Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

«Реал», «Бавария», «МЮ»...уларга нима бўляпти ўзи?

Баҳо:
+ | -

Бу йилги евромавсум катта «сенсация»лар билан бошланди. Аниқроғи, миллий чем-пионатларнинг охирги турларида «ғалати» натижалар кўп қайд этилмоқда.

Мисол учун, «Реал» Ла-лигада қаторасига 3та ўйинда гол уролмади. Қизиқ, жуда қизиқ... Умуман, «Қироллик клуби» мавсум-2018|2019 стартини барбод қилган ягона гранд эмас.

«РЕАЛ» - Испания Примероси

Ҳозирги мавқеи: 4-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 3-ўрин

Криштиану Роналду ва Зайниддин Зидан кетишгач, «Реал»нинг Испания футболидаги ҳолати кескин ёмонлашди. Журналистлар омадсизлик сабабларини қидириш билан бандлар. Биринчидан, янги бош мураббий Хулен Лопетеги жамоани Криштианусиз қандай шайлантиришни ҳали тушунганича йўқ. Иккинчидан, «Мадрид»ни жароҳатлар қийнаб қўйди, шунчаки. Мисол учун, Гарет Бэйл, Марсело ва бошқа муҳим футболчилар сафдан чиқишди.

Албатта, «Реал» тизимида жароҳатланган ўйинчилар ўрнини босадиганлар бор, бироқ гоҳида таркибнинг кескин ўзгариб кетиши аламли мағлубиятга олиб келмоқда. Қолаверса, ОАВ кучли босим ўтказмоқда. Биргина Marca нашри охирги ҳафтада Хулен Лопетеги ўрнига икки мураббий номзодини илгари сурди: Антонио Конте ва Арсен Венгер. AS эса «Реал» агар «Эль-класико»ни бой берса, Лопетеги истеъфога чиқарилиши ҳақидаги гап-сўзларни тасдиқлади. Тўғри, жамоа президенти Флорентино Перес ҳозирча хотиржам ва вақт ўтиши билан ҳаммаси ўз ўрнига тушишига ишонмоқда.

«БАВАРИЯ» (Германия Бундеслигаси)

Ҳозирги мавқеи: 6-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 1-ўрин

«Бавария» охирги 8 йил бадалига чемпионлик масаласи ҳал бўлмаган даврда ички лигада илк марта кетма-кет 3та ўйинда ғалаба нималигини билмади. Охирги турдаги мағлубият ҳаммасидан ошиб тушди: «Боруссия» (Менхенгладбах) Мюнхенда хотиржам ўйнаб, Мануэль Нойер дарвозасига 3та жавобсиз гол урди ва амалдаги чемпионни турнир жадвалининг 6-қаторига суриб юборди.

Шундан сўнг Bild нашри «Бавария»даги вазиятни обдон ўрганиб чиқди. Германиялик журналистларнинг баҳолашларича, ҳозирги омадсизликларда 40 фоиз айб клуб раҳбарияти зиммасига тушар экан. Футболчилар ва бош мураббий Нико Ковачнинг «улуши» эса тенг - 30 фоиздан. Аслида-ку, Ковачни кескин айблаш ўринсиздек. Аммо футболчиларда мураббийга эътироз катта. Ўша Bild газетасида ёзилишича, «Бавария» ўйинчилари ўта оғир машғулотлар жараёни ва беқарор тактикадан зада бўлишган. Жамоа президенти Ули Хёнесс эса яқинда ўйин бобида инқироз юзага келганини тан олди. «Бавария» базасида телефондан фойдаланиш тақиқланган, боз устига, раҳбарият трансферларга пул ажратмоқчи эмас. Бундан ҳолатда нима бўларкин?

