Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Легионерларимиз географияси ҳақида

Баҳо:
+ | -

Эскидан легионер футболчиларимиз ҳақида ёзишни ёқтираман. Хориждаги вакилларимиз иштирокидаги ўйинларни имкон борича қолдирмай кўриб боришга ҳаракат қиламан. Тан оламан, кўп ҳолларда бу мен учун ўзимизнинг миллий чемпионатга нисбатанда бирмунча қизиқроқ туюлади.

Қайси маънодаки, ТВ трансляциялари ва майдон сифати биздагидан анча яхши, ўйин борасида ҳам ҳозирча тенглаша олмаймиз уларга. Майдонда биргина Ватандошинг ҳаракат қилаётган бўлсада, у ердаги муҳит (айниқса, майдоннинг сифати) барибир, ўзгача бўлади. Ҳаттоки, ўша легионер ўйинчиларимиз захирада қолиб кетган ўйинларни кўриш ҳам мароқ бағишлайверади (чунки ўша жамоанинг натижалари - вакилингнинг ҳам натижалари-да!).

Бу борада ҳар доим Россия етакчи ўринда бўлиб келган, сўнгги йилларда бу рўйхатга ажиб бир ўлкалар қўшила бошладики, улар хусусида ёзмасликнинг иложи йўқ...

ИККИ ТЕРМИН

Кўпчиликда кузатганман ва сезганман - футболга қизиққанларнинг географиядан оз-моз маълумоти бўлади, миллионлар ўйини орқали шунга қизиқишга мажбур бўлишади ҳам. Аниқроқ айтганда, футболга бўлган қизиқиши унга географияни ўргатади. Хуллас, бу икки термин кўп ҳолатларда бир-бирига яқин юради. Мамлакатлар, шаҳарлар, уларнинг орасидаги масофалар, футбол ўйинлари бўладиган шаҳар ёки ўлкадаги иқлим, ўйин кунидаги об-ҳаво... хуллас, кўряпсизми, ҳар томонлама боғлиқ тарафлари жуда кўп. Бу мавзуга бугун бироз кўпроқ тўхталганимнинг сабаби бор...

ПОРТУГАЛИЯ

Бу ўлкани мактабдаги билимларимиздан буюк саёҳатчилар чиққани орқали танирдик: ерни биринчи бўлиб айланиб чиққан Фернан Магеллан ҳам, машҳурликда ундан қолишмайдиган Васко да Гама ҳам айнан португалиялик бўлишган. Футболдаги Португалияда XX аср ўрталаридаги Эйсебио, кейинроқ Луиш Фигу ва ниҳоят, сўнгги 10-15 йил ичида Криштиану Роналду ва Жозе Моуриньо иккилиги мамлакат рамзлари бўлиб қолишди. Айнан мана шу шахс­лар мазкур ўлканинг дунёга танилишида етакчи роль ўйнаганлар.

ОРОЛЛИК КРИШТИАНУ

2003 йили «Мавсум кашфиётлари» рукнида мақолалар чоп этгандим. Шуларнинг бирида эндигина «Манчестер Юнайтед»га ўтган Криштиану Роналду ҳақида ёзилганди. Ўшанда Роналду Европанинг энг ғарбий чекка ҳудудида жойлашган Португалиядан анча узоқ бўлган Мадейра оролидан чиққан, деган гапларни ёзганим эсимда. Ўшанда, одатга кўра, Мадейра оролини харитадан топиб, анча ўрганиб чиққандим.

САРДОР РАШИДОВ

Осиё кубоги давом этаётган пайт Рашидовнинг Португалия клуби билан шартнома имзолаши барчамиз учун кутилмаган воқелик бўлди. Ростдан ҳам, анчадан буён бундай ёқимли хабар эшитмаётгандик. Мен Сардорнинг «Насьонал» билан шартнома имзолагани ҳақидаги хабарни эшитган илк кезимда ўша эски мақоламиздаги Мадейра оролини эсладим. Ҳақиқатанда, Рашидовнинг янги клуби мазкур оролда жойлашган Фуншал шаҳри шарафини ҳимоя қилади.

МАДЕЙРА ОРОЛИ ВАФУНШАЛ ШАҲРИ

Рости, Сардор Рашидовга «Насьонал»га ўтиши жараёнида кўпчилик илғамаган бир томондан жуда ҳавасим келди. У нафақат футбол томонидан, балки одатий ҳаётида ҳам жуда омадли йўлга кетди. Мадейра ороли ва у борган Фуншал шаҳри нафақат Португалия, балки бутун Европа учун курорт ўлка саналади. Атлантика океанининг анча ичкари қисмигача кириб кетадиган Мадейра ороли Португалия қирғоқларидан деярли 1000-1200 километр нарида бўлиб, унга Португалиядан кўра ҳатто Марокаш ва Ғарбий Саҳрои Кабир ҳам анча яқинроқ. Рашидов бориб ўйнаётган Мадейра оролида ва айнан Фуншал шаҳарчасида ўша буюк Криштиану Роналду туғилиб, улғайган. Ана шундай экзотикага эга Мадейрага бориб ўйнашни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз?!

