Бугун Андижон шахридаги "Олимпия заҳиралари коллежи" мажлислар залида Ўзбекистон мухлислар клубининг бир нечта аъзолари, "Андижон" футбол клуби мутасаддилари, Вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси вакиллари, Вилоят маҳалла кенгаши аъзолари, ёш футболчилар, "Андижон" футбол клубининг фахрий футболчилари ва клуб фан-клуби аъзолари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Бадалов, Вилоят маҳалла кенгаши раиси ўринбосари Дилшодбек Тожибоев, "Андижон" футбол клуби бош директори Ориф Маматказин, спорт директори Исломбек Рустамов, матбуот котиби Одилбек Толипов, фахрий футболчилар - Бахтиёр Ҳамидуллаев ва Рахим Қодиров, клубнинг бир қатор фан клуби аъзолари ва ёш спортчилар иштирок этишди.
Йиғилишдан асосий мақсад, спортнинг футбол турини мамлакатимизда кенг тарғиб қилиш, стадионга мухлисларнинг ташрифини ошириш ва уларга кенг шароитлар яратиб бериш, шунингдек ёш футболчилар фахрий футболчилардан ўзлари учун керакли бўлган маслаҳатлар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.Хожимухаммедов чиқиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда фан-клублар ўртасида соғлом рақобат юзага чиққани, етакчи фан-клублар орасида андижонликларнинг муҳим ўрин тутгани, мухлислик савиясини ошириш учун изланишлар олиб борилаётганлиги, яқин йиллар мобайнида европалик мухлислар сингари фаол бўлишлари ҳақида айтиб ўтди. Қолаверса, Ўзбекистон мухлислар клуби томонидан клуб фан-клубига бирор маслаҳат ёки ёрдам керак бўлса, ваколати даражасида ёрдам беришларини гапириб ўтди.
Шундан сўнг, "Андижон" жамоаси фан-клуби етакчиларидан бири Фурқат Иминов жамоа Суперлигага қайтганлиги фан-клуб аъзоларини хурсанд қилганини, ўз навбатида мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаш учун борини беришларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, "Андижон" жамоаси вице-президенти Маъруфжон Абдисаломов жорий мавсумдан фан-клубга алоҳида эътибор бераётганини айтиб ўтди. Сўзининг якунида, бу йил мухлислар клубида янгиликлар жуда кўплиги ҳақида гапирди.
Шунингдек, "Андижон" клуби спорт директори Исломбек Рустамов сўзга чиқиб, "Соғлом Авлод" стадионида қилинаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Жумладан, мухлислар учун стадионнинг тўртта нуқтасида фаст-фуд дўконлари, салқин ичимликлар сотадиган дўконлар, жамоанинг расмий кийимларини сотадиган савдо нуқталари қурилаётганини, ҳамкорлар билан биргаликда стадионга вай-фай интернет тармоғи ўрнатилаётганлиги, буларнинг барчаси мухлислар учун қулайлик сифатида қилинаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.
Сўнгра, йиғилишда иштирок этган ёш футболчилар "Андижон" футболи собиқ тўпурари, фаолияти давомида "Андижон", "Пахтакор" ва "Нефтчи" каби жамоаларида тўп сурган, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Бахтиёр Ҳамидуллаевга ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
- Бахтиёр ака, фаолиятингиз мобайнида энг зўр тандимни ким билан ҳосил қилганман деб ўйлайсиз?
- Сўзсиз - Тоҳир Мўминов! Шундай даражада бир-биримизни тушунардикки, қайси нуқтада турганимни "ўқирди". Қарамасдан аниқ тўпни амалга ошириб бера оларди.
- Футболчиларни иримчи ҳалқ дейишади. Сиз ҳам иримчи бўлганмисиз?
- Футболчиларни ўзи учун севимли бутсаси бўлади. Қайсидир ўйинни бошқа бутсада бошладим ва биринчи бўлимда 3-4 та яққол голга тортадиган вазиятлардан фойдалана олмадим. Шунда жамоадошим Маъруф Пўлатов танаффус пайтида "бутсангни алмаштириб ол, албатта гол урасан"-деди. Унга қулоқ солиб иккинчи бўлимни ўзим севган бутсада бошладим ва гол ургандим (кулади).
- Футболга қизиқишингиз қачондан бошланган?
- 6 ёшимдан. Ёшлигимда футбол ва каратэ турларини параллел равишда олиб борганман. Дадам раҳматли футбол мухлиси бўлгани учун футболни танлаганман.
Шундан сўнг, "Андижон" жамоасининг собиқ ҳимоячиси Раҳим Қодиров саволларга жавоб беришга ўтди.
- Раҳим ака, спортчи бўлишингизга оилангиздагилар қаршилик қилишмаганми?
- Оиламизда спортчи бўлмаган. Шу сабаб бўлса керак, онам қарши бўлган. Ҳар бир спортчини онаси қарши бўлса керак, фарзандим жароҳат олмасин деб (кулади). Лекин, дадам ёки акамлар тарафидан қаршиликлар бўлмаган.
- Ҳимоядаги энг яхши шеригингиз?
- Тенгиз Кобиашвили! Ҳимоя марказида бир-биримизни роса яхши тушунардик.
- Фаолиятингиз давомида қайси ҳужумчига қарши ўйнаш қийин бўлган?
- Баҳтиёр Ҳамидуллаев. Ўз вақтида бир жамоада ҳам, бошқа-бошқа жамоаларда ҳам бирга ўйнаганмиз.
- Қайси мураббийни фаолиятингиз давомида алоҳида ўрин тутган деб кўрсата оласиз?
- Кўп мураббийлар билан ишлаганман. Лекин, Ориф Маматказин алоҳида ўрин тутган мураббийлардан бири деб ҳисоблайман.
Йиғилиш якунида Вилоят маҳалла кенгаши, Вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси ва "Андижон" жамоаси раҳбарияти ҳар ҳафта шундай тадбирлар уюштиришга келишиб олишди.
"Андижон" жамоаси матбуот хизмати.