Кириш Регистрация

Олимпиада-2020 йўлида: Токиода муҳим учрашув ташкил қилинди

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Бугун, 30 январь куни Токиода Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Комилжон Рўзиев ва МОҚнинг Япониядаги маслаҳатчиси Мансур Баҳриддинов Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш ишлари вазири, Япония Парламенти депутати Йошитака Сакурада билан учрашув ўтказди.

Комилжон Рўзиев жаноб Сакурадага Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновнинг алангали саломини етказар экан, унга МОҚ маслаҳатчиси, «Япония – Ўзбекистон Ипак йўли фонди” раиси Мансур Баҳриддиновни таништирди.

Учрашув давомида Йошитака Сакурада Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев қўл остида амалга оширилаётган ислоҳотларни, шу жумладан Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаёган ишларни юқори баҳолади. Токиодаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш бўйича вазир шунингдек, Олимпиада-2020ни ташкил этишда йўлга қўйилган ҳамкорлик учун Ўзбекистонга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўз навбатида, МОҚ вице-президенти Ўзбекистон Олимпиадага жиддий ҳозирлик кўраётганини, Токио-2020 Олимпиадасида ҳар қачонгиданда муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилиб қўйганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, томонлар учрашув давомида дзюдо, бокс, спорт курашлари, каратэ каби спорт турларида олиб борилаётган машғулотлар жараёни ҳақида фикр алмашдилар.

Йошитаки Сакурада суҳбат давомида Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш визалари бекор қилинганидан хурсанд эканлигини айтиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб 7 мамлакат фуқаролари визасиз 30 кун давомида Ўзбекистонда бўлишлари мумкин. Ушбу мамлакатлар орасида Япония ҳам бор. Бу давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари вазир ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг Жакартадаги муваффақиятларини алоҳида қайд этиб ўтди ва бу борада ривожланишдан тўхтамаслик зарурлигини таъкидлади. Сакурада суҳбат давомида Япониянинг Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни ҳақида гапириб берди. Токиода Япониядаги иқлимни нормал ҳолатга олиб келиш учун махсус инфратузилма яратилаётганини маълум қилди. Олимпиада вақтида Японияда об-ҳаво жуда иссиқ бўлади. Шу сабабдан, кунчиқар юртда спортчи ва меҳмонларга қулай шароит яратиш учун катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, шаҳарни ободонлаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.

Қолаверса, Сакурада икки мамлакат ўртасида жисмоний тарбия ва спорт, спорт тиббиёти йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини қайд этди.

Учрашув якунида жаноб Йошитака МОҚ президенти таклифини қабул қилди ва 2019 йил давомида бажонидил Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 13:05, 30.01.2019.
Ўқилди: 2660 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.