ОЛИС ЕВРОПАДА ТЎПСУРГАН ВАКИЛЛАРИМИЗ

Улар бармоқ билан саноқли. Ўзбекистон мустақил бўлган илк йилларда Степан Атоян Грециянинг «Проодефтики», Усмон Тошев Венгриянинг «Сольнок», Игорь Шквирин Исроилинг «Хапоэль» ва «Маккаби» клубларида ўйнашгани эсимда (охирги мамлакатни агар Европа де­йишнинг иложи бўлса). Деярли ҳеч кимга маълум ва машҳур бўлмасада, биз учун шуниси ҳам қизиқ бўлаверган, ўша даврларда.

2001-2004 йиллар оралиғида «Ювентус» ёшлар жамоасида тўп сурган ва кейинчалик «Реджина»га ўтган Илёс Зейтуллаев мазкур жамоа сафида Италия «А» сериясида тўп сурган илк ўзбекистонликка айланганди. Лекин 2005 йилнинг кузида бўлиб ўтган ана шу дебют учрашувидан сўнг уни яна атиги битта ўйинда майдонга туширишган, холос. Кейинги фаолияти давомида Италиянинг «Кротоне», «Виченца», «Верона», «Женоа», «Пескара» ва «Торино» каби қатор таниқли клублари формасида майдонга тушган бўлсада, ўша пайтларда бу жамоалар «В» ва «С» серия вакиллари саналишган.

Кейинчалик Азиз Ибрагимов бир муддат «порлади». Словакиянинг «Слован» клуби таркибида анча муваффақиятли икки мавсумни ўтказган Азиз ўша 2007|2008 йилларда миллий жамоамизнинг ҳам асосий қуролларидан бирига айланганди. Нима бўлди-ю, у ўз спорт формасини олдингидек ушлаб тура олмади. Чехиянинг «Богемианс» клуби сафига ўтиб, бир-икки йил у ерда анча оддий футболчи мақомида майдонга тушди. Бўлди. Ҳаммаси - шу.

У ЁҚҚА БОРОЛМАГАНЛАР...

Адашмасам, бошқа ҳеч ким биздан Ғарбий Европа клублари сафида майдонга тушмаган. Аслида, Россия, Украина, шунингдек, Осиёнинг қатор мамлакатлари клублари сафида тўп сурган футболчиларимиз ҳам юқорида биз тилга олган «ғарбий» легионерлардан анча кучли ижрочилар бўлиб келишган. Масалан, Ғарбий Европа клубларида бемалол ўйнаб кета олишга имконияти бўлган Қосимов, Шацких, Денисов, Жепаров, Аҳмедов каби футболчиларга ҳам ана шу ўлкаларга бориб ўйнаш насиб этмади. Шу боисми, ўйинчиларимизнинг «кўҳна қитъа»га бориб тўп суришлари биз учун жуда-жуда камёб ҳодисага айланиб қолган.

ДОСТОН ҲАМДАМОВ ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ

Менга Достон Ҳамдамовнинг «Пахтакор»га қайтиши умуман ёқмади. Бошқалар нима дейди билмадим-у, 100 фоиз нотўғри қарор, менимча. Ўзи сўнгги пайтларда Россияда тўп сураётган футболчиларимиз андак кўпайиб қолгандек эди. Буларнинг ичида, айниқса, икки вакилимиз - Элдор Шомуродов ва Дос­тон Ҳамдамовнинг иштирокидан кўнг­лим тўлаётганди. Икки ёш футболчимиз - агар таъбир жоиз бўлса, миллий жамоамизнинг келажаги, эртаси. «Анжи»даги молиявий ҳолат қандай бўлмасин, ҳаттоки, у ердан кетиш керак бўлса ҳам, Россиянинг бошқа бир клубига ўтиши Ҳамдамов учун маъқулроқ йўл эди. «Пахтакор»да Достон олдинга қадам ташлаши қийин кечади. Қайтадан Россия клубига ўтиши осон бўлмайди.

ЖАВОҲИР СИДДИҚОВ ҚАЕРДА?

Жавоҳирнинг Франция олий дивизионидаги клублардан бирига ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар январь ойи охирларида пайдо бўлганди. Миллий термамиз Осиё кубогидан қайтиб келганидан сўнг футболчи ўз жамоаси саналмиш «Қўқон-1912» йиғинларида кўринмади. Афтидан, у Сардор Рашидовнинг ортидан «кўҳна қитъа»га кетгандек. Куни кеча анча ишончли манбалардан олинган хабарларга кўра, Жавоҳирнинг Жанубий Корея клубларидан бирига ўтиши деярли ҳал бўлган. Эшитишимча, айни кунларда виза масалалари ҳал қилинмоқда. Хўш, буниси энди фойдамизгами ёки... У ёғи энди ўзингизга ҳавола. Шахсан мен, худди юқорида таъкидлаганимдек, айнан шу футболчимизнинг ҳам Ғарбий Европа жамоа­ларидан бирига ўтишини жуда хоҳлагандим. Тўғри, Жанубий Корея варианти ҳам унчалик ёмон эмас. Лекин Жавоҳирда катта потенциал бор эди. Шунга бу трансфернинг сўнгги тафсилотлари менга унчалик хуш келмади.

