Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Нодир Ашурматов: «Сергей Лебедев жуда мағрур инсон»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Про-лигасидаги сўнгги тур натижасидан қатъий назар, мусобақани 3-ўринда якунлайдиган «Истиқлол» жамоасида ҳамон Суперлигага чиқиш имконияти сақланиб турибди. Бунинг учун фарғоналиклар «плей-офф»даги иккита учрашувда ғалаба қозонишлари лозим. Албатта, бу мақсадни амалга ошириш осон бўлмайди. «Истиқлол» бундан аввалги турда «Андижон» майдонида аламли (1:2) мағлубиятга учраганди. Биринчи бўлимда ҳисобни очган Сергей Лебедев шогирдлари танаффусдан сўнг ўз дарвозаларидан иккита тўп олиб чиқишди. Бунга «Истиқлол» дарвозабони Нодиржон Ашурматовнинг уч дақиқа оралиғида иккита сариқ карточка олиб, майдонни тарк этгани ҳам сабаб бўлди. Кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган ушбу ғалабадан сўнг «Андижон» расман элита йўлланмасини қўлга киритди. Биз Андижондаги ўйиндан сўнг Ашурматовлар сулоласининг кенжа вакилидан интервью олдик. 

- Нодир, биринчи саволим пенальти белгиланган ҳолат юзасидан. Аслида нима бўлганди? Сизнингча, ўша вазиятда ким ҳақ-у ким ноҳақ?

- Бу саволга учрашувни стадиондан кузатган мухлислар, ўйиндан кейин ўша баҳсли эпизодлар акс этган видеоларни кўрганлар холис жавоб олишди. Қолаверса, ўзимиз ҳам хатога йўл қўйдик ва бундан мезбонлар унумли фойдаланишди. Менга кўрсатилган иккинчи сариқ карточкада ўзимни айблаган бўлардим. Ўша вазиятда асабларимни жиловлай олмадим. Аммо биринчи сариқ карточка нима учун кўрсатилганига ҳалигача жавоб тополмаяпман. Пенальтидан тепилган тўпни қайтарганимни нимага инобатга олишмади? Буни ҳам тушунмадим. Ҳакамлар ўз ҳисоботларида бу ҳақда ёзишган бўлса керак.

- Учрашув бош ҳаками, ФИФА рефериси Шерзод Қосимов «Дарвозабон тўпни трибунадаги мухлислар томон отиб, натижада уларнинг ғазабани қўзғади», деди. Бу айбловга қандай муносабат билдирасиз?

- Юқорида айтганимдек, иккинчи сариқ карточка ўз айбим туфайли кўрсатилди. Асабларимни жиловлай олмадим. Агар бу хатти-ҳаракатим билан мухлислар ғазабини қўзғаган бўлсам, улардан узр сўрайман. Лекин биринчи огоҳлантиришга нима сабаб бўлганини билишни ўзим ҳам хоҳлардим. Уч дақиқа ичида иккита сариқ карточка кўрсатишга арзийдиган иш қилмагандим.

- Ҳакам ўйиннинг боришига ҳамда якуний натижага таъсир ўтказдими?

- Бу мавзуда ҳеч нарса демоқчи эмасман. Уларни кузатадиган ва ишига баҳо берадиган ЎФА ходимлари бор. Нима бўлганда ҳам ўйин тақдири ўзимизнинг қўлимизда эди. Биринчи голдан кейин ва иккинчи бўлимда совуққонлик билан ҳаракат қилганимизда, ҳеч ким бизга қарши чиқолмасди. Ўн киши бўлиб қолганимизда ҳам яхши ўйин намойиш этдик. Бунинг учун жамоадошларимга миннатдорчилик билдираман. Улар билан фахрланаман.

- «Истиқлол» ютқазишга лойиқмиди?

- Мағлубиятга муносиб ўйин кўрсатмадик. Лекин бу футбол, унда мана шундай кутилмаган ҳолатлар учраб туради. «Андижон»га қарши баҳсдан олдин асосий рақибларимиздан бири бўлган «Машъал», шунингдек, «Динамо»га ҳам имкониятни бой бергандик. Ўша икки учрашувда ҳам ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Афсуски, учта ҳолатда ҳам битта гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Футболда кимдир ютади, бошқаси ютқазади. Умумий олиб қарасак, иккинчи даврани биринчисига қараганда анча самарали ўтказибмиз. Бунинг учун клуб раҳбарияти ҳамда жамоамизни айнан иккинчи даврада бошқарган бош мураббийимиз Сергей Лебедевга раҳмат айтаман. Бу мутахассис аҳил ва матонатли жамоа шакллантира олди.

