Хитойдаги халқаро мусобақада иштирок этиб мусобақа чемпионлигини қўлга киритган Ўзбекистон U-21 терма жамоаси устози Жамшид Саидов ва “Энг чиройли гол” соврини эгаси Шерзод Насруллаевлар Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати билан суҳбатлашиб, мусобақа ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Жамшид Саидов: – Авваламбор ушбу мусобақани юксак савияда ташкил этиб, бизларни таклиф қилгани учун Хитой футбол ассоциациясига ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтсам. Ташкилий томондан мусобақа жуда ҳам юқори савияда ўтди. Хабарингиз бор, мусобақада 4 та жамоа иштирок этди. Хитой, Ўзбекистон, Тожикистон ва Мьянма U-21 терма жамоалари. Мусобақа давомида 2 та ғалаба ва 1 дуранг натижа қайд этишгани учун футболчиларга катта рахмат дейман. Ўйинлар давомида футболчиларимиз техника, характер ва жисмоний жиҳатдан ўзларини ижобий томонлама намойиш қила олишди. Ҳар бир ўйинда ғалабага бўлган иштиёқ яққол сезилиб турди. Биз қисқа муддат давомида жамоани бир мақсад йўлида бирлаштира олдик.
– Узоқда бўлишимизга қарамасдан, халқимизнинг, футбол мухлислари-ю спортга қизиқувчи барча-барчанинг бизни қўллаб-қувватлаб турганларини ҳис қилиб турдик. Бунинг учун Сиз азизларга жамоамиз номидан миннатдорчилик изҳор этаман. Яна бир алоҳида миннатдорчиликни шу турнирда қатнашиш учун барча шароитларни яратиб берган Ўзбекистон футбол ассоциациясига билдираман.
– Бу халқаро турнирда йигитлар катта тажриба тўплашди деб бемалол айта оламан. Бундай мусобақаларда тез-тез қатнашиш футболимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшади деб ҳисоблайман. Ассоциациямиздан бундай халқаро мусобақаларни юртимизда ҳам ташкил қилишларини сўрар эдим. Шунда юртимиз ҳам футбол байрамига мезбонлик қилиб, ташриф буюрган ўзга юрт вакиллари серқуёш Ўзбекистоннинг маданияти, урф-одатлари, меҳмондўстлиги-ю спортда эришаётган ютуқлари билан танишиш имкониятига эга бўлар эдилар.
Шерзод Насруллаев: – Авваламбор мусобақа ташкилотчилари ва бизни қўллаб-қувватлаган барча футбол ишқибозларига раҳмат демоқчиман. Бу нафақат бизнинг балки ўзбек футболининг ғалабаси ҳамдир. Ўйинлар жуда ҳам яхши савияда ўтди. Барча рақиблар бизга кучли қаршилик кўрсатганларига қарамасдан биз ғолиб бўлишга эришдик. Бу терма жамоамизнинг юртимизга байрам туҳфаси бўлган бўлса ажаб эмас.
– Ҳимоячи бўлишимга қарамасдан мен киритган тўп мусобақанинг “Энг чиройли гол” номинациясида ғолиб чиқди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим ва кейинги ўйинларда ҳам тўп киритиш иштиёқи кучайди. Сўзим охирида, бизга ишонч билдириб шу мусобақага юборгани учун халқимизга, футбол ихлосмандларига ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясига яна бир бор миннатдорчилик изҳор этаман.