ЯНА ПОРТУГАЛИЯДАГИ ВОҚЕАЛАР ХУСУСИДА

Мен Сардор Рашидовнинг Португалияга йўл олишидан бироз олдинроқ у бориб қўшилиши кутилаётган «Насьонал» жамоаси таркибини кўздан кечириб чиқдим. Нақ 16 нафар легионер бор экан! Рашидов учун муҳим бўлган ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг аксарияти хориждан келган. Окаша Ҳамзауи (Жазоир), Иброҳим Альхассан (Нигерия), Лазар Розич ва Александр Палочевич (Сербия), Брайан Рочес (Гондурас), Рикарду Гомеш (Кабо-Верде), Брайан Риаскос (Колумбия), Калинди, Фелипе Лопес, Диего Барселос, Хулио Сезар ва Кака (Бразилия), Фернандо Тиссоне (Аргентина), Жералду Матсимбе ва Вити (Мозамбик), Гиорги Арабидзе (Грузия). Энг қизиғи, қолган барчаси - португалиялик. Кулишни ҳам, кулмасликни ҳам билмай қоласан.

Буларнинг таркибини кўрибоқ, исталган ўзбекистонлик Сардорга осон бўлмайди, деяётгани аниқ эди. Мен Рашидовни илк лаҳзалардаёқ «Бенфика»га қарши асосий таркибда кўриб, очиғи, анча ажабландим. Сабаби, олдинлари шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганман. Охири бахайр бўлмаган, афсуски. Масалан, Жаъфар Ирисметовнинг «Спартак» таркибида меҳмонда «Бавария», «Арсенал» ва «Лион»га қарши (яна Европа Чемпионлар Лигасида денг) ўйинлардаги муваффақиятсизлигини эслайман. У майдонга тушган 4 ўйиндан 3тасида «Спартак» ютқазган, биттагина баҳсда дуранг қайд этилган. Ўша турнирдан кейин Ирисметовни деярли майдонга туширмай қўйишган. Шу-шу бу ҳужумчи ҳақидаги афсоналар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Хуллас, шунга ўхшаш тарих яна такрорланди. Бу галгиси энди жудаям ортиқча эди. Дебют баҳсидаёқ жамоаси 0:10 ҳисобида мағлубиятга учрашини ҳар қандай футболчи ҳам кўтара олмаслиги аниқ. Лекин...

НОКАУТДАН КЕЙИНГИ БАҲС

Ўша ўйиндан кейин менга жамоа бош мураббийи Коштинья айтган гап жуда ёқди: «Бундай ҳисобни кўтариш жудаям оғир. Даҳшатнинг ўзгинаси бу! Майдонда «Насьонал» футболчилари бугун йўқ эдилар, десам тўғри бўларди. Албатта, мураббий сифатида ҳамма айбни ўзимга оламан. Бундай ҳисобдан кейин жамоадаги фаолиятимни давом эттираманми-йўқми? Буни клуб президенти ҳал қилади. Шахсан мени бу ҳисоб синдира олмайди. Биз бугун атиги 3 очко йўқотдик, холос». Сўнгги жумлаларга эътибор бердингизми? Жамоага кейинги ўйинда психологик жиҳатдан куч бергани айнан мана шу иборалар бўлган, деб энди бемалол айта оламан. Ҳақиқатан ҳам, «Насьонал» Лиссабондаги ўша ўйинда атиги 3 очко йўқотганди, холос. Ўзи айтганидек, Коштинья кейинги ўйинда ҳам шогирдларига ишонишда давом этди ва энг муҳими, олдинги баҳсда мағлуб бўлганларнинг деярли барчасини яна майдонга ташлади! Ана сизга португалча психология! «Насьонал» йигитлари ҳам бунга қараб туришмади ва 4:0 ҳисобидаги ғалабани Коштиньяга тақдим этишди. Айни дамда мадейраликлар очко борасида турнир жадвалининг ўрта қисмидаги жамоалар билан деярли тенглашиб олганлар.

ЯНГИ АТАМА

CR7 - буни ҳамма билади, Cristiano Ronaldo, рақами - 7. Лекин менга «Насьонал» футбол клуби мухлисларидан бирининг сайтда қолдирган атамаси ёқди. Сардор Рашидов «хет-трик»ка эришган ўйиндан сўнг, «Биздан кетган Криштиану Роналду CR7 эди, энди буниси SR77 экани рост бўлсин», дея пост қолдирган. Дарҳақиқат, бошқа тузукроқ рақам топилмагани учунми, ишқилиб «77»ни танлаган Сардор учун ўша «хунук» 0:10дан сўнг янги кунлар бошлангани рост бўлсин.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 23:35, 06.03.2019.
Ўқилди: 5227 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.