"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола ЕЧЛ 1/8 финалининг биринчи ўйинида "Шальке-04" устидан қозонилган ғалабадан сўнг (3:2) фикрларини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, "шаҳарликлар" дарвозасига ҳар икки гол пенальтидан киритилди, иккинчи бўлим ўрталарида англияликлар ҳимоячиси Николас Отаменди четлаштирилди.
"Мен VAR'нинг ашаддий мухлисиман. У ерда пенальти бор эди, иккинчи вазиятда ҳам, офсайдда ҳам. Қизил карточка ҳам ҳақли кўрсатилди.
Бу яхши натижа, аммо ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Жавоб учрашувида мухлисларимиз бизга ёрдам берадилар деган умиддаман. Ўзимиз ҳам яхши ўйин кўрсатамиз деб умид қиламан", - дейди Гвардиола.
"Манчестер Сити" - "Шальке" ўртасида жавоб ўйини 12 март куни Манчестерда бўлиб ўтади.