“Насаф” 27-тур учрашувини ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўтказади. Учрашув эртага, 23 октябр сешанба куни “Марказий” стадионимизда соат 18:00да бошланади.
Ўзаро учрашувларга оид фактлар
Ушбу жамоалар миллий чемпионат доирасида бунгача ўзаро 36 маротаба куч синашган. Шулардан 28та ўйинда “аждарлар”нинг қўли баланд келган. 1та ўйинда ўзаро дуранг қайд этилган. Ушбу тарихий дуранг 1998 йил Қаршида қайд этилган. 7 учрашувда “Сўғдиёна” жамоаси ғалаба қозонган. Ўзаро учрашувларда 109 марта дарвозаларга гол киритилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик жамоамиз томонида – 78:31.
Мазкур жамоалар ўртасидаги шу йили Жиззахда бўлиб ўтган учрашувда, “аждарлар” 1:0 ҳисобида зафар қучган эди.
Қаршида бўлган ўзаро учрашувлар тарихидан
Мазкур жамоалар Қаршида ўзаро 18та учрашувда майдонга тушишган. Бу учрашувларда 15 марта “Насаф”нинг қўли баланд келган бўлса, 2 марта “Сўғдиёна” жамоаси ғалабага эришган. Қаршида ўтказилган ўзаро учрашувларнинг фақат биттасида, яъни 1998 йилги мавсумда голсиз дуранг қайд этилган. Қаршидаги учрашувларда дарвозаларга жами 63та гол киритилган. Голлар нисбати бўйича устунлик жамоамиз томонида - 46:17.
Қаршидаги сўнгги ўзаро беш учрашув натижаси
20.09.2014. “Насаф” - “Сўғдиёна” 3:1
31.05.2015. “Насаф” - “Сўғдиёна” 3:1
26.06.2016. “Насаф” - “Сўғдиёна” 2:1
30.03.2017. “Насаф” - “Сўғдиёна” 4:0
30.04.2018. “Насаф” - “Сўғдиёна” 1:2
Ўзаро қайд этилган йирик ҳисоблар
Жамоамиз жиззахликларни энг йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этган. “Сўғдиёна” эса 3:2 йирик ҳисобидаги ғалабага эришган.
Ўзаро ўйинларда “аждарлар” олти марта йирик ҳисобда ғалаба қозонган (3:0 – 2000, 2009, 2016 йил, 4:1 – 2004, 2009, 4:0 - 2017)
Яна бир қизиқарли факт, ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувларда энг “яхши кўрган” ҳисоби - 2:1 ёки 1:2дир. Ўзаро ўтказилган 36 учрашувда бу ҳисоб 10 марта такрорланган.
Мураббийлардан иқтибослар
Ўзингизга маълум, шу йили 1 август куни “Сўғдиёна” ва “Насаф” ва жамоалари Жиззахда ўзаро куч синашган эдилар. Учрашувда жамоамиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўйиндан сўнг мураббийлар қандай фикр билдиришган эди? Қуйида иқтибослар келтирамиз.
Рўзиқул Бердиев: - Бугунги ўйин ягона хатогача бўлди. Рақибимиз ҳимояда хатога йўл қўйди, биз бундан унумли фойдаландик. Йигитларимиз 90 дақиқада эътибор билан ўйин намойиш этишди. Биз рақибни ўрганганимизда шунга амин бўлдикки, улар ҳар йилгига нисбатан бу йил тажовузкор ва ҳужумкор ўйин намойиш этишаяпти. Шуларни эътиборга олиб, бугунги учрашувдаги асосий вазифамиз ҳимояда хатога йўл қўймаслик эди. Ўйлайманки, буни уддаладик. Йигитлар бутун ўйин давомида тартибли ҳаракат қилишди ва борларини бериб ўйнашди. Бугунги ғалабамизга булар асосий омил бўлди.
Сергей Лушчан: -Жуда қийин ўйин ўтказдик. Баҳс қийин бўлишини билар эдик. Бир ярим кун давомида тикланиш жуда қийин. Режалар амалга ошмади. Учрашувдан сўнг биринчи вазифа бу йўқотилган кучни тиклашдир. Бугун футболчилар майдонда ўзларини кўрсата олишмади. Қўқондаги сафардан сўнг биз жуда кам вақт машғулот ўтказдик ва функционал тиклана олмадик. Ҳалол мағлуб бўлдик. Яратилган вазиятлардан эса унумли фойдалана олмадик. “Насаф” биргина хатомиздан фойдаланди ва ғалаба қозонди.
Жамоалар навбатдаги ўзаро учрашувга қандай етиб келишди?
“Насаф” ўтган 26-тур учрашувини сафарда “АГМК” жамоасига қарши ўтказди ва 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. “Сўғдиёна” жамоаси эса ўз майдонида “Қўқон-1912” жамоасини қабул қилди ва кичик 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Бу жамоалар қуйи олтиликда боришмоқда. Жамоамиз 23 очко жамғарган ҳолда қуйи олтиликнинг 1-поғонасини эгаллаб турибди. “Сўғдиёна” жамоаси эса 16 очко билан 4-поғонада бормоқда. Бўлажак учрашув ҳар иккала жамоа учун жуда муҳим саналади. Шундан келиб чиқиб, бу учрашувни муросасиз ўтишини олдиндан тахмин қилиш мумкин.
Ушбу жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув, бугун 22 октябр куни ёшларимиз қароргоҳи майдонида соат 15:00да бошланади.