Жанубий Кореянинг «News Korea 1» интернет нашри Ўзбекистон терма жамоаси ва «Сеул» яримҳимоячиси Икромжон Алибоев ҳақида мақола эълон қилди. Ушбу мақолани таржима қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.
«БУНДАЙ ЮГУРАДИГАН ХОРИЖЛИКНИ КЎРГАНМИСАН? АЛИБОЕВ! ЧОЙ ЙОНГ СУНИНГ КЎЗЛАРИ АЛДАМАБДИ!»
«Осиё ўйинларида Ўзбекистоннинг ўйинини кўриб, бу йигит назаримга тушди. Ўшанда жуда ҳайратландим. Бундай футболчи ҳозир "Сеул"га керак, деб ўйладим ва уни сотиб олишларини раҳбариятдан сўрадим».
Бу сўзлар 2018 йилги мавсумда мураккаб бир вазиятда юқори лигада жон сақлаб қолишни уддалаган "Сеул" бош мураббийи Чой Йонг Суга тегишли. У айтаётган мусобақа ўтган йили ёзда Жакарта-Палембангда ўтган мусобақа бўлиб, ўшанда мураббий Чой бир муддат телевидениеда шарҳловчилик қилганди. Бу вақтни у шундай изоҳлайди:
«Қисқа муддат мураббийликдан дам олдим. Бу вақт мобайнида кўп нарса ўргандим ва кўп нарсани ўйлаб олдим».
Корейс футболчилари, рақиб футболчиларини кўздан кечирган шарҳловчилик қилган Чой Йонг Су ўзбек яримҳимоячиси ҳақида илиқ фикрларини айтди. Бу қаҳрамон Сеулнинг осиёлик футболчи квотасига олиб келинган Алибоев. Чой Йонг Су ўтган мавсум охирида "Сеул"га рамзий маънода қутқарувчи, ўт ўчирувчи бўлиб келди. У инқироздаги клубни қутқариб қолиши керак эди. Ўша вақтдаёқ у жамоага Алибоевни олиб келишни сўради. Уни таништирув маросими 13 декабрда бўлган бўлса-да, олиб келишга анча аввал киришилган эди. Қозонни очиб қарасак: Алибоев кераклиги сезилаётган даражада ўйин кўрсатаяпти. Сербиялик тўпурар Саша Пешич иккинчи бўлимда майдонга тушиб, мослашиш билан банд бир пайтда Алибоев 16 мартдаги "Жежу" билан ўйин ва 3-тур ўйинида ҳам тўлиқ ўйнаб, марказнинг ядро қуроли бўлаяпти. 3 ўйинда 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, "Сангжу"дан сўнг 2-ўринда бораётган сеулликларнинг бошланғич муваффақиятида Алибоевнинг ҳаракатлари кичик эмас. У ҳақда «янгилик яратувчи яримҳимоячи», дейишаяпти.
"Сеул" бир қанча яримҳимоячиларга эга бўлса-да барқарор ўйнай олмаслик ва ҳужумкорлик етишмаслигидан азият чекарди. «Тўп йўналиши ҳам, футболчининг ўй-фикрлари ҳам фақат олдинга қараб бориши керак», - деган фалсафаси бор Чой Йонг Суга Алибоев фаол футболда ёрдами тегадиган яримҳимоячи. Шунингдек, Икромнинг бошқа хорижлик футболчиларда учрамайдиган садоқат ва сидқидиллик кўзга ташланиб турибди. "Сеул" ФКнинг 2019 йилги мавсумига ишончсиз қарашгани ҳақиқат. Бунга сабаб ўтган мавсумда жамоага янги номлар қўшилмаганди. Энди эса тикандек санчадиган плюслар бор — Икром Алибоев ва Александр Пешич, шунингдек, ижарадан қайтиб келган Осмар. Лекин Осмар ҳали майдонга тушмади. Асли ҳимоячи бўлган Пак Донг Жин олдинги чизиққа сурилиб, ҳужумчи Пак Чу Йонг билан нафаси бир-бирига тегар даражада ҳужумкор ўйнаб, жамоанинг чизиқларини яхши ёпишаяпти. Мутахассис ва мухлислар фикрича, "Сеул"нинг энг катта ўзгариши бу — «ЮГУРАЁТГАНИ»ДИР! Жамоанинг барча футболчилари яна бир қадам кўпроқ югуришаяпти. Ҳозирча ҳужумда чирой ва хилма-хиллик кўринмаётган бўлса-да, ўзни фидо қилиш даражасида ўйнашаётгани катта гап.
"Сеул" 3 ўйиндан бери ҳали тўп ўтказгани йўқ. Марказда эса хорижлик Алибоев бор. 25 ёшида, ўз ёшига мос равишда ҳар қандай қийинчиликни енгишга тайёр кучини ўйинга бағишлаяпти. Янада эътиборлиси, у ҳакам хуштаги янграгунгача тўхтамай югураётганлиги ҳақиқат. 16 март куни "Жежу Юнайтед" билан ўйинни олайлик. Ўта муросасиз ва тиғиз ўйин бўлиб, охирига қадар 0:0 ҳисоби турди. Мавсумдаги илк ғалабага ташна "Жежу" қўлидан келганини қилди. "Сеул" футболчилари эса диққатни жамлаб, охиригача курашди. Булар орасида Алибоев кўзга яққол кўринди. Барча жамодошлари чарчаб қолган қўшимча дақиқаларда Алибоев ўжарлик билан ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда бирдек ўйнайверди. Ҳамма футболчилар чарчоқдан қийналиб турган бир пайтда Алибоев қандай бўлмасин ҳаракат қилиб кўраман, деган ғалабага ташналиги сезилди. Ўйиндан кейин "Сеул" мураббийи Чой Йонг Су: «Ҳозир жамоамизга энг керакли нарса — қизғинлик, жўшқинлик. Ҳар бир ўйинга охирги ўйинга тушгандек тушиш керак», - деди. Корея майдонларида илк марта ўйнаётган Алибоев ҳам ўша қизғинликни яхши билиб турибди. Қайси хислатларини кўриб, сотиб олганини билмадигу, ҳозирча Чой Йонг Сунинг кўзлари алдамабди. Бундай фаол хорижлик футболчилар кўп эмас.
Отабек Йўлдошев тайёрлади.
Жанубий Корея, Сеул.