Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ниҳоясига етди.
Мусобақа ўзбекистонлик ёш полвонлар учун омадли келди. Бугун чемпионатнинг сўнгги куни доирасида эркин кураш бўйича баҳслар бўлиб ўтди.
-61кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Аббос Раҳмонов турнир давомида Жанубий Корея, Тожикистон, Хитой ва Қозоғистон вакилларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланди. -125кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Ҳасанбой Раҳимов Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея вакилларидан устун келиб, финалга йўл олганди. Ҳал қилувчи жангда эса у эронлик полвонга имкониятни бой бериб қўйди.
Маълумот учун, мусобақа давомида юнон-рум кураши баҳсларида Темурмирзо Мамажонов (олтин), Камол Қўзиев (кумуш), Маҳмуд Баҳшиллоев (бронза), Тўрабек Тиркашев (бронза), аёллар курашида Набира Есенбаева (кумуш) ва Баҳтигул Балтаниязова (бронза), эркин курашда эса Ғуломжон Абдуллаев (олтин), Аббос Раҳмонов (олтин), Ҳасанбой Раҳимов (кумуш) Муҳаммадрасул Раҳимов (бронза) совриндорлар қаторидан жой олишди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан 10 та медаль (3та олтин, 3та кумуш ва 4та бронза) билан қайтадиган бўлди.