарни эшитгани заҳоти турмуш ўртоғи Катрин билан бирга у ерга бориб, керакли миқдорда хайрия қилган.

Қолаверса, ҳимояга муҳтож итлардан бирини ўз қарамоғига олган. Футболчи кейинроқ «Инстаграм» тармоғи орқали оммага мурожаат этишни унутмади: «Илтимос, ушбу муассасада сақланаётган итларга янги қўнимгоҳ топишда ёрдам беринглар».

Оч қолганларга пицца

Дрис Мертенс бир сафар ўз дўсти билан Неаполь марказий вокзалига бориб, у ерда очликдан тинкаси қуриган кишиларга пицца тарқатиб чиқди. Диққатга сазовор томони шуки, у бу билан омма назарига тушишни ўйлаган эмас, аксинча, кимдир таниб қолмаслиги учун имиджини мутлақо ўзгартирган ҳам.

Яъни оддийроқ кийинишдан ташқари, катта қора кўзойнак таъқиб олган. Унинг бу ҳаракати орадан анча ўтиб, тасодифан ошкор бўлди. Қисқаси, Мертенс машҳурликни унча ёқтирмайди ва хайрли ишларини имкон қадар пинҳона амалга оширади. Бельгиялик йигитнинг яна неча марта бу каби меҳр-мурувват кўрсатгани ўзига аён.

Хайрия - инсонийлик белгиси

Мертенсни Неаполь ва унинг атрофидаги шифохоналарда тез-тез учратишади. Дейлик, унинг онкология бўлимига кириб, оғир хасталик билан курашаётган беморлар кўнглини кўтаргани, дўстона мулоқот орқали хушкайфият улашгани маълум.

Шунингдек, ОАВ вакилларининг аниқлашларича, Венесуэла иқтисодиёти катта инқирозга учраган вақт футболчи ушбу мамлакатга ўз ҳисобидан дори-дармонлар юборганди.

Африкага жўнатма

Буниси ҳам тасодиф. Мертенс телевизор томоша қилиб ўтириб, тўсатдан ўз футболкасида юрган йигитга эътибор қаратади. Бу лавҳада узоқ Гвинеядаги камбағал оилалар ҳаёти кўрсатилганди.

Хуллас, эринмаган Дрис National Geographic кўрсатуви сураткаши билан алоқага чиқиб, ўша болакай манзилини олади ва унга спорт экипировкаларидан 42 тўплами, шунингдек, ҳар бир синфдошига «Наполи»нинг 1тадан футболкасини почта орқали жўнатади.

Бельгияда футбол мактаблари тармоғи

Дрис ўз юртида терма жамоадаги дўстлари - Ян Вертонген ва Мусо Дембеле билан ҳамкорликда катта футбол мактаблари тармоғини очди. Ҳозир бу даргоҳларда бельгиялик минглаб болалар яхши шароитларда шуғулланиб, талаб даражасида таълим олишмоқда.

Демак, агар Бельгия термаси яна 20 йилдан кейин ҳам жаҳон чемпионати фаворитлари қаторида тилга олинса, бунда Thefuture тармоғи, хусусан, Мертенснинг улуши ҳам бўлади.

Садоқат ва муҳаббат тушунчаси

Мертенсни вақтида АПЛга чорлашди. Аниқроғи, «Вест Хэм» унга манфаатли таклиф билан мурожаат қилди, бироқ бельгиялик футболчи Неаполда қолишни маъқул кўрди.

Гарчи Radio CRC журналисти Раффаэле Орьемма футболчининг қарорини бошқача изоҳлаган бўлсада («Уни Италияда қолишга турмуш ўртоғи кўндирди»), кўпчилик Дрис «Наполи»га содиқ эканлигию, Неаполни қаттиқ севишини жуда яхши билади. Шундай экан, аввало, Мертенснинг ўзи кетишни истамаган.

Ҳазил-мутойиба, қувноқлик

Бельгия термаси вакили ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўяди. Мисол учун, бир сафар ижтимоий тармоққа ўзи олган кулгули суратни жойлаштириб, остига қизиқарли изоҳ ёзди: «Турмуш ўртоғим пардоз-андозсиз шундай кўринади».

Катрин эса бунга тезда жавоб қайтарди: «Эримнинг уйдаги сурати кўришга ҳам арзимайди...». Ажойиб муносабат!

Майдонда ҳам ҳазил

Бельгия ва Греция терма жамоалари ўртасидаги учрашувда рақиб футболчиси Георгиос Цавеллас қаҳрамонимиздан бироз ранжиди. Гап шундаки, Дрис унинг бурнидан тортиб қўйганди. Муҳими, қувноқ футболчи бу ҳаракатини ҳазилга йўйиб, можарога йўл қўймади.

Чиройли гол

Мертенс Бельгия термасининг ЖЧ-2018даги голлари ҳисобини антиқа зарбаси билан очиб берди. Унинг панамаликлар киперига «совға»си ҳали экранларда кўп айлантирилиши тайин.

Балки Дрис якунда турнирнинг энг чиройли голларидан бири муаллифи сифатида эътироф этилар. Қойилмақом траектория ва беназир гол!

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:20, 05.07.2018.
Ўқилди: 3087 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.