«МЮ» (Англия Премьер-лигаси)

Ҳозирги мавқеи: 8-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 2-ўрин

Британия матбуоти Жозе Моуриньони истеъфога «чиқариш»дан сира зерикмаяпти. Хусусан, Поль Погба, Люк Шоу ва Алексис Санчес каби футболчиларнинг португалияликдан норози эканликлари бот-бот ёзилмоқда. Ҳа, «Беназир» ва баъзи ўйинчилар ўртасида можаро йўқ эмас ва бу ўйин сифатига путур етказмоқда. Лекин жамоанинг салбий натижаларида бошқа сабаблар ҳам бор, албатта. Собиқ «қизил иблис» - Гари Невилл яқинда анча холисона фикр билдирди: «Гап мураббий эмас, балки раҳбариятда. Мутасаддилар анчадан буён ҳеч қандай режасиз иш тутишмоқда. Мисол учун, Дэвид Мойес атиги 8 ой ишлади. Хўш, уни таклиф этишдан мақсад нима эди? Шу тариқа клубда тартибсизлик, ҳаловатсизлик ва «пойга» бошланиб кетди». «Юнайтед» Глейзерлар даврида тартибсиз тарзда харажат қилаётгани, ўйини қовушмаган қимматбаҳо футболчилар билан осонгина хайрлашаётганини назарда тутсак, Гари Невилл ҳақ. Зеро, узоқ муддатга мўлжалланган таркиб шакллантиришда қандайдир хулоса чиқарилмаётгандек...

«МИЛАН» (Италия «А» серияси)

Ҳозирги мавқеи: 10-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 10-ўрин

«Милан» директори Леонардо сентябрда жамоанинг асосий мақсадига тўхталиб, ўзгача баёнот берди: «Биз ишончни йўқотиб қўйдик. Демак, биринчи галдаги вазифа - 7-ўринни эгаллаш руҳиятидан қутулиш». «Россонерлар» дарҳақиқат, кўпроғига муносиблар. Биринчидан, жамоада барча футболчиларни руҳлантирадиган ва энг заиф рақибга қарши ўйинда ҳам бўшашишга йўл қўймайдиган мураббий бор - Женнаро Гаттузо. Иккинчидан, «Милан» ниҳоят, маҳсулдор ҳужумчилар (Патрик Кутроне ва Гонсало Игуаин жуфтлиги 11та ўйинда 7та гол урди)га эга бўлди. Учинчидан, жамоа ихтиёрида яхшигина плеймейкерлар бор.

Дейлик, Сусо 1та ўйинга тўғри келадиган ўртача узатмалар сони (11та) бўйича «А» сериясида пешқадамлик қилмоқда. La Gazetta dello Sport журналисти Паоло Манфориди ҳам Леонардо фикрини тасдиқламоқда: «Милан» ажойиб ижрочилар гуруҳига эга, аммо ишонч йўқлиги жамоанинг энг катта муаммосидир». Унинг айтишича, айни ҳолатда Гаттузо ўрнига бошқа мураббий чақиришдан маъно йўқ. Бир томондан, дейлик, ишсиз ўтирган Антонио Конте ҳам тажриба, ҳам тактика бобида Гаттузодан устун. Лекин бошқа тарафдан, айни пайт жиддий ўзгаришга қўл уриш деярли 1 йилдан буён шакллантирилаётган ички муҳитни бузиб юбориши ҳеч гап эмас.

«МОНАКО» (Франция 1-лигаси)

Ҳозирги мавқеи: 18-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 2-ўрин

Князлик клуби ўтган мавсум 2-ўринни банд этганди. Бу сафар эса... Ҳа, «Монако» ёзда Тома Лемар, Теренс Конголо ва Фабиньо каби етакчиларини сотиб, таркибини нисбатан ёш, лекин истиқболли футболчилар ҳисобига тўлдирди. Шунга қарамай, Леонарду Жардим жамоасининг 11 августдан буён ғалаба қозонолмаганию, турнир жадвалининг 18-қаторига тушиб қолгани тушунарсиз ҳолат, барибир. «Монако»нинг айнан нима қийнаётганини тахмин қилиш ҳам қийин... Бош мураббийни дарҳол ишдан бўшатиш билан вазият ўзгариб қолмаса керак. Ҳар ҳолда, Жардим - ёш футболчилар билан самарали ишлаб, уларни янги даражага олиб чиқиш ҳадисини олган устамон мутахассис эди. Бироқ клуб раҳбарияти озгина сабр қилишни истамади...

