Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

ОАВ: Илҳом Мўминжонов «Навбаҳор» ўйинларини сотган...ми?

Баҳо:
+1 | -

Исми номаълум экани айтилган шахснинг «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳақидаги кескин гаплари Championat.asia нашри томонидан эълон қилинди.

Хабарда аноним шахс томонидан мурожаат қилингани ёзилган эди. Аммо, аудиоёзувда Рўзим номи тилга олинган. Натижада, гапирган одам «Навбаҳор»нинг собиқ ҳужумчиси Рўзимбой Аҳмедов экани гумон қилинмоқда.

Аудиоёзувдаги шахс қуйидагиларни сўзлаган.

«У ёш футболчиларнинг шартномасига маошини кўпайтириб ёзяпти, кейин бир қисмини ўзи ўзлаштирмоқда. Бундан ташқари, сафардаги ўйинларни сотган. У ҳамма пулларни ўзлаштириб, кетиб қолмоқчи. У мени мавсум ўртасида ҳайдаб юборди, болаларимнинг ризқини қирқди. У менга бир тийин пул бермади, аммо ҳокимга «ҳамма билан ҳисоб-китоб қилинди», деб айтди. Бу билан ҳокимни алдади. 

«Навбаҳор»да икки марта оёғим синди. Аммо мени даволашга қўймаган, олдин мана шу ўйинда майдонга туш, кейин даволанасан деган. Укол қилиб, синган оёғим билан ўйнаганман. Иккинчи марта оёғим синганидан сўнг, мени ҳайдаб юборди. Операцияга бир сўм пул бермади. Оёғимга темир қўйилган. Шундай бўлса-да, мухлислар ҳокимга мурожаат қилиб, мени чақириб олишган. Аммо, шунда ҳам майдонга туширмади. Ёрдамчи мураббийлар «Рўзимни тушир», деса ҳам, унамаган.

Ёзда бир неча марта кабинетига чақириб, мени ҳайдаб юбормоқчи бўлган. Мени мухлислар чақирганини, улар учун ўйнаётганимни айтганимдан сўнг, жаҳл қилиб, «энди бутунлай ҳайдалдинг», деган».

Бироз ўтгач, ПФЛ ходими Диёр Имамходжаев бу хабарга ўз муносабатини билдирди ва аудиоёзувдаги шахсни Рўзимбой Аҳмедов, у гапирган одам «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов эканини ошкор қилди.

«Навбаҳор бош мураббийи ҳақида футболчи Рўзимбой Аҳмедов айтган гаплар бугун энг кўп мавзу қилиняпти. Мен Навбаҳор бош мураббийига ҳам, футболчига ҳам ишонмайман. Ўртада пуллик масала турганидан кейин бундай можароларнинг чиқиши оддий бир ҳол. Аммо футболчи қилган ишни оқламайман» - деб ёзди Имамходжаев ўз телеграм каналида. 

«Биринчидан, мураббий шаънига тегадиган гаплари кўп. Шунинг ўзига уни судга бериш мумкин.

Иккинчидан, агар футболчининг Навбаҳордан кетишида бирор қоидабузарлик (ёки қонун) бўлса, унда мазкур иш юзасидан Профессионал футбол лигасига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Шу йилнинг ўзида бу каби ўттизга яқин футболчининг масаласи ижобий томонга ҳал қилиб берилди. 

Учинчидан, мураббий ўз функцияларини бажариши ва ақли етмаганига аралашмаслиги керак. Мураббий натижа учун, машғулотлар учун, клубнинг майдондаги фалсафаси учун жавобгар бўлган шахс. Клублар бош директорлари (менежер) эса шартномалар, ҳисоб-китоб каби ишларни жойига қўйиши керак. Ўзбекистон футболини орқага тортадиган энг аҳмоқона ишлардан бири айнан мураббийларнинг ўз вазифасидан ортиқ масалаларга даъвогарлик қилишидир.  
Профессионал футбол лигаси бундай ишларни назорат қилиш юзасидан аллақачон иш бошлаган. 2018 йил сўнгига қадар барча футбол клубларига ФИФА қоидалари асосида тайёрланган шартнома нусхаси тақдим этилади. Мазкур шартномаларга клуб ва футболчи ўз шартларини, қўшимчаларини киритиши мумкин. Бироқ у ёки бу томоннинг шартномани бекор қилиши, қарздорликлар ва бошқа қатор масалалар бунда конкретлаштириладики, футболчиларда иғво, фисқ-у фасод учун ҳожат қолмайди.

Эндиликда ЎФА Хавфсизлик бошқармаси Рўзимбой Аҳмедов билан албатта кўришади (футболчи айтганлари учун жавоб бериши керак). Унинг фикрларида қанчалик жон борлиги, Мўминжоновнинг аслида қандай фаолият олиб бораётгани юзасидан текширув бўлади (ўзини ҳурмат қилган клуб сифатида буни Навбаҳорнинг ўзи амалга ошириши керак аслида). 

Аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман. Оиласини ҳаром пуллар билан боқаётган ва ўйинларни сотиш орқали тотализатордан пул ишлаётганлар орамизда кўп. Уларнинг айнан кимлигини эса факти билан билмаймиз. Уларнинг қўлга тушиши ва асл юзи фош бўлишини оддий бир мухлис сифатида жуда истаган бўлардим», - деб тугатди Имамходжаев.

Киритилди: 18:19, 25.09.2018.
Ўқилди: 7227 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.