2019 йил кириб келиши билан Kun.uz Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан интервью уюштирди. У «Бунёдкор» клуби атрофидаги вазият ва Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсумдаги формати ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
— Маълум муддат мамлакатнинг энг кучли жамоаси бўлган, халқаро майдонларда мамлакат шарафини ҳимоя қилган «Бунёдкор» клуби ўз мавқеини йўқотгандан йўқотиб бормоқда. Аввалига жамоа жиддий молиявий қийинчиликлар гирдобида қолди, жамоанинг уй стадиони ходимлари иш ҳақи тўланмагани билан боғлиқ муаммо юзага чиқди, кейин стадион номи ўзгартирилди. Яқинда жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов клубни тарк этди.
Энди клуб футболчилари ҳар томонга тарқалиб кетмоқда, бир неча футболчиси «Пахтакор»га бориб қўшилди, яна бир нечаси собиқ мураббий ортидан Олмалиққа бориши кутилмоқда. Воқеалар ривожи нимага олиб боради?
— Саволингизни тушундим. Бироқ бу савол аслида «Бунёдкор» раҳбарига берилса, тўғрироқ бўларди. Шунча муаммоси бор, аммо на клуб мухлисларига ва на жамоатчиликка аниқ гап айтади.
Молиявий қийинчиликларга сабабчи ҳам клуб раҳбарлари. «Бунёдкор»да аввал пул бўлмаган дейсизми? Доим бўлган, бироқ ақл билан сарф этилмаган. Қанақадир легионерлар сабабли қарзга ботиб кетди. Ахир бунга ЎФА айбдормаску? Мана шу муаммолар аввалдан ҳам бор эди, ўтган мавсум арафасида ҳам бор эди. Аммо клуб ялло қилиб Дубайда юрди, билганини қилди. Бироқ ўша қарзлардан қутулиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади. Бунга ким жавоб бериши керак?
«Бунёдкор»да ҳеч қачон уй стадиони бўлмаган. Ҳа, стадион жамоа учун қурилган. Бироқ йиллар давомида ҳеч кимга тегишли бўлмай ётаверган. Шунча пулни чет эллик футболчиларга сочишни билишди, бироқ бошқа ишлар ҳақида ҳеч ким ўйламаган, ҳеч ким ҳисоб бермаган. Тайёр пулни совуриб, мавсум ўтказишни ҳамма ҳам эплай оларди.
Миржалол Қосимовнинг ўрнида мен ҳам бундай клубдан кетган бўлардим. Ҳалиям Қосимов охиригача тишини-тишига қўйиб, ҳамма нарса учун чидаб ишлади. Раҳбарият нима қилди? Лушчан билан масала ҳал бўлдими? Симоненко масаласи-чи? Шомуродов учун муносиб пул тўланган деб ўйлайсизми? Достон Ҳамдамов масаласи-чи? Оғиздаги ошни олдириб ўтиришибди. Отабек Шукуров ҳам кетди, Азиз Ҳайдаров ҳам кетди. Ҳеч бўлмаганда Қосимовни ҳам сақлаб қола олишмади.
Сўнгги вақтларда янада хунукроқ гапларни эшитяпман. «Бунёдкор»да нон топган, шу клубда ишлаган айримлар энди шу клуб футболчиларини бошқа клубларга насия қилаётганлар ҳам экан. Ич-ичидан чириб битаётган клуб ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ташқи таъсир эмас, бу худди олмани ичидан чиритаётган қуртдек гап..»,-дейди Ахмаджонов Kun.uz сайтига берган интервьюсида.