Хоҳлаймизми йўқми, сўнгги йилларда терма жамоамиз ўйинларини легионерлар ҳал қилишмоқда. Бугун ушбу легионерларимиздан термамиз учун энг кўп наф келтирганларини танлаб олдик. Ушбу рейтингни тузишда уларнинг ўз клубида эришган ютуқларини эмас, термамиз ривожи учун қўшган ҳиссасини асосий омил қилиб олдик.
5-ўрин
Алексаднр Гейнриҳ
Фаолияти давомида Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон клубларида омадли тўп сурган қаҳрамонимиз ўзбек мухлисларининг энг ёқимтойи эди десак, адашмаган бўламиз. Агар у майдонга тушмаса, мухлислар «Саша» дея доим уни майдонга чорлашарди. Агар майдонга тушадиган бўлса, албатта, голсиз майдони тарк этмас эди. Унга ўхшаш креатив футболчилар ҳали-бери чиқмаса керак. Гейнриҳ узоқ йиллар давомида рақибларимизнинг юракларига ғулғула солиб тургани аниқ. Сабаби, яманлик ёш мухлис билан бўлган суҳбатимизда у қизиқ бир гап айтган эди: «Яманда юртинглар футболи ҳақида кўп маълумот йўқ, аммо бизда ҳамма Гейнриҳни танийди». Ўшанда ғалати бўлиб кетган эдим.
4-ўрин
Виталий Денисов
«Тор» лақабли ҳимоячимиз ўз фаолияти мобайнида, асосан, «Днепр» ва «Локомотив» клублари шарафини ҳимоя қилди. Унинг меҳнатсеварлиги ва курашларда ўзини аямасдан ҳаракат қилиши узоқ йиллар давомида терма жамоамизга ҳам катта наф келтирди. У ўз вақтида Италиянинг «Наполи» клубига ўтиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо айрим муаммолар сабабли трансфер амалга ошмай қолганди. Виталий терма жамоамиз либосида майдонга тушган ўйинларда мухлисларнинг унинг қанотидан доимо кўнгиллари тўқ бўлар эди. Сабаби, Денисов термамиз шарафини ҳар доим муносиб ҳимоя қилар, майдонда борини берар эди.
3-ўрин
Миржалол Қосимов
Бизнинг тенгқурлар шу инсоннинг ўйинларини кўриб катта бўлганмиз. Миржалол ака ўзбек футболининг тирик афсонаси. У ўз кариераси давомида Россия, Саудия Арабистони клублари шарафини муносиб ҳимоя қилган. Шунингдек, қаҳрамонимиз ёшлар ўртасида Европа чемпиони, Жаҳон чемпиони, кейинчалик Осиё ўйинлари ғолиби бўлишдек бахтга сазовор бўлди. Ўзбекистон ифтихори терма жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қилган бўлсада, афсуски, унинг гуллаган даврлари терма жамоамиз тарихидаги энг кучсиз даврларга тўғри келиб қолди…
Миржалол ака бошчилигида термамиз 2006-йилдаги Мундиалга жуда яқин қолган эди. Афсуски, япониялик ҳакамлар оёғимиздан тортиб қолган эди… Қосимов ушбу рейтингимиздан фақат шу биргина сабаб билан 1-поғонани қайд эта олмади.
2-ўрин
Максим Шатскиҳ
Макс терма жамоамиздан кетгач, биз унинг қадрини ҳозиргача сезяпмиз. Унга ўхшаш классик 9-рақамли ҳужумчимиз афсуски, ҳали ҳам йўқ. Максим ўз фаолиятининг асосий қисмини Украинанинг афсонавий «Динамо Киев» клубида омадли олиб борди. Ўз вақтида унинг ўйинлари АПЛ клубларининг эътиборини тортган эди. Афсуски, Макснинг ҳам трансфери амалга ошмай қолди…
Унинг «Динамо Киев»да кўрсатган ўйинлари бу рейтингда сўзсиз 1-поғонага лойиқ эди, аммо терма жамоамиз учун кўплаб голлар урган бўлсада, мухлисларимизнинг айрим инжиқликлари билан ёдда қолгани сабабли, бугун 2-поғонада қолди.
1-ўрин
Одил Аҳмедов
Ўзбек футболи тарихидаги энг қиммат футболчи, мана бир неча йиллардан бери қитъамиздаги энг қиммат 10 та футболчидан бири саналадиган ҳамюртимиз ўз кариерасининг деярли 70 фоизини легионер мақомида ўтказмоқда. Сўнгги 5 йил мобайнида Одил ўзбек футболининг юзи ва ҳақиқий сардори сифатида шаклланишга муваффақ бўлди. У ўз кариераси давомида Виллиан, Этао, Роберто Карлос, Ҳалк, Оскар, сингари супер юлдузлар билан бир таркибда ўйнаган бўлсада, ҳеч қачон заҳирада қолиб кетмади. «Анжи»да ўйнаб юрган чоғларида хатто Лассана Диарани ўз ўйинлари билан заҳирага ўтказиб қўя олди. Унинг трансфер суммаси ўз вақтида хатто 10 миллионгача баҳоланди. Аҳмедов чинакам жангчи сифатида футболчиларимизга ўрнак бўла олади.
Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayev