«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг Европа чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичи доирасида бўлиб ўтган жавоб ўйинида қилган қилиғи «Атлетико»га ёқмади.
Португалиялик футболчи ўйин сўнгида «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне биринчи ўйинда голни нишонлаш пайтида қилган ишини такрорлади. Мазкур иш учун УЕФА Симеонени 20 минг евро миқдорида жаримага тортганди.
As нашри тарқатган хабарга кўра, мадридликлар ушбу қилиқ учун УЕФАга расмий шикоят киритиши мумкин.
«Атлетико»нинг фикрича, Роналду қилган иш Симеоненикига нисбатан оғирроқ. Боиси, аргентиналик мураббий голни нишонлаш пайтида ўз мухлисларига қараб турган бўлса, «Ювентус» ҳужумчиси бу ишни мадридликлар мухлисларга қараб туриб қилди.
Бундан ташқари, португалиялик футболчи учинчи голни уришдан олдин «Атлетико»мухлисларига қарата сўкингани видеокамераларга тушиб қолган.
Агар УЕФА Криштиануга қарши иш очса, футболчи ҳам Симеоне каби жаримага тортилиши мумкин.
Бундан ташқари, агар УЕФА португалиялик футболчининг ҳаракатларини зўравонликка ундаш деб ҳисобласа, Роналду бир ўйиндан 3та ўйингача дисквалификация қилиниши мумкин.