Маълум бўлишича, нотаниш ҳаваскор рассом бундан 6 йил олдин Лионель Месси келажагини тўғри «башорат» қилган экан.
У шунчаки, юлдуз футболчи сиймосини ўз картинасида кўрсатган. Албатта, бу бутун келажак эмас, биттагина лавҳа. Лекин бехато лавҳа!
Санъат - ҳаёт кўзгуси. Бу гап бежиз айтилмаган. Бироқ баъзан акс ҳолат кузатилади: нималардир санъат асаридан кейин реалликка айланади. Бангладешлик оддий талабанинг хаёлий тасаввури бунга яққол мисол.
Ҳаваскор рассом Суас Найян бундан 6 йил муқаддам Лионель Месси суратини чизган экан. У ўз ижодида аргентиналик бетакрор ижрочининг ўзига хос устун томонини ажойиб тарзда акс эттириришга уринган - «Барселона» юлдузи 10-рақамли футболкада ва у оқ-яшил тусли, вертикал чизиқли форма кийиб олган рақиблар тўдасидан ўзиб кетмоқда. Найян чизган бу сурат 2013 йили Plaantik номли фанатлар саҳифасида берилган. Қарангки, айни шу лавҳа жорий йил 17 март куни Испания чемпионати доирасидаги «Бетис» - «Барселона» ўйинида реалликка кўчди. Суратда акс эттирилган ҳолатнинг деярли ўзгинаси: Месси рақиблар қуршовида, улардан бири аргентиналикни футболкасидан тортиб қолишга уринмоқда. Леонинг қандай тарзда турганию, рақиблар эгнидаги либос ранглари - барчаси бир хил. Битта фарқи - рақиблар сонида. «Барса» етакчиси реал воқеликдан олинган суратда 4 нафар рақибидан ўзиб кетмоқда, рассом хаёлотида эса у 5 кишига қаршилик қилган. Гўёки, Лео узоқ Бангладешда қоғозга туширилган суратдан хабар топгану, Севильяда буни реал ҳаётда ҳам кўрсатишга урингандек... Дарвоқе, аргентиналик ҳужумчи «Бетис» билан ўйинда чиндан ҳам, идеал футбол намойиш этди - «хет-трик»ка эришди, жумладан, жарима нуқтасидан қойилмақом гол урди. Мессининг соқолини олдириб ташлаганига нима дейсиз? Бу ҳам суратга мувофиқликнинг бир ажиб нишонаси.
Айни пайт дизайнерлик компаниясига эгалик қилаётган Найяннинг айтишича, у «Бетис» - «Барселона» ўйинини тўлиқ томоша қилган, аммо Мессининг ҳолатига алоҳида аҳамият бермаган. Кейинроқ дўстларидан бири қўнғироқ қилиб, унга 6 йил аввал чизган сурати сценарийси такрорланганини айтган. «Албатта, ягона картинам менга шунчалик шуҳрат келтирганидан хурсандман, - деди кулимсираганча Найян. - Билишимча, уни Испания, Аргентина ва Ҳиндистон ОАВда чоп этишган. «Барселона» футболкаси жуда ёрқин, шунинг учун рақибларни оқ-яшил тусли формада акс эттиришга қарор қилгандим. Бундан мақсад - Мессининг яққол ажралиб туришини таъминлаш. Тўғриси, ўшанда айнан «Бетис» ҳақида умуман ўйлаган эмасман. Шунчаки, ранглар картинага мувофиқ тушишини ҳисобга олгандим. Умуман олганда, «Барселона» мухлисиман, аммо барча буюк футболчиларга алоҳида ҳурмат билан қарайман. Мисол учун, бундай картиналар сериясини яратишни режалаштиргандим. Хусусан, Криштиану Роналдунинг зарба бераётган ҳолати, Хавининг тўп узатаётган вазияти каби кадрларни ҳам қоғозга туширмоқчи эдим. Бироқ Месси суратини чизганимдан кейин ишларим кўпайиб кетиб, қолган картиналарга вақт ажратолмадим». Бангладешлик йигит энди яна уриниб кўрар балки. Ҳар ҳолда, унда ғоя бор...