Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

I халқаро Тошкент ярим марафони шукуҳи дунё кезади

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Кеча пойтахтимизда Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб I халқаро Тошкент ярим марафони ўтказилди.

Эрта тонгдан марафон иштирокчилари ва меҳмонлар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси олдида тўпланишди. Карнай-сурнай садолари эса пойтахт аҳли ҳамда меҳмонларини шу манзил томон чорлай бошлади.

Шуни таъкидлаш керак, илк маротаба ташкил этилган I халқаро Тошкент ярим марафони нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларда ҳам жуда катта қизиқиш уйғотди. Буни ушбу марафонда Европа, Осиё ва ҳаттоки Африка қитъасидан жами 28 мамлакат атлетлари ғолиблик учун баҳс олиб боришганлиги ҳам тасдиқлайди.

Умуман марафонда жами иштирокчилар сони қарийб 1 700 нафарни ташкил этди. Улар орасида айнан енгил атлетикада улкан ютуқларга эришган атлетлар, жумладан бутунжаҳон Универсиадаси ҳамда Осиё ўйинлари ғолиби қирғизистонлик Дарья Маслова, унинг юртдоши, қитъа миқёсидаги мусобақалар совриндори Аделет Киштабеков, хитойлик халқаро тоифадаги спорт устаси Янг Линг Ёнг, ўзбекистонлик Андрей Петров, Ситора Ҳамидова каби анча машҳур спортчиларнинг борлиги мусобақанинг нуфузи анча юқори эканлигини билдиради.

Ниҳоят соат миллари эрталабки 9ни кўрсатмоқда. Дастлаб старт чизиғига 21 км. 75 метр масофага югуриш учун рўйхатдан ўтган жами 610 нафар атлет саф тортди. Улар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси олдидан стартга чиқиб, пойтахтимизнинг Ойбек, Нукус, Ҳамид Олимжон кўчалари орқали Буюк Ипак йўли метро бекати ёнидан Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси бўйлаб ортга қайтиши ва йўл-йўлакай Махтумқули кўчаси бўйлаб Амир Темур хиёбони майдонига чиқиши, сўнгра Амир Темур шоҳ кўчаси билан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб Шароф Рашидов кўчасига ўтиши, кейин эса Абдулла Қодирий кўчаси орқали Абай кўчасига ўтиб якуний марра чизиғига етиб келиши лозим эди. Анча мураккаб бўлган бу масофани ҳамма спортчи ҳам, гарчи улар профессионал мақомида бўлишса-да, босиб ўтишолмади.

I халқаро Тошкент ярим марафонининг 21 км. 75 метрлик масофасини эркаклар орасида биринчи бўлиб хитойлик Янг Лингёнг кесиб ўтди. Кучли учликдан Аделет Киштабеков ҳамда ҳамюртимиз Андрей Петровлар жой олишди.

 

Аёллар орасида ушбу масофани биринчи бўлиб Тошкент марафонининг энг совриндор қатнашчиларидан бири Дарья Маслова босиб ўтди. Ўзбекистонлик Ситора Ҳамидова эса маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Фахрли 3-ўрин ҳам яна бир юртдошимиз Екатерина Тункусковага насиб этди.

5 км. масофага ўтказилган пойгаларда эса ҳаваскорлар ҳам иштирок этишди. Шу боис бу масофада қатнашчилар сони минг нафардан ортиб кетди.

Сир эмаски, югуришнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни беқиёс. Фақат буни аҳоли орасида тўғри тарғиб қилиш керак. I халқаро Тошкент ярим марафонининг 5 км. масофага ўтказилган пойгаларида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдулҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда бошқа бир қатор мутасадди раҳбарларимиз бу борада шахсий намуна кўрсатди, яъни улар ҳам марафонда иштирок этди. Ушбу масофани биринчи бўлиб самарқандлик Отабек Тошпўлатов босиб ўтди ва мусобақа ғолибига айланди.

I халқаро Тошкент ярим марафони якунида барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Жумладан, 21 км. 75 метр масофага ўтказилган пойгаларда дастлабки саккиз ўринни эгаллаган спортчилар 3 миллиондан 12 миллион сўмгача, 5 км.лик масофада эс 1-6-ўринларни банд этган 500 мингдан 2 миллион сўмгача пул мукофоти билан тақдирланишди.

Ташкилотчилар спорт байрамини ҳақиқий байрамга айлантиришга астойдил ҳаракат қилгани таҳсинга лойиқ. Марафон давомида таниқли санъаткорларимиз ўзларининг дилрабо куй-қўшиқлари билан нафақат иштирокчилар, балки меҳмонларга ҳам хуш кайфият улашган бўлса, Анҳор бўйидаги кенг майдонда ташкил этилган Наврўз шодиёналари эса хорижлик меҳмонлар хотирасида узоқ вақтгача сақланиб қолишига шубҳа йўқ. Ўз навбатида улар I халқаро Тошкент ярим марафонидан олган таассуротларини ўз юртига бориб яқинларига сўзлаб беришса, шубҳа йўқки келгусида анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилаётган Тошкент марафонига дунё халқлари орасида қизиқиш ортса ортадики, асло камаймайди.

 ЎзА

Киритилди: 12:08, 25.03.2019.
Ўқилди: 1567 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.