Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жасур Ҳасанов: «Мавсумни кучлилар сафида якунлашни хоҳлаймиз»

Баҳо:
+ | -

Pepsi Суперлигасида жаҳон чемпионати муносабати билан берилган таътил ҳам поёнига етиб қолди. Барча жамоалар сингари Бекободнинг “Металлург” клубида ҳам ҳал қилувчи ўйинларга тайёргарлик жараёни жиддий олиб бориляпти.

Бекободликлар етакчиларидан бири Жасур Ҳасанов ПФЛ расмий сайтига янги мавсум, жамоа олдига қўйилган вазифалар тўғрисида гапириб берди.

-  Жасур, машғулотларни кузата туриб, сизнинг умумий гуруҳдан ажралган ҳолда алоҳида шуғилланганингизга шоҳид бўлдик. Жароҳатдан тўлиқ қутилмадингизми? Тикланиш жараёни қандай кечаяпти?

-  Тўғри қайд этдингиз, ҳозирча жисмоний тайёргарлигимни ушлаб туриш учун индивидуал тарзда шуғулланаяпман. Хабарингиз бор, биринчи давранинг “Қизилқум”га қарши кечган сафар учрашуви пайтида оёқ пайларимни чўзиб олгандим. Қисқа даволанишдан кейин ўзимга келгандек бўлдим. Мураббийларимиз шошилмасликни, яхшилаб соғайиб олишимни айтишди. Аммо ҳал қилувчи ўйинлар кетаётган бир пайтда тезроқ жамоадошларимга ёрдамга ошиқдим, ўзимни ўйинларга юз фоиз тайёрдек ҳис этдим. “Локомотив” ҳамда “Насаф”га қарши учрашувларга заҳирадан майдонга туширишларини сўрадим. Афсуски, жароҳатдан тўлиқ қутилмаганлигим маълум бўлди. Мана энди яна ўша жароҳат асоратларини бартараф этиш билан машғулман.

-  Сафга қачон қайтасиз?

-  Бир нарса деёлмайман. Мураббий ва шифокоримизнинг таъкидлашича мен яна икки уч тур жамоадошларимга ёрдам бера олмайман.

-  Таътил қандай кечди? Чемпионатни соғиниб қолгандирсизлар?

-  Албатта. Бу йил чемпионатимиз жуда қизиқарли кечаяпти. Худди Европанинг кучли чемпионатларидаги сингари ҳеч битта учрашувда натижани олдиндан башорат қилиб бўлмаяпти. Томошабинларнинг ташрифи ошганини айтмайсизми. Бундай чемпионатни соғинмай бўларканми? Ҳатто жаҳон чемпионати кетаётган бир пайтда ҳам хаёлимиз ўзимизнинг чемпионатимизда. Мавсум тезроқ давом эттирилса-ю, яна ишқибозларимиз қаршисида чиройли ўйинларимиз билан уларни хурсанд этишга киришсак, деймиз. PepsiСуперлигаси ўзимизга ҳам жуда манзур бўляпти. Ҳар битта учрашув байрамона тарзда ташкиллаштирилмоқда. Эътибор беринг, мамлакатимизда футболни ривожлантиришга қандай катта эътибор берилмоқда. Биргина Бекобод шаҳри мисолида олиб қарайдиган бўлсак, қисқа фурсат ичида “Марказий” стадионимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарди. Янгича қиёфа касб этди. Жамоада футболчиларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътиборга фақатгина муносиб ўйинлар билан жавоб бериш керак, деб ўйлайман.

-  “Металлург” айни пайтда олтинчи ўринда бораяпти. Жамоа ўз олдига қўйилган вазифани қанчалик уддалаяпти?

-  Мавсум арафасида жамоамиз таркиби деярли янгиланди. Янги мураббийлар штаби иш бошлади. Биринчи мавсумнинг ўзидаёқ бундай ўзгаришлар билан катта вазифаларни бажариш қийин бўларди. Бироқ мураббийларимиз танлаган йўл, олиб бораётган сиёсат тўғрилиги натижаларимизда аксини топаяпти деб ўйлайман. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу йил осон ўйинларнинг ўзи йўқ. Ўз навбатида барча жамоалар юксак мақсадлар сари ҳаракатланишаяпти. Бизнинг жамоамиз олдига ҳам кучли олтиталикка кириш вазифаси қўйилган. Ҳозирча олтинчи ўринда бораяпмизми, демак вазифа сари оғишмай ҳаракатланаяпмиз. Энг асосийси, аҳил, уюшқоқ, ҳамфикр йигитлардан иборат жамоага эгамиз. Бундай коллектив билан эса бемалол ҳар қандай вазифани бажарса бўлади.

-  Иккинчи даврада қолган учрашувларнинг катта қисми сафар ўйинлари, бу сизларни чўчитмаяптими?

-  Асло. Сафарда мезбон жамоани тўлиқ қўллаб қувватлаётган мухлислар қаршисида тўп суриш осон эмас. Бироқ биз “Локомотив”, “Насаф” сингари кучли жамоалар мухлислари қаршисида ўйнадик. Очколи бўлдик. Демак, мақсад сари интилинса, иштиёқ катта бўлса ҳар қандай қийин вазифани бажарса бўлади.

“Металлург” матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди. 

Манба: www.pfl.uz
Киритилди: 10:55, 06.07.2018.
Ўқилди: 2511 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.