Ҳар йили мавсумниниг энг зўр ёш футболчиси учун бериладиган «Golden Boy» соврини ғолиблари (Месси, Руни, Агуэро, Погба) ҳозир дунёни ҳайратга солишда давом этишмоқда, лекин шундай ўйинчилар борки, улар бу совриндан сўнг ўз карьерасида деярли ҳеч қандай ютуққа эриша олишмаган. Бугун шундай футболчилар ҳақида қисқача.
Рафаэл Ван Дер Варт
Голландиялик вундеркинд «Аякс» жамоасидаги ажойиб ўйинларидан сўнг 2003 йилда «Golden Boy» соврини ғолибига айланади. Унинг атрофида бир нечта топ клублар ўралашиб қолади. Рафаэл эса ҳаммани ҳайратда қолдириб «Гамбург» жамоасига ўтиб кетади. Орадан икки йил ўтиб у «қироллик клуби» сафига қўшилади. «Реал Мадрид»даги омадсиз мавсумлардан сўнг футболчи «Тоттенҳэм» жамоасига трансфер қилинади ва шу ерда бироз ўзини кўрсатгандек бўлади. Афсуски, унинг потенциали бундан анча кўпроққа етар эди. У катта футболда «катта» совринлар юта олмади.
Андерсон
«Манчестер Юнайтед» футболчиси «Golden Boy» совринининг 2008 йилдаги соҳиби ҳисобланади. Уни янги Роналдиньо дея умид қилишганди. Андерсон учун Ферги бобо 31.500 миллион еврони «Порту»га «қуртдек» санаб берди. Афсуски, бу трансфер ўзини умуман оқламади. Андерсон ортиқча вазн муаммоси билан ўралашиб қолади ва буни бартараф эта олмайди. «Қизил иблислар» сафида 8 мавсум ўтказгач, юртига қайтиб кетади. Энг ачинарлиси шундаки, ҳозирда у Бразилияниниг 2-лигасида "жавлон урмоқда".
Ренату Санчес
Ренату Санчес «Бенфика» жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. У чинакамига 2016-йилдаги Европа чемпионатида ўзини кўрсата олди. Бундан ташқари, у «Бенфика» билан ажойиб мавсумни ўтказган эди. Ренату ҳақли равишда 2016-йилда «Golden Boy» соврини ғолиби бўлади. Кейин эса уни «Бавария» 35 миллион еврога харид қилади. Афсуски, Санчес жамоага кўникиб кета олмайди. Ёшлиги сабабми, ё бошқа омиллар таъсирида «Бавария»да йўқолиб қолади. Кейинчалик эса «Суонси» жамоасига ижарага жўнатилиши ҳам унга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Ҳозирда Ренату аллақачон гранд клублар эътиборидан ташқарида.
Марио Балотелли
«Golden Boy» совринининг 2010 йилдаги ғолиби ҳаммамизга яхши таниш десак, адашмаган бўламиз. Бу йигитни ҳурмача қилиқларини ҳаммамиз яхши биламиз. У «тилла бола» совринини ютган пайтлари ҳақиқатан ҳам жуда иқтидорли эди. Термадаги ўйинлари ҳам жойида кетаётганди. Ундан талаб қилинаётган нарса шунчаки шу темпни ушлаб қолиш эди. Афсуски, 21-асрниниг энг иқтидорли футболчиларидан бири ўз иқтидорини қурбон қилиб юборди. Ҳозирда «Ницца» жамоасида тўп тепаётган қаҳрамонимиз ҳадемай 29 ёшга тўлади. Агар ўз характерини енга олганида ҳаммаси бошқача бўлармиди.