Ўзбекистон ҳамда Эрон ўртасида кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
“Биз икки хил тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи таймда биз яхшироқ ўйнадик. Рақиб оддий жамоа эмас эди. Бу ўйинда ҳимоя чизиғи ва ярим ҳимоя чизиғи олдинги ўйинга нисбатан яхшироқ ўйнади. Хужум чизиғи устида кўпроқ ишлашимиз керак.
Бу синов ўйини бўлгани сабабли кўплаб ўйинчиларни алиштирдим ва шу сабаб ҳам иккита тайм бир биридан фарқ қилди. Менинг тактикамдаги ўйинда асосан ҳимоядан хужумга ўтилади. Биз жуда ҳам кучли жамоага қарши тўп сурдик. Футболчилар менинг тактикамга мослашиши учун вақт керак.
Мен ўтказилган икки ўйинда жамоанинг хатолари ҳақида етарли хулосага келиб олдим. Кимлар жамоада қолади, кимлар эса кетиши ҳақида яхшилаб ўйлаб бир фикрга келаман.
Осиё кубогига тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Бунинг учун профессионал футбол лигасининг ўйинларини муддатидан аввал тугатиш шарт эмас. Биз ёшларга ҳам эътибор беришни бошладик. Октябрдаги ўйинларга ёшлар терма жамоасидан ўйинчилар чақирилади.
Ҳаттоки Сиз терма жамоалардаги ўйинларда умуман иштирок этмаган ўйинчиларни ҳам кўрасиз”, - дейди Купер.