Ушбу академияда таҳсил олаётган ёш ҳакамлар орасида ОФКга аъзо барча мамлакатлар вакиллари бор. Ўқув курслари давомида футбол қоидаларига киритилган ва киритилиш кутилаётган ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга маълумотлар бериб борилмоқда. Шунингдек, футболда рўй берадиган баҳсли вазиятлар акс этган видеоклиплар намойиш қилиниб, бундай вазиятларда қандай қарор чиқариш зарурлиги ўргатилмоқда. Бундан ташқари, ўқув курслари иштирокчилари ўзлари ҳам майдонда амалий машғулотларда иштирок этиб, бу машғулотлар видеотасвирга олиняпти. Кейин мазкур тасвирлар иштирокчиларнинг ўзларига намойиш қилиниб, хатолар таҳлил қилинмоқда.
Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш зарур. Ушбу ўқув курсларини олиб бораётган инструкторлар орасида ўтган йилги Жаҳон чемпионати ва бу йилги Осиё Кубогида ишлаган ҳамюртимиз Фарҳод Абдуллаев ҳам бор.
