Профессионал футбол лигаси ишчи гуруҳи ва янги ташкил этилган Клубларни лицензиялаш бўлими 2019 йилги мавсум режаларини тузиб чиқишда давом этмоқда. Айни вақтда 2019 йилги мавсум учун Суперлига ва Про-лига клубларига қандай талаблар қўйилиши деярли аниқ бўлган. Мазкур масала ЎФА Ижроқўми томонидан тасдиқланганидан сўнг футбол жамоатчилиги учун эълон қилинади.
Унга қадар эса ПФЛ расмий сайти 2019 йил учун амалда бўладиган айрим бандларни эълон қилиб боради. Улардан бири келаси мавсумдан бошлаб Суперлига клубида бош мураббий сифатида фаолият олиб борадиган мутахассисдан “Про” лицензиясининг талаб қилинишидир.
ЎФА қошидаги мураббийлар малакасини ошириш вазифаси билан шуғулланувчи бўлим “Про” лицензияси учун навбатдаги курсни шу йилнинг ноябрь ойида бошлашни режалаштирган. Айни вақтда мазкур бўлим мутахассислари аниқ сана борасида ОФК тасдиғини кутмоқда.
Клубларни лицензиялаш бўлими “Про” лицензияси курсида таҳсил олаётган мураббийларга 2019 йилги мавсум учун шартли равишда Суперлига клубини бошқаришга рухсат беради. 2020 йилдан бошлаб юқорида қайд этилган тизимга тўлиқ ўтилади. Демак, 2019 ва 2020 йиллар давомида Ўзбекистон Суперлигасида фаолият олиб бориш ниятида бўлган мураббийлар ҳаракатни ҳозирданоқ бошлаши керак бўлади.
Бунга қадар эса ПФЛ маҳаллий мутахассислар учун талабни “А”, хорижий мутахассислар учун эса “Про” қилиб белгилаганди. Қолган жамоалар мураббийлари учун талаблар қандай бўлиши кейинроқ расман маълум қилинади.
Маълумот учун, айни вақтда Суперлига клубларини бошқараётган қуйидаги мураббийларда “Про” лицензияси йўқ: Рўзиқул Бердиев (“Насаф”), Улуғбек Бақоев (“Бухоро”), Ҳамид Актамов (“Қизилқум”), Нўъмон Ҳасанов (“Қўқон-1912”), Баҳром Ҳайдаров (“Нефтчи”). Шунингдек, Суперлигага йўл олиш учун назарий имконияти бўлган клублардан “Андижон”, “Сурхон”, “Истиқлол”, “Динамо” каби клублар бош мураббийларида ҳам “Про” лицензияси мавжуд эмас.