Аввалроқ, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Исроил Мадримов профессионал рингдаги дебют жангини ўтказгани ва унда мексикалик Владимир Эрнандесга қарши рингга чиқиб, 10 раундга мўлжалланган жангнинг олтинчи раундида кетма-кет зарбалари эвазига рақибини нокаутга учратгани ҳақида хабар берган эдик.
Исроил Мадримов жангдан сўнг Instagram’даги саҳифасида ўз фикрларини видеотасвир орқали ёзиб қолдирди.
Видеони Instagram’да кўриш учун бу ерга босинг!
“Ассалому алайкум, азиз Ватандошлар мана профессионал боксдаги биринчи жангимни ҳам ғалаба билан бошладим. Бу ғалабам халқимни, Президентимни ютуғи. Чунки сизлар мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб туришдан чарчамаяпсизлар.
Шунга яраша биз ҳам сизларнинг ишончингизни оқлаган ҳолда яна шундай ёрқин ғалабалар билан фаолиятни давом эттирамиз. Бу каби имкониятларни яратиб берган Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорлик билдираман.
Бундай тажрибалар бизга насиб қилса, 2019 йил Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати ва Олимпиада-2020 ўйинлари лицензияси учун албатта, ёрдам беради.
Албатта, олимпиада ўйинларида ҳам мана шундай ғалабалар билан сизларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Олға Ўзбекистон”, дея ёзиб қолдирган Исроил Мадримов.
Маълумот ўрнида, Исроил ушбу ғалаба орқали дебют жангидаёқ WBA Intercontinental камарига эга чиқди.