Андижонда футболни янада оммавийлаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, асосийси - қишлоқ ёшлари ичидан энг иқтидорли спортчиларни танлаб олиш мақсадида мавжуд 878та маҳалла жамоалари ўртасида нуфузли мусобақа ташкил қилинди.
Мусобақада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳаллий футболчилардан тузилган жамоалар иштирок этишмоқда. "Вилоят ҳокими Кубоги" мусобақасининг туман босқичидан ўрин олган баҳсларда Пахтабод туманидаги 67та маҳалла фуқароларидан тузилган жамоалар 17 кун давомида беллашишди. Якунда финалга “Гулобод” ва “Муаззимбой” жамоалари етиб келишди.
Туман марказидаги ўйингоҳда ўтказилган баҳс пахтаободликлар учун оммавий сайл кўринишида ташкил этилганига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Кўп сонли томошабинлар ташриф буюрган учрашув мухлислар кутганидек жуда қизиқарли ўтди. Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланиб, пенальтилар сериясида “Гулобод” маҳалласи футболчиларининг қўли балан келди. Энди улар мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этади.
Жамоалар биринчи босқични ўз секторларида ўтказиб, иккинчи босқич туман биринчилигига йўл олади. Ўз туманида ғолиб бўлган жамоалар вилоят босқичида тўп суради.
Туман миқёсида ғолиб ва совриндор бўлган маҳалла футболчилари ва мураббийларига туман ҳокими Маҳмуджон Бозоров, вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатовлар самимий тилакларини билдириб, ташкилотчилар номидан диплом ва эсдалик совғалари топширишди.
“Мусобақа аввалида эълон қилинганидек, вилоятда биринчи ўринни олган жамоанинг маҳалласи ҳудудига замонавий мини-стадион қуриб берилади. Совриндор жамоаларга эса катта суммадаги спорт жиҳозлари топширилади”, - дейди вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов.