Кириш Регистрация

Мбаппе нима учун «Реал»га ўтмаганди? Football Leaks қизиқ маълумотларни ошкор қилди

Баҳо:
+ | -

Football Leaks футбол оламида сенсацион маълумотларни ошкор қилишда давом этмоқда. Килиан Мбаппенинг "Монако"дан "ПСЖ"га ўтиши билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар чоп этилди.

"Реал" Мбаппе учун 180 млн евро тўлашга рози бўлганди
2017 йилнинг ёзида "Монако" Мбаппенинг трансфери борасида қизғин музокаралар олиб борди. Музокаралар трансфер муддатининг сўнгги кунига қадар давом этди. 20 июль куни "Реал" франциялик футболчини сотиб олиш борасида аниқ келишувга эришганди.

"Монако" асосий трансфер нархи ва қўшимча бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 180 миллион евро олиши керак эди. Бундан ташқари, Испания қонунига кўра, мазкур трансфер учун яна 34 миллион евро солиқ тўланиши лозим эди. "Монако" бу суммани тўлашни истамагани учун, Флорентино Перес тўланадиган солиқ суммасини ўз зиммасига олади. Шу боис, Мбаппенинг трансфери "Реал" учун 214 млн еврога тушар эди.

Бундай келишувга қарамай, Килиан Мбаппе "ПСЖ"га ўтишни истаб қолди. "Монако" бош директори Дмитрий Васильев дастлаб жамоанинг асосий рақибига футболчи сотишни истамади. Лекин кейинчалик клуб "ПСЖ"дан "Реал" таклиф қилган пулни талаб қилди. 31 август куни "ПСЖ" бу таклифга рози бўлди. Натижада Мбаппе Парижга кўчиб ўтди.

"ПСЖ" ва "Монако" солиқларни четлаб ўтишди
"Пари Сен-Жермен" дастлаб Килианни 1 йилга бепул ижарага олди. Аммо шартномада бир йилдан кейин уни 145 млн еврога сотиб олиш мажбурияти бор эди. Бундан ташқари, парижликлар футболчини кейинчалик бошқа жамоага сотадиган бўлса, "Монако"га 35 миллион евро бонус тўлаб беради.

Ўтган йили Неймарни 222 миллион еврога сотиб олган "ПСЖ", бундай келишув орқали молиявий ҳалол ўйин қоидасини бузмасликка ҳаракат қилди. Аммо Football Leaks томонидан эълон қилинган ҳужжатлар шуни кўрсатиб турибдики, бепул шартнома орқали томонлар Франция солиқ тизимидан қочиб қолишган.

"Монако" ва "ПСЖ" ўртасидаги дастлабки шартномага кўра, парижликлар Мбаппенинг ижараси учун 30 млн евро тўлашлари керак эди. Бундай ҳолатда "ПСЖ" 10 миллион евро солиқ тўлашига тўғри келар эди. Шу боис, парижликлар ижара шартномасини 20 миллион еврога туширишни таклиф қилишди. Бу таклиф "Монако" раҳбариятига ёқмади. Якунда улар бепул ижара ва 35 миллион евро бонусга келишиб олишди. Трансфер ойнаси ёпилишига 10 соат қолганида раҳбарлар якуний қарорга келишди.

Футболчининг маоши
Мбаппенинг вакиллари музокаралар чоғида 5 йиллик шартнома давомида футболчи 55 миллион евро маош олиши кераклигини талаб қилишди. Яъни, Килиан 5 йил давомида жами 50 миллион евро маош ҳамда шартнома имзолагани учун яна 5 миллион евро мукофот (бу 2 йил давомида тўлаб берилиши керак) олиши лозим. "Пари Сен-Жермен" бу талабга ҳам рози бўлди.

Мбаппе биринчи мавсумда 9,5 миллион евро маош олишни истаганди. Аммо клуб бунга рози бўлмади ва йилдан-йилга ўсиб борувчи маош таклиф қилди. 2017/18 йилги мавсумда Килиан 7 млн ​​евро олган бўлса, ушбу мавсумда 9,3 млн евро олади. Учинчи мавсумда ўйинчи 10,3 миллион евро маош оладиган бўлса, бешинчи йилда франциялик футболчига 12 млн. евро тўланади.

Самолёт, "Олтин тўп", шахсий ходимлар
Энг қизиғи шу жойда. Мбаппе ва унинг оиласи "ПСЖ"дан жуда кўп нарса сўрашди. Жумладан, агар Килиан "Олтин тўп"ни қўлга киритадиган бўлса, жамоанинг энг кўп маош оладиган футболчисига айланишини истади. Бундай ҳолатда унинг маоши 3 баравар ошиб кетган бўларди — 30 млн евро. "ПСЖ" бунга рози бўлмади. Мбаппе "Олтин тўп"га эга чиқадиган бўлса, футболчи бир марталик 500 минг евро миқдорида мукофот олиши ҳақида шартномага банд киритилди.

Ўйинчининг иккинчи талаби. "ПСЖ" молиявий фэйр-плей туфайли Чемпионлар лигасидан четлатиладиган бўлса, Мбаппе компенсация талаб қилди, аммо клуб бу талабга рад жавобини берди. Учинчидан, "ПСЖ" футболчининг яна бир талабини бажаришни истамади. Унга кўра, жамоа Мбаппега шахсий самолёт тақдим қилиб, у ҳар йили 50 соат давомида бу самолётда учиши керак эди.

"ПСЖ" футболчининг бошқа талабини бажарди. Уй ижараси ҳамда 3 нафар ходимлар — хизматчи, ҳайдовчи ва қўриқчининг маошлари учун ойига 30 минг евро тўлаб беради.

Футболчининг агентлари учун тўлов
Football Leaks яна бир қизиқ фактни маълум қилди. Мбаппенинг трансфери учун икки нафар агент ўз улушларини олишди. Жорже Мендешнинг  (Криштиану Роналду ва Жозе Моуриньонинг агенти) ҳисоб рақамига трансфернинг умумий қийматидан 5 фоиз миқдорида — 9 миллион евро миқдорида пул келиб тушди. Аслида Мендеш Мбаппенинг агенти ҳисобланмайди. Мазкур трансферда у қандай ишни бажаргани номаълум.

Яна шу нарса маълум бўлдики, ушбу трансфер учун пуллар "Монако" ҳисоб-рақамига эмас, клуб хўжайини Дмитрий Риболовлевнинг чўнтагига келиб тушади. 2018 йилнинг 30 июль кунига қадар 77 миллион евро тушиб бўлган.

Манба: football24.ua
Киритилди: 20:20, 07.11.2018.
Ўқилди: 18427 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.