Хабарингиз бор, Ўзбекистон камондан отиш федерациясида янги раҳбарият иш бошлаганидан сўнг спортнинг ушбу йўналишига ҳам эътибор ошди. Мерганларимиз хорижий мусобақаларда, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда. Федерация шунингдек паралимпия йўналишида ҳам иш олиб бормоқда.
Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон камондан отиш федерациясида Россиядан ташриф буюрган мураббий Илдар Сайфулин билан учрашув ташкил этилди. Унда бош котиб Зафар Юсупов россиялик мураббийга мамлакатимизда камондан отиш спортига қаратилаётган эътибор, терма жамоа спортчилари олдига қўйилган вазифалар ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон нафақат Олимпия, балки Паралимпия ўйинларида ҳам камондан отиш бўйича муносиб иштирок этмоқчи эканлиги таъкидланди. Шу мақсадда Илдар Сайфулинга камондан отиш бўйича Ўзбекистон паралимпия терма жамоасида мураббий сифатида фаолият олиб бориш таклифи берилди.
Ўз навбатида россиялик мураббий мамлакатимизда спортнинг ушбу турига эътибор ошиб бораётганини, ушбу таклифга қарши эмаслигини маълум қилди.
«Ўзбекистонда шахсан мамалакат президенти ушбу спорт туринига бефарқ эмаслигини биламан. У киши Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, камондан отиш базасининг очилиш маросимида қатнашганлиги қувонарли холат. Мен бу диёрда ишлаб, паралимпия спортчиларига ўз ёрдамимни беришга, керак бўлса Ўзбекистонда қолиб ишлашга тайёрман», – деди мураббий.
Мутахассис 15-20 февраль кунлари Қўқон шаҳрида ташкил этиладиган Ўзбекистон қишки чемпионатига ташриф буюриб, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш учун таклиф этилди.