Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ҳар иккиси – «ўзга сайёралик», аммо...

Баҳо:
+ | -

Яқиндагина 25 ёшга тўлган Пауло Дибала замонамизнинг асосий икки юлдузи - Лионель Месси ва Криштиану Роналду билан жамоадош сифатида тўп суриш бахтига мушарраф бўлган 11-футболчи экан.

Ҳа, ҳозирга қадар атиги 11 нафар футболчига «ўзга сайёралик» икки ўйинчи билан ҳам битта жамоа байроғи остида майдонга тушиш насиб этган.

Табиийки, улар португалияликни ҳам, аргентиналикни ҳам баралла мақташган, мақташади.

Эҳтимолки, охирги вақтларда «Ким кучли - Мессими ёки Роналду?» мавзусидаги баҳс-мунозаралар бироз тингандир, бироқ ворислик масаласини ҳеч ким кун тартибидан олиб ташлаганича йўқ.

Бунинг учун янги қаҳрамонлар Лео ва Кришни четга суриб қўйишлари керак. Хуллас, soccer.ru сайти яна ўша асосий савол - футбол ҳамжамиятини бирдек қизиқтирадиган масалани кўтарди - ким кучлироқ?

Фақат бу сафар «мустақил экспертлар» ролини XXI аср футболининг ҳар икки дурдонаси билан бирга шуғулланган (тўп сурган) 11 нафар ўйинчи бажарди. Қани, кўрайликчи, уларнинг хулосаларидан ниманидир аниқлаштириш мумкинмикан? 

1. Анхель ди МАРИЯ

(Аргентина)

- Роналду ва Месси ақл бовар қилмас даражада кўп гол уришди, барча рекордларни янгилашди. Назаримда, ҳеч ким уларга тенглашолайди. Гап ўз замонасининг икки буюк футболчиси ва энг яхши спортчилари ҳақида кетмоқда. Криштиану ва Лионель йилдан йилга нафақат бошқалар, балки бир-бирларидан галма-гал ўзиб кетишяпти, ҳаммани янада кучлироқ ҳайратга солишмоқда. Қаранг, рекорд қайд этишдан чарчашмаяпти, янги-янги совринларни ютишдан зерикишмаяпти. Асосийси, улар ҳар бир ўйинда энг юқори савияни намойиш этишяпти. Шахсан мен ҳар иккиси ўйини олдида лолман! Қисқаси, Лео ёки Кришни устунроқ кўролмайман («Реал» сафида ўйнаган вақтдаги фикрлари).

- Роналду ажойиб футболчи, шунчаки, супер! Бироқ Месси даврида беназир ўйнаш, унга тенглашиш осон эмас. Менда Леони таърифлашга сўз йўқ. У ҳамиша ва ҳар дам ҳайратлантиришга қодир. Йиллар ўтяпти ва Месси ҳамон энг кучлиси. Кўрасизлар, кейинги йили ҳам айнан уни яна биринчи рақамли ўйинчи сифатида тилга оламиз. Оддий айтганда, Лео ўзга сайёрадан келган футболчи («Реал»дан кетган вақтдаги фикрлари).

2. Карлос ТЕВЕС (Аргентина)

- Криштиану энг яхшилар қаторига кириш учун жуда кўп ишлади, тинмай тер тўкди. Унинг кўтарилган юқори савияда қолиш учун янада жиддийроқ ишлашига тўғри келаётганини ҳам яхши биламан. Лионель эса буюклик сари табиий равишда одимлади, бу йўлда ўзини қийноққа солгани йўқ. Яъни унинг ҳолати ўзини ўзи қурбон қилиш саналмайди. Шахсий фикримча, сайёрамизнинг энг яхши футболчилари - Роналду ва Месси ўртасидаги асосий ҳамда катта тафовут шу. Ҳа, Лео барчамиздан фарқли ўлароқ, қандайдир бошқа спорт тури вакилидек. Унинг учун хоҳлаган учрашувда 3та гол уриш - дўконга нон учун тушиб келишдек гап...

3. Андре ГОМЕШ (Португалия)

- Ҳар иккисига ҳурмат нуқтаи назаридан ҳеч қачон уларни ўзаро таққосламайман. Роналду - ҳамюртим, жонажон мамлакатим тарихидаги энг яхши футболчи. Месси - клубдошим, «Барселона» тарихидаги бебаҳо етакчи. Илтимос, қай бири кучлироқ эканлигини сўраб, мени қийнаманглар...

4. Жерар ПИКЕ (Испания)

- Месси ҳам, Роналду ҳам буюк футболчи ва уларнинг тарихга киришлари аниқ. Бироқ битта фарқ бор: Лео биз каби оддий инсон эмас, Криш эса инсонлар орасида энг яхшиси.  

5. Эсекьель ГАРАЙ (Аргентина)

- Бу саволга жуда кўп бора жавоб беришимга тўғри келган. Лекин якдил хулосам ҳеч қачон ўзгармайди - шубҳасиз, Месси! Буни кўп йиллар олдин тўлиқ англагандим. Яъни Аргентинанинг U-15 тоифасидаги терма жамоасида Лео билан илк марта тўқнаш келганимдаёқ унинг футбол учун беқиёс эканлигини тушунгандим. Лео ўша кундан буён мени ҳайратлантиришда давом этяпти. Бир қарашда, бу йигит учун чегара йўқдек...

