Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

МОҚда спортчиларимизни Осиё ўйинларига кузатиш маросими ва янги спорт экипировкалари тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳо:
+ | -

Яна бир неча кундан сўнг, аниқроғи 18 август куни Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари старт олади. Бугун, 7 август куни Миллий олимпия қўмитаси биносида ушбу мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизни расмий кузатиш маросими ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Республикаси Президент девони масъул ходими Зафар Бакиев, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, етакчи спортчиларимиз, спорт федерациялари вакиллари ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Ўзбекистон спорт делегацияси муҳим мусобақа остонасида турибди. Яна бир неча кундан сўнг Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари старт олади. Яқинлашиб келаётган мусобақа биз учун тарихий аҳамият касб этади. Чунки, миллий спортимиз – Кураш айнан ушбу Осиё ўйинларидан бошлаб мусобақа дастурига киритилди. Бу ўзбек спортининг навбатдаги ютуғи бўлди десак муболаға бўлмайди.

Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича улкан ҳажмда иш олиб борилди. Етарли шароитлар яратиб берилди. Шуни унутмангки, ортингизда халқимиз ва Президентимиз турибдилар. Бор маҳоратингизни кўрсатиб, ўзбек ёшлари нималарга қодир эканликларини намойиш этинг. Ишонаманки, мусобақа ҳар доимгидан ҳам омадли бўлади. Ой бориб, медаллар шодаси билан қайтинглар”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам сўзга чиқиб, спортчиларимизга омад тилади.

“Осиё ўйинларида қатнашадиган спортчиларга омад тилаймиз. Шахсан Президентимиз сизлардан муваффақиятли иштирок кутмоқдалар. Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимига яқинда тайинландим. Насиб қилса, қайтиб келганингиздан сўнг учрашамиз, бафуржа суҳбатлашамиз. Ўйинларда барчага омад тилайман. Осиё ўйинларида медалларимиз кўп бўлсин. Ёруғ юз билан кутиб олайлик”, – деди Дилмурод Набиев.

Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов Ўзбекистон спорт делегацияси учун эксклюзив тарзда ишлаб чиқарилган спорт либослари ҳақида гапирди.

“Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясига чет эл компаниялари томонидан қизиқиш бу даражада бўлади деб ўйламагандик. Спорт экипировкалари бўйича чет эл компаниялари бизга таклиф билан чиқишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Хитойнинг «QIERTE Co. Ltd» компанияси томонидан PRES-JOG бренди остидаги спорт либосларини танлади. Экипировкаларни танлашда Индонезиянинг субтропик иқлими, у ернинг ёмғирли об-ҳавоси ҳисобга олинди. Умид қиламанки, ушбу либослар биз учун омадли бўлади”, – деди Жасур Матчанов.

Сўнгра, Азиз Абдуҳакимов делегациямиз байроқдори Исроил Мадримовга тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғини топширди.

“Ушбу катта ва масъулиятли вазифа менга топширилганидан бениҳоя хурсандман. Шарафли вазифани қўлдан келганича олтин медаль билан оқлашга ҳаракат қиламан. Менда олтин медални қўлга киритишим учун етарлича мотивация бор. Чунки, олдинги Осиё ўйинларида финалгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритгандим. Энди уни олтинга айлантираман. Индонезиядаги мусобақада барча спортчиларимизга омад тилайман”, – деди Исроил Мадримов.

Тадбир давомида шунингдек, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов сўзга чиқиб, олдинда турган мусобақа ниҳоятда масъулиятли эканлиги ҳақида гапирди.

“Саноқли кунлардан сўнг барчамиз учун муҳим ва нуфузли мусобақа бошланади. Биз спортчилар Индонезияда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Яратилган шароитлар учун муҳтарам юртбошимиз, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорчилик билдирамиз. Осиё ўйинларида олтин медаль билан юртдошларимизни хурсанд қиламиз”, – деди Ҳасанбой Дўсматов.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни бошланадиган Осиё ўйинларида юртимиз шарафини 232 нафар спортчи 30та спорт турида ҳимоя қилади. Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси ҳам яқинлашиб келаётган Осиё ўйинларида спортчиларимиздан муваффақиятли иштирокни кутиб қолади.

  

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 16:36, 07.08.2018.
Ўқилди: 1607 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.