«ФЕНЕРБАХЧЕ» (Туркия Супер-лигаси)

Ҳозирги мавқеи: 15-ўрин

Бир йил олдинги мавқеи: 5-ўрин

«Фенер» 8та ўйинда атиги 8 очко олди ва турнир жадвалининг 15-поғонасида бормоқда - жамоанинг шу 10 йилликдаги энг ёмон старти. Айрим мухлислар жорий мавсумдаги омадсизликларда биргина бош мураббий Филипп Кокуни айблашмоқда. Голланд мутахассиси клуб билан июнь ойида шартнома тузганди. Таркибга қарасак, айниқса, ажойиб ҳужумкор ўйинчилар кўп: Андре Айю, Яссин Бензия, Ислом Слимани, Роберто Сольдадо, Матьё Вальбуэна. Бироқ муаммо шундаки, улар Коку тактикасини тушунишмаяпти. Қаранг, шу 5 футболчи номига атиги 4та гол ёзилди. Турк матбуоти эса ҳимоядаги ўта суст ҳаракатларга эътибор қаратиш баробарида дарвозабонларни ношудга чиқармоқда. Лекин Туркияда кўпчиликнинг хулосаси оддий: «Фенербахче» айнан мураббийлик ғояларини англолмай, азобланмоқда». 

Акс манзара...

Табиийки, еврофутболга ўзгача жило бераётган «сенсациячи» жамоалар ҳам бор, албатта. 

«Борнмут» (Англия Премьер-лигаси)

6-ўрин: 8та ўйин, 5та ғалаба, 1та дуранг, 2та мағлубият

Етакчи футболчи: Уилсон Каллум

Факт. «Борнмут» 8та тур якунига кўра, АПЛнинг 4-сермаҳсул иштирокчиси бўлиб турибди - 16та гол. Яъни «Манчестер Сити», «Челси» ва «Арсенал»дагина голлари сони кўпроқ, холос.

«Алавес» (Испания Примероси)

6-ўрин: 8та ўйин, 4та ғалаба, 2та дуранг, 2та мағлубият

Етакчи футболчи: Ибай Гомес

Факт. Ўтган мавсум 14-ўринни банд этган клуб айни пайт пешқадам - «Севилья»дан атиги 2 очко ортда қолмоқда, холос.

«Сассуоло» (Италия «А» серияси)

8-ўрин: 4та ғалаба, 1та дуранг, 3та мағлубият

Етакчи футболчи: Доменико Берарди

Факт. Камтарин жамоа ёзда Грегуар Дефрель («Рома»), Диего Фальчинелли («Болонья»), Франческо Ачерби («Лацио») ва яна бир қатор ўйинчиларини жами 45 млн. еврога пуллади. Шунга қарамай, «Сассуола» жорий мавсум «Интер», «Лацио», «Фиорентина» каби таркиб нуқтаи назаридан кучли иштирокчиларга нисбатан кўпроқ гол урди - 15та (чемпионат бўйича 3-яхши кўрсаткич)

«Вердер» (Германия Бундеслигаси)

4-ўрин: 7та ўйин, 4та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият

Етакчи футболчи: Дави Классен

Факт. Ҳозирги «Вердер» - бу ҳимоя. Бременлик «мусиқачилар» илк 7та ўйинда 8тагина гол қўйиб юборишди. Бу Германия чемпионатидаги 3-яхши кўрсаткичдир.

«Монпелье» (Франция 1-лигаси)

4-ўрин: 9та ўйин, 4та ғалаба, 4та дуранг, 1та мағлубият

Етакчи футболчи: Анди Делор

Факт. Ҳимоявий ўйин ҳисобига натижага эришаётган яна бир жамоа. Эътибор беринг, «Монпелье» 12тагина гол уриб, 16 очко ишлади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:32, 18.10.2018.
Ўқилди: 7901 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.