«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳозирги жамоаси ва собиқ клуби «Реал»даги муҳит нимаси билан фарқланиши ҳақида La Gazzetta Dello Sport нашрига берган интервьюсида гапириб ўтди.
Жамоадошлари ҳаҚида
- Айтишим мумкинки, мен ҳеч қачон бу ердагидек аҳил жамоадошлар даврасида бўлмаганман. Туринда биз бир жамоамиз. Бошқа клубларда баъзи ўйинчилар ўзларини бошқалардан юқорироқ ҳис қилишади. Бу ерда эса ҳамма бир чизиқда жойлашган: бизда барчаси оддийгина. Дибала ёки Манжукич гол уролмасалар ҳам, барибир, хурсанд бўлиб, кўтаринки кайфиятни сақлаб қолишади. Менимча, бу - жуда ажойиб. Шу томондан фарқни кўр-япман.
«Реал» ҳақида
- Реал»да ҳам камтар футболчилар жамланишган, аммо... бу жиҳатни «Ювентус»да кўпроқ ҳис этяпман. Клубдаги ҳамма нарса «Реал»дагидан фарқ қилади. Бир оиладек бўлиш ҳисси бу ерда кучлироқ. Тарих ортда қолди. Энди мен «Ювентус» билан ғалабаларга эришишни, шу клуб шарафини ҳимоя қилишни истаяпман. Қолгани муҳим эмас. Агар «Реал» билан тўқнаш келсак ҳам, бор кучим билан ҳаракат қиламан.
Жамоага кимлар керак эмас?
- Асенсио, Хамес ва Бэйл ҳақида ёзишяпти. Аммо тўғрисини айтсам, «Ювентус»га бу футболчилар керак эмас. Марсело — жуда кучли футболчи, биз бундай ўйинчиларга муҳтожмиз. У - бизга керак футболчи. Аслини олганда, мен «Юве»нинг трансфер режаларидан воқиф эмасман. Бу ҳақда президент билан гаплашиб олганингиз маъқул.
Месси ҳақида
- Мессини соғиндимми? Англия, Испания, Италия, Португалия ва терма жамоада ўйнаб чиқдим, у эса ҳамон Испанияда. Балки мен Мессига кўпроқ керакдирман?! Мен учун ҳаёт - синов демакдир. Бу синовлар олами менга ёқади, одамларни бахтли қилишни ёқтираман. Месси ҳам бир кун келиб Италияга келишини, худди мен каби ўзини синов ва қийинчиликка уришини истайман. Агар у ўзини клубида бахтли ҳис этаётган бўлса, бу танловини ҳурмат қиламан. У - фантастик футболчи ва ажойиб йигит. Лекин менда барибир, соғинч ҳисси сезилмаяпти. Бу - менинг янги ҳаётим ва унда бахтлиман.
«Олтин тўп» ҳақида
- Ўзи «Олтин тўп»ни ҳар йили мен олишим керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун меҳнат қиламан. Аммо бу соврин насиб этмаса, бу ҳаёт охирлаб қолди, дегани эмас. Рақамлар алдамайди. Шундай бўлса-да, ушбу совринни қўлга кирита олмаганим боис бахтим камайиб қолди, дея олмайман. Жаҳоннинг энг яхши клубларидан бирида ўйнаяпман. Наҳотки, мени уйига бориб, йиғлай бошлайди, деб ўйлаган бўлсангиз? Модрични табриклайман, у бунга лойиқ эди. Лекин келаси йили биз яна учрашамиз ва мен яна энг яхши бўлиш учун бор кучимни ишга соламан.
Отасининг ўлими ҳақида
- Бу ҳаётимдаги энг ёмон воқеа. Ишончим комилки, у мени кузатмоқда, эришаётган натижаларимни кўриб, руҳи шод бўлмоқда. Ўша йил мен учун энг оғири бўлганди.
Ўғли ҳақида
- Ўғлим отасининг юлдуз эканлигини тушуниб етадими? Ҳа, у ҳам «Ювентус» учун ўйнайди, босимни ҳис қилади ва уни бу ерда ёқтиришади. Баъзида икки италияликни уйга олиб келишга рухсат сўрайди. Кейин эса менга: «Фақат сиз ҳам уйда бўлишингиз керак, улар сиз билан расмга тушишни истайди», дейди.
Жоржина билан тўйи ҳақида
- Никоҳ маросими? Бироз эрта. Бу ҳақидаги гап-сўзлар қаердан келиб чиққанини тушунтираман. Мен ҳар ҳафта черковга бораман, чунки Туринда бундай ибодатхоналар кўп. ОАВ эса шу заҳотиёқ турмуш қурмоқчи эканлигим ҳақида хабар тарқатди. Келажагимнинг қандай бўлишини билмайман, аммо ҳозирда бундай режалар йўқ.
Турин ҳақида
- Сўзсиз, Турин Мадриддан яхшироқ. Аҳоли кам, аммо ажойиб. Менга шаҳар, одамлар ва жамоа ёқди. Таклифлар кўп эди, лекин мен айнан «Ювентус»ни танладим, чунки бу буюк тарихга эга ажойиб клуб. «Юве» бошқа клублардан кўп жиҳатлари бўйича, хусусан, мен билан муносабати борасида ҳам яхшироқ. Ҳаммаси аъло даражада. Тўғри қарор қабул қилганимга мутлақо аминман. Италияда матбуотчилар мени ҳурмат қилишади, бу ерда ҳаёт Испанияга қараганда анча тинч. Қолаверса, бу чемпионатларнинг даражаси ҳам бир хил.