- Ўзбекистон кубоги ярим финал босқичида “Бунёдкор” жамоасига қарши баҳс олиб бординглар ва тарихда илк бор финал йўлланмасини нақд қилдинглар. Ушбу учрашувда ғалаба қозониб финалга чиқиш сизлар учун қанчалик қийинчилик туғдирди?
- “Бунёдкор” клуби Ўзбекистондаги энг кучли жамоалардан бири эканини барча футболчилар яхши билишарди. “Қалдирғочлар” ҳамма томонлама кучли эканлигини ҳамма билади. Қийин бўлган учрашувда керакли бўлган ғалабани қўлга киритдик. “Бунёдкор”га қарши барча футболчиларимиз натижа учун ҳаракат қилди. Кўп сонли футбол мухлисларни “қалдирғочлар”нинг ғалабасини таҳмин қилганди. Мураббийимизнинг кўрсатмаларини тўғри бажардик, деб ўйлайман. Кўплаб футболчилар сафарда ўйин ўтказиш қийин бўлади, дейишади. Лекин бизда ундай эмас. Сафарда баҳс олиб бориш биз учун уйдаги учрашувларга қараганда нисбатан осонроқ. Меҳмондаги ўйинларда кўпроқ ғалаба қозоняпмиз. Қаршида “Насаф” жамоасига қарши учрашувда ғалаба билан қайтганимиз бунга мисол.
- “Бунёдкор” жамоаси устидан қозонилган ғалабанинг сири нимада?
- Ойбек қиличов, Жасур Ҳасанов, Абдуқаҳҳор Хожиакбаров каби тажрибали футболчилар эвазига биз ғалабани қўлга киритдик. Барибир тажриба ўз сўзини айтади. Таркибимизда ченмпионлик мақомига эга бўлган футболчилар фаолият юритишади. Бош мураббийимиз ҳам рақиб жамоанинг ожиз нуқталарини топди. Шунинг учун ғалабани қўлга киритдик.
- Тажриба эвазига ғалаба қозонганингиз ҳақида гапиряпсиз. Лекин “Бунёдкор” жамоаси таркиб борасида сизлардан кучсиз эмас эди...
- Тўғри, “Бунёдкор” ҳам кучсиз жамоа эмас. Ушбу ўйинда омад биз томонда бўлди. Омад кучлиларга кулиб боқади. Шу куни рақибларимизга қараганда кучлироқ ўйин кўрсатдик.
- Сиз Даврон Файзиев, Вадим Абрамов каби мураббийлар қўл остида ҳам фаолият юритгансиз. Ҳозирги кунда АГМК жамоасида Бахтиёр Ашурматов билан бирга ишлаяпсиз. Ушбу мураббий ҳақида қандай фикрдасиз?
- Инсоний жиҳатлари томондан юқорида санаб ўтган мураббийларнинг барчаси футболчилар билан илиқ муносабатда бўлишган. Уларнинг футболчилар билан бўлган муомаласи яхши бўлган. Мураббийлик томонидан ҳар бирининг ўйин услуби умуман бошқача. Уларнинг ўзларини ўйин тактикаси бор. Бахтиёр Ашурматов ҳам юқорида санаб ўтган мураббийлар сирасига киради. Бахтиёр Ашурматов футболчиларни нафсониятига тегадиган сўзлар билан ҳеч қачон хақорат қилмайди. Бахтиёр ака Ашурматов айрим мураббийларга ўхшаб бизга тақиқ қўймайди.
- Ўзбекистон кубогида тарихда илк бор финал йўлланмасини қўлга киритдинглар. Айтиш жоизки финалда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши баҳс олиб борасизлар. Ушбу ўйиндан олдин қандай фикр билдирасиз?
- Кучсиз рақиблар финалга чиқишмайди. Биз ўзимиздан-ўзимиз финалга чиқиб қолмадик. “Насаф”, “Бунёдкор” каби кучли жамоаларни мағлубиятга учратдик. “Пахтакор” ҳозирги кунда энг кучли жамоалардан бири. “Шерлар”нинг захираси ҳам кучли. Ҳар бир футболчиси ўзига ҳос маҳоратга эга.
Абдуллоҳ суҳбатлашди