Акмал Эшонхонов
Дубайдан махсус
Бугун, 12 январь куни Ўзбекистон ҳамда Туркманистон терма жамоаларининг “F” гуруҳидаги ўзаро ўйини олдидан Дубайдаги “Rashid Stadium” стадионида ҳар икки жамоа вакиллари билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманнинг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер жиддий ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ҳа, ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Туркманистон яхши шаклланган жамоа. Уларнинг Японияга қарши ўйинини томоша қилдим. Туркманистонга қарши фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Уммонга қарши ўйинни ҳамма турлича таҳлил қилди.
Муҳими биз ўша ўйинда ғалаба қозондик. Уммон – кучли терма жамоа. Улар Форс Кўрфази мусобақасида ғалаба қозонишди. Шу сабаб Уммонни мағлуб этганимиздан хурсандмиз. Туркманистонга қарши ўйинда атоларимизни тўғирлаб, чиройли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз.
Туркманистоннинг устунликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар тартибли жамоа. Японияга қарши ўйинда улар тартибли ҳаракат қилишди, лекин уларга тажриба етишмади. Эртага майдонга тушадиган ҳар икки терма жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Ким кучлироқ эканини майдондаги ўйин кўрсатади.
Кримец қизил карточка туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Аммо бизда унинг ўрнига майдонга тушиши мумкин бўлган икки нафар футболчи бор. Улардан қайси бири ўша пайтда яхшироқ формада бўлса, ўша футболчи асосий таркибда майдонга тушади.
Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор. Биз эртага ана шу муаммолардан фойдаланиб ҳужум ташкил қилишга ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга уринамиз. Миср терма жамоасида ишлаганимда бошқача услубда тўп сурганмиз.
Ўзбекистон билан бошқача услубни шакллантиряпмиз. Баъзи ўхшашликлар бўлиши мумкин, лекин бу икки мамлакат футболи бошқа-бошқаа. Албатта, эртага мухлисларга ва журналистларга ёқадиган ўйин намойиш қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Учрашув маҳаллий БАА вақти билан соат 20:00да (Тошкент вақти билан соат 21:00да) Дубай шаҳридаги “Rashid Stadium” ўйингоҳида бошланади. Учрашувда Ўзбекистон оқ, Туркманистон яшил рангли либосда ҳаракат қилади.
Мазкур баҳсни БАА вакили Аммар Ал Жунайби бошчилигидаги ҳакамлар бошқаради.