6. Хенрик ЛАРССОН (Швеция)

- Криштиану - қойилмақом ўйинчи. Бироқ Лионель яхшироқ, барибир. Роналду ҳар қандай даврда сайёранинг энг кучли футболчиси бўларди, биргина Месси даври бундан мустасно. Айтиш мумкинки, аргентиналик даҳоча билан бир вақтда ўйнагани унга бироз омад етишмаганидан далолат. Лео бу дунё кишиси эмас, у шунчалик беназирки, буни ақлга сиғдириш мушкул. Тўп билан олға интилган Мессини бир кузатинг: унинг ҳаракатларию, финтлари... Шунда қайсидир бошқа футболчи барчасини Лео каби бажариши мумкин эмаслигини пайқайсиз. Фантастиканинг ўзгинаси. Ҳар ҳолда, Лео мен кўрган энг ажойиб ўйинчи.

7. Габриэль ХАЙНЦЕ (Аргентина)

- Криштианунинг ўзига хослиги шуки, у ҳавас қилса арзийдиган тартиб-интизоми билан ажралиб туради. Бу энг ёрқин юлдузлар учун ноёб фазилат ҳисобланади. У яна мақсадидан асло чекинмайди, ўзига ўта-ўта талабчан. Муайян вазифа уддасидан чиқмагунича уринишдан асло тўхтамайди. Леога келсак, у мутлақо бошқача - тушуниш қийин бўлган феномен. Гўёки, Месси футболга бошқа сайёрадан тушгандек. Инсон сифатида эса ўта камтар, осуда ҳаёт тарзига амал қилади. Бунга қараб, унинг миллиардлар инсонлар учун кумир эканлигига ҳам ишонмайсан. Хуллас, Леонинг ўйини ва ўзини тутиши бирдек ҳайратланарли!

8. Фернандо ГАГО (Аргентина)

- Мен учун Роналду биринчи рақамли эмас, ҳеч қачон бундай бўлмаган. Зеро, шахсий фикримча, футболда Мессига етадигани йўқ. Тўп билан қандай ишлашига қаранг, ўта енгил ҳаракатланишига боқинг, нафис зарбаларини кўз олдингизга келтиринг, ҳимоячиларни алдаб ўтишию, мухлисларни ҳайратга солишига баҳо беринг. Қисқаси, Лео ўйин боришини ёлғиз ўзи ўзгартириб юборадиган ва 3 очко тақдирини ҳал қиладиган ижрочи. Умуман, у ақлга сиғмас даражада иқтидорли ва асосийси, ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишни билади. Хулоса шу - мен Месси намойиш этадиган футболдан лолман.

9. ДЕКУ (Португалия)

- Криштиану- соф атлет, мақсади йўлида қанча керак бўлса, шунча ишлашга тайёр ўйинчи. Унга фақат спринтерча югуриш билан етиб олиш мумкин, бошқа йўл йўқ. Месси ҳам ҳозирги даражасига чиқиш йўлида қаттиқ меҳнат қилган ва мана, «Барселона» билан тарих яратишдан бўшамаяпти. Йўқ, Леонинг барчасига табиий равишда эришгани ҳақидаги фикрлар нотўғри. Бу хато фикр. Ахир ҳеч нарса осмондан тушиб қолмайди. Ҳар иккиси мўъжизакор йигит, лекин мен учун энг кучлиси - Роналдиньо. У ақлга сиғмас трюкларни шу қадар табиий ва енгиллик билан ижро этардики, рақибларимиз шунчаки, гангиб қолишарди. Ҳаттоки, бизнинг бошимиз ҳам айланиб кетарди. Ҳар сафар Роналдиньога тўп узатганимизда, у футболга бошқа дунёдан қандайдир янгилик олиб кирарди. Оддий айтганда, Роналдиньо қобилият борасида Криштиану ва Лионелдан анча олдинда. У чинакам сеҳргар эди.

10. Гонсало ИГУАИН

(Аргентина)

- Месси ва Роналду ҳақидаги саволга жавоб беришим жуда осон. Негаки, улардан бирини устун кўрмайман асло. Иккиси ҳам бир хил таърифга муносиб - футбол йиртқичи! Ҳа, Лео ўзига яраша устун хислатларга эга, Криштиану ҳам қайсидир жиҳатларда кучли. Улар шунинг ҳисобига қойилмақом ўйин савиясини намойиш этишади. Месси ёки Роналду? Йигитлар, жиддий гапирсанглар-чи, балки Касильяс ва Буффонни ҳам ўзаро солиштириб кўрармиз...?

11. Пауло ДИБАЛА (Аргентина)

- Мен омади чопган йигитман: Роналду билан «Ювентус»да, Месси билан эса Аргентина терма жамоасида бирга ўйнаш имкониятига эгаман. Айни пайт бундай бахтга эга жаҳондаги ягона футболчиман. Улар ўртасидаги фарқни кўрсатишни истамайман, чунки ҳар иккиси феноменал даражада зўр. Роналдуга хос эҳтирос таҳсинга сазовор. У ҳаттоки, машғулотларга ҳам ўта жиддий ёндашади, ғалабага чанқоқлиги максимал даражада баланд. Майдон ташқарисида эса оддий йигит - Криш ҳаммага бирдек адолатли муносабатда. Вақти келиб, Месси ва Роналду бутсаларини михга илишади, лекин улар ҳали-ҳамон ақлга сиғмас ишларни бажаришга қодирлар. Менимча, ҳар иккиси аллақачон кўникилган меъёрдан ўзиб кетди, демак, уларнинг ўзга сайёрадан келишгани аниқ. Мен эса Лео ва Кришдан ўрганиб, инсонлар орасида энг яхши бўлишга уринишим мумкин.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 08:47, 30.11.2018.
Ўқилди: 9015 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.