Хабарингиз бор, 17 декабрь санасидан эътиборан Суперлига клублари янги футболчилар билан тузилган шартномаларни ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин экани маълум қилинган.
“Локомотив” футбол клуби матбуот хизмати “темирйўлчилар”нинг янги мавсум олдидан Азизбек Ҳайдаров, Филип Райевац, Йован Жокич каби футболчилар билан шартнома имзолаганини эълон қилди.
Олдинроқ хабар берилганидек, ПФЛ томонидан 2019 йилги мавсум учун қўйилган талаблар ҳам борки, футбол клублари мана шу талаблар ижросини ПФЛ билан муҳокама қилиб олмагунига қадар, бирорта ҳам шартнома рўйхатга олинмайди. Бу жиҳат 14 декабрь куни бўлиб ўтган клуб директорлари билан йиғилишда яна бир бор эслатиб ўтилган.
2019 йилги мавсум учун лицензиялаш талабларида футбол клублари марказлашган тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилган. Профессионал футбол лигаси тиббий хулосалар асосида футболчига ўз лигаларида ўйнаш ҳуқуқини тақдим этади.
Шу вақтга қадар легионер футболчилар билан аввал шартнома тузилган ва шундан кейингина улар тиббий кўрикдан ўтказилган. Энди эса шунинг акси бўлади. Яъни, Суперлига ва Про-лигаларнинг бирор клуби легионер футболчилар билан шартнома имзоламоқчи бўлса, аввал уларни расман тиббий кўрикдан ўтказади. Кейин эса шунинг хулосаси асосида шартнома имзолайди. Маҳаллий футболчилар билан масала ҳам шу йўсинда ҳал этилади. Ушбу талаблар барча клубларга тааллуқлидир.