- «Истиқлол»нинг Суперлигага чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз? Ўтиш ўйинларида ижобий натижа кутиш мумкинми?

- Албатта. Ҳали имкониятимиз бор. Тўғри, ўтиш ўйинлари қийин бўлади. Буни барчамиз тушуниб турибмиз. Лекин айтганимдек, бу футбол, унда ҳар қандай кутилмаган натижа қайд этилиши мумкин. Омад қайси жамоага кулиб боқса, ўша клуб Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Тан олиш керак, Суперлиганинг ҳар бир жамоаси кучли. Ўз ўрнида, биз ҳам бу ўйинларга тайёрмиз. Ҳа, таркибимизда юлдуз футболчилар йўқ. Улар ҳатто элитада ҳам ўйнашмаган. Биз учун ягона имконият берилади. Бундан қай даражада фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ. Нафақат фаолиятимиздаги, балки ҳаётимиздаги энг муҳим ўйинлардан бирида майдонга тушамиз. Суперлигага чиқиш учун икки рақиб тўсиғидан ўтишимиз керак бўлади. Бу имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолишга интиламиз. Ишлашда давом этамиз, қолганини вақт кўрсатади.

- Сергей Лебедевни футболчи сифатида яхши биламиз. Унинг мураббийлик фаолиятига қандай қарайсиз?

- Менга Лебедевнинг ўйинларини кўриш насиб қилмаган. Фақат таърифини эшитганмиз, холос. Бу мутахассис жамоамизга келганидан ке-йин қандай мураббий ҳамда инсон эканлигини билдик. У ҳақда жуда кўп гапириш мумкин. Эътирофлардан газета саҳифалари тўлиб қолади (кулади). Бир сўз билан айтганда, ютқазишни ҳазм қила олмайдиган, жуда мағрур инсон. Бизга бир жумлани кўп уқтиради: «Ҳеч қачон пастга қараманглар, фақат юқорига интилинглар, шунда ўсиш бўлади. Биз учрашувга қандай тайёргарлик кўрсак, ўйинимиз ҳам шундай чиқади», деб қулоғимизга қуяди. Озми-кўпми эришган ютуқларимизда бу инсоннинг ҳиссаси катта. Ишончим комил, ҳали Сергей Лебедев Суперлига клубларида ишлайди.

- Про-лиганинг савияси ҳақида нима дея оласиз? Элитадан сезиларли даражада фарқ қиладими?

- Шубҳасиз. Фарқ сезиларли даражада кўзга ташланади. Ташкилий ишлар, майдонларнинг ҳолати, ўйин-ларга муносабат қуйи дивизионда анча паст. Лекин бу йил Про-лигада элита ҳавосидан нафас олган клублар сони кўп бўлгани учун чемпионат анча қизиқарли кечди. Фикримча, Про-лига клублари Суперлигада яхшигина тажрибага эга бўлишади, ўсишга эришишади. Кучли жамоалар билан учрашувларда ўйин ҳам кучайиб боради.

- Бу йил Суперлига ва Про-лига янгича ном ва кўринишда ўтказилди. Сизнингча, бу ўзгаришлар ўзини оқладими ёки аввалги классик тизимдаги чемпионат яхшироқмиди?

- Менимча, бир жойда тўхтаб қолмаслик керак. Янгиликларнинг киритилиб тургани яхши. Янги ғоялар ўсишга олиб келади. Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси жамоалар ва футболчилар учун. Ўзгаришларнинг самараси бир йилда кўринмайди.

- «Истиқлол»нинг молиявий ҳолати, клуб инфратузилмаси Суперлигада иштирок этиш учун жавоб берадими?

- Жамоамиз билан таниш бўлмаганларнинг аксарияти «Истиқлол» Суперлигага тайёр эмас, молиявий томондан талабга жавоб бермайди» каби фикрларни илгари суришади. Лекин клубимиз элитанинг камсонли бўлса-да, бир нечта иштирокчилари билан молиявий томонлама рақобат қила олади. «Истиқлол» раҳбарлари Суперлигада иштирок этиш учун барча ишларни амалга оширишмоқда.

- Бу йил намойиш этган ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Агар чемпионатда биринчи ўринни олганимизда ва киритган голларимиз 50та, ўтказиб юборган голларимиз сони ноль кўринишида бўлганида, мавсумдан кўнглим тўларди (кулади).

- Жамоа билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- Келишув шу йилнинг охирида якунланади.

- Уни узайтирасизми ёки бошқа таклифларни кўриб чиқасизми?

- Бизни олдинда яна учта расмий ўйин кутмоқда. Ҳозир бор эътиборни ана шу учрашувларга қаратганмиз. Қолган масалалар ҳақида ўйлашга фурсат йўқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Тоғангиз Бахтиёр Ашурматов ўз тавсиясини бериб турадими? Қачон охирги марта шу мавзуда гаплашдинглар?

- Қандай ишга қўл урмай, албатта, улардан маслаҳат сўрайман. Нафақат футбол, балки ҳаётда ҳам тавсия бериб, тўғри йўл кўрсатадилар. Лекин яқин орада бафуржа гаплашганимиз йўқ. Тошкентга борганимда, имкон қадар дилдан суҳбатлашамиз. Балки яхшигина гап ҳам эшитиб олсам керак. «Инсон ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини жиловлай олиши керак», деб кўп гапирадилар. Фурсатдан фойдаланиб, АГМК жамоаси ва тоғамни Ўзбекистон кубогидаги муваффақият билан табриклайман. Уларга ОЧЛ «плей-офф» учрашувида омад тилайман.

- Дарвозабонлардан кимларга ҳавас қиласиз?

- Кимнидир алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Лекин Икер Касильяс, Кейлор Навас, Фернандо Муслера каби машҳур киперларнинг ўйинларини кузатиб бораман. Биласизми, дарвозабонлардан кўра ҳимоячилар - Бахтиёр ва Рустам Ашурматовларни ўзимга кумир деб биламан.

- Бу йилги мавсумда сизнинг хатоингиз билан жамоа ютқазган учрашув бордир? Қайси ўйинни эслашни истамаган бўлардингиз?

- Иккинчи даврада «Машъал»га қарши кечган баҳс эсда қоларли ўтган. Тўғри, жамоамиз мағлубиятига менинг хатоим сабаб бўлмаган, лекин ўша ўйинда муборакликлар голни пенальтидан уришганди. Мени жарима майдончамизда ҳужумчини йиқитганликда айблаб, қўриқлаётган дарвозам томон 11 метрли зарба белгиланганди. Ўшанда яна эсда қоларлиси, мезбонларга қарши мардонавор курашиб, якунда мағлубият (1:2) аламини тотиб кўргандик.

- Нима учун айнан дарвозабонликни танлагансиз? Бахтиёр ака ёки Рустамга ўхшаб ҳимоячи бўлишингиз мумкинмиди?

- Мени ёшлигимдан таниган инсонларнинг айтишича, болалигимда дангаса бўлган эканман. Ортиқча югуришни ёқтирмаганлигим учун ҳам дарвозабон позициясига лойиқ кўрилган эмишман.

- Аслида ҳам дангасамисиз? Ҳозир дарвозабонликни танлаганингиздан афсусланмайсизми?

- Йўқ. Шу кунгача қанча қийинчилик кўрган бўлсам ҳам, бундан афсус чекмаганман. Болалик кезларим дангаса бўлгандирман, лекин ҳозир хоҳласам ҳам бундай қилолмайман. Акс ҳолда, ўрнингиз захирада бўлади. Ҳозир рақобат жуда кучли. Айниқса, дарвозабонлар орасида! Қайси жамоада ўйнамай, менга қаттиққўл мураббий устозлик қилгани дуруст.

- Дарвозабон сифатида шаклланишингизда қайси мутахассисни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардингиз?

- Ҳозирда «Бунёдкор» ёшлари билан иш олиб бораётган Марат ака Галимовга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Дарвозабон сифатида шаклланишимда шу инсоннинг ҳиссаси катта бўлган. Мен «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланаман. Мазкур клубда ўтказган охирги йилим операциядан қайтганимдан кейин Марат ака мени қўллаб-қувватлаганлар. Фарғона футбол интернатида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатган биринчи мураббийим Воҳид ака, шунингдек, Даврон Файзиевдан ҳам миннатдорман.

- Ўзбекистонда энг кучли дарвозабон сифатида кимни айтган бўлардингиз?

- Миллий терма жамоамизга таклиф этилган барча дарвозабонларни кучли деб ҳисоблайман.

 

 

НОДИР АШУРМАТОВ

Туғилган йили: 1994 йил 1 июль

Туғилган манзили: Қўқон шаҳри

Таҳсил олган ўқув даргоҳи: 17-умумтаълим мактаби

Футбол мактаби: Фарғона футбол-интернати, Республика олимпия захиралари коллежи

Ўйнаган жамоалари: «Пахтакор», «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Андижон», «Истиқлол»

Ёқтирган клублари: «Ювентус», «Манчестер Юнайтед»

Ҳавас қиладиган футболчилари: Криштиану Роналду, Рустам Ашурматов

Ёқтирган машинаси: «Гелендваген»

Севимли таоми: ош, мошкичири 

Манба: InterFutbol
Киритилди: 00:23, 23.11.2018.
Ўқилди: 3212 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.