Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Эркинжон Турдимов Самарқанд футболида қандай ишларни амалга оширмоқда?

Баҳо:
+ | -

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сайъ-ҳаракати ва ташаббуси билан жорий йилдан вилоятда футболга жиддий эътибор қаратилмоқда.

ВАЪДАГА ВАФО

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5368-сон фармонига мувофиқ, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш, моддий техник базасини яхшилаш борасида Самарқандда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хабарингиз бор, бундан уч ой аввал «Динамо» клуби билан учрашган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 2019 йилдан клубни шахсан ўз назорати остига олишини, бошқарув тизими ва молиялаштириш манбаларини тўғри йўлга қўйишни, жамоа учун энг аввало шароитларни яхшилаб, сўнг натижа талаб қилинишини айтган эди. Қолаверса, “Самарқанд” телеканалидаги халқ билан очиқ мулоқот кўрсатуви давомида ҳам, мухлисларнинг талаб ва таклифлари ўрганиб чиқилишини маълум қилиб, “Динамо” Самарқанддек шаҳар ва вилоятга муносиб бўлиши шартлигини таъкидлаганди. Ваъдага мувофиқ, Самарқанд вилоят футбол Ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов ўзгаришларни вилоят футболи пойдевори саналмиш болалар-ўсмирлар футбол академиясидан бошлади.

АКАДЕМИЯ

Январь ойи якунида вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳрида жойлашган ЎФА ва «Динамо» футбол клуби тасарруфидаги Самарқанд вилоят футбол академиясида бўлиб, болалар футболининг бугунги ҳолатини кўздан кечирди ва энг аввало ишни вилоят футболи пойдевори бўлмиш академияни оёққа турғизишдан бошлаш лозимлигини таъкидлади. Дастлаб барча муаммо ва камчиликлар аниқланиб, академия тарбияланувчиларига шароитларни яхшилаш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Академия янгича кўриниш олиши, ишлар янгича тарзда олиб борилиши учун қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

«ДИНАМО» КЛУБИ ҚАРОРГОҲИ

Катта ўзгаришлар амалга оширилаётган навбатдаги манзил “Динамо” футбол клуби қароргоҳи бўлди. Жамоа базасидаги ҳолат билан шахсан танишган Эркинжон Оқбўтаевич Самарқанд вилоятининг бош жамоаси моддий-техник базасини яхшилаш, шароитларни яратиш борасида бир қатор кўрсатмалар берди. Бугунги кунда “Динамо” ПФК қароргоҳида қурулиш-таъмирлаш бригадалари томонидан ободонлаштириш ва реконструкция ишлари олиб борилиб, футболчиларга барча шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, яқин орада Жомбой туманида “Динамо” клуби учун футбол базаси қурилиши режалаштирилган.

СТАДИОН

Режага мувофиқ, янги футбол мавсуми олдидан “Динамо” стадионида ПФЛ талаблари даражасида шароитларни яратиш ва ўйингоҳни 2019 йилги чемпионатга ҳозирлаш ишлари ҳам бошланиш арафасида. Мамлакатимизнинг энг кўркам ва сифатли майдонларидан бири бўлмиш стадион чими ҳам мутахассислар томонидан қишки парваришлаш натижасида март ойидаёқ тайёр ҳолга келади.

УЗОҚ КУТИЛГАН ЎЗГАРИШ

Бир неча йиллар давомида Навоий ва Сурхондарё вилоятларидаги самарали раҳбарлик фаолиятидан яхши маълумки, вилоятнинг бош жамоалари - “Қизилқум” ва “Сурхон” клуби муваффақиятларида Эркинжон Турдимовнинг ҳиссаси катта эканлигини маҳаллий мухлислар ҳали ҳамон эслашади. Бир неча йиллар давомида Самарқандда футболга эътибор ҳаминқадар эдики, айтайлик, вилоят болалар футбол академияси ёки “Динамо” клуби қароргоҳида қилинаётган ҳозирги янгиланиш, ўзгаришлар охирги марта неча йил олдин амалга оширилганлигини ҳатто эслай ҳам олмайсан киши.

«ДИНАМО»ГА ЯНГИ АВТОБУС БЕРИЛАДИ

Вилоят ҳокими ташаббуси билан 2019 йилги янги мавсум олдидан «Динамо» футбол клуби моддий техник базасини яхшилаш мақсадида жамоага Самарқанд вилояти ҳокимияти ва клуб ҳомийлари томонидан янги замонавий автобус берилмоқда. Ҳозирда янги автобусга “Динамо” клуби рамзлари туширилиб, буюртма асосида тайёрланган. Автобус 2019 йилги чемпионат стартидан бошлаб “Динамо” хизматида бўлади.

ТАЙЁРГАРЛИК

Жамоа йил аввалидан режалаштирилган янги мавсум ҳозирлигининг дастлабки қисмини Самарқандда, 3 ва 4-босқичини эса Тошкентда ўтказмоқда. Дастлабки назорат баҳсларида “Динамо” Навоийда “Қизилқум” жамоасини 2:3 ҳисобида мағлуб этиб қайтган бўлса, Қаршида “Насаф” билан дуранг (0:0) қайд этди. Тошкентда ўтаётган йиғинда эса Даврон Файзиев шогирдлари ўртоқлик учрашувларида “Бунёдкор”ни 2:1, “Сурхон”ни 3:0, бугун 16 февраль куни эса Суперлиганинг яна бир вакили “Қўқон-1912” клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

МАҚСАД – СУПЕРЛИГА

Энг кўп аҳолига эга катта вилоятнинг раҳбари барча соҳалар қатори футболга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани, Самарқандда болалар футболидан тортиб, профессионал футбол клуби даражасигача назорати доирасидан четда қолмаётгани, муаммо ва камчиликларга ўз вақтида муносабат билдираётгани замирида энг аввало, футболсевар Самарқанд халқининг кайфияти, мамлакат келажаги саналмиш болалар футболининг истиқболи кўзланган. Берилаётган эътиборга яраша “Динамо” клуби олдига бу йил Суперлигага чиқиш вазифаси юклатилган.

“Қарс икки қўлдан чиқади” деганларидек, “Динамо” жамоаси ҳам масъулиятини ҳис этган ҳолда янги мавсумда раҳбарият ва мухлислар ишончини оқлашга жиддий бел боғлаган.

“Динамо” клуби матбуот хизмати.

Киритилди: 10:38, 18.02.2019.
Ўқилди: